Инаугурация 2.0

Шавкат Мирзиёев иккинчи бор президент лавозимини эгаллади. У Конституция ва Қуръони Каримга қўлини қўйган ҳолда қасамёд қилди.

Ўзбекистон Сенатининг янги биносида 6 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўз лавозимига киришишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Маълумки, 24 октябрда бўлиб ўтган Президент сайловида Шавкат Мирзиёев сайловчиларнинг 80,12% овозини қўлга киритиб, ғолиб бўлганди.

Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомходжаев Мирзиёевга Ўзбекистон Республикаси Президенти гувоҳномасини топширди. Сўнг Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Конституцияси ва Қуръони Каримга қўлини қўйган ҳолда қасамёд қилди.

«Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали қасамёд қиламан», — деди Мирзиёев.

Президент қасамёд қабул қилганидан сўнг унга президент белгиси ва штандарти топширилди.

Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбари лавозимидаги иккинчи муддати бошланди. Президент нутқ сўзлаб, унда янги Ўзбекистон қуриш режасини охирига етказишни вада қилди.

«Халқимиз билан бошлаган демократик ислоҳотлар йўлини янада қатъий давом эттирамиз ва бу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз!

Янги Ўзбекистонни биргаликда албатта барпо этамиз!

Асосий қомусимиз кафили сифатида Конституция ва қонунларимиз талабларини сўзсиз бажариш, «Инсон қадри учун» деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқариш бундан буён ҳам фаолиятимнинг бош мезони бўлиб қолади.

Албатта, инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз.

Инсон қадри деганда, биз ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришни тушунамиз», — деди Шавкат Мирзиёев (Kun.uz келтирган матн парчаси).