Forbes.kz: АҚШнинг Eldridge компанияси Қозоғистон нефть-газ лойиҳаларидаги «Лукойл» улушларини сотиб олади

lukoil.ru сайтидан олинган сурат

АҚШнинг Eldridge инвестиция компанияси Россиянинг «Лукойл» ширкатига тегишли Қозоғистондаги икки йирик нефть-газ лойиҳаси — Тенгиз ва Қорачиғаноқдаги улушларни сотиб олади. Бу ҳақда битим тафсилотларидан хабардор манбасига таянган ҳолда Forbes Kazakhstan хабар берди.

Нашр суҳбатдошининг маълум қилишича, битим «Лукойл»га тегишли бўлган «Тенгизшевройл»даги 5% ҳамда Қорачиғаноқ лойиҳасидаги 13,5% улушни ўз ичига олган. Манбанинг баҳолашича, келишувни тўлиқ ёпиш учун тахминан бир йил талаб этилиши мумкин.

Нашрнинг ёзишича, 26 ноябрь куни «Лукойл»нинг хорижий активларини сотиб олиш бўйича якуний келишув имзолангани маълум бўлди. Харидор сифатида халқаро консорциум иштирок этмоқда, унинг таркибига Eldridge’дан ташқари АҚШнинг Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (DFC), БААнинг Catena Investment Holding инвестиция компанияси ҳамда Xtellus Partners молиявий гуруҳи киради.

Гап «Лукойл» Россиядан ташқаридаги активларини бошқарадиган LUKOIL International GmbH компаниясини сотиб олиш ҳақида бормоқда. Битим акцияларни алмашишни назарда тутади: консорциум муомаласи чекланган «Лукойл» ОАЖ ва Россиянинг бошқа компаниялари акцияларини LUKOIL International GmbH’нинг 100 фоиз улушига алмаштириб беради.

Битимни ниҳоясига етказиш учун АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) ҳамда бошқа тартибга солувчи органларнинг розилиги талаб этилади. Унинг нархи расман очиқланмаган, бироқ Upstream нашри LUKOIL International хорижий бўлинмасини тахминан 20 миллиард долларга баҳоламоқда.

Қозоғистондаги активларнинг янги эгалари ихтиёрига ўтиши учун мамлакат давлат органлари билан алоҳида келишув талаб этилиши ёки йўқлиги ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда.

Forbes Kazakhstan изоҳ олиш учун Энергетика вазирлиги, «ҚазМунайГаз» ва «Тенгизшевройл» МЧШга мурожаат қилди. Энергетика вазирлиги аноним манбаларга асосланган маълумотларга изоҳ бермаслигини маълум қилди.

Қорачиғаноқ лойиҳасининг 10 фоизига эгалик қилувчи «ҚазМунайГаз»да аниқлик киритилиши билан «Лукойл» билан биргаликдаги қўшма лойиҳаларнинг кейинги амалга оширилиши ҳақида хабар беришларини билдиришди. Тенгиз кони оператори ҳисобланган «Тенгизшевройл» эса расмий изоҳ тайёрлашга ваъда берди. Forbes Kazakhstan «Лукойл» ОАЖга 11 ноябрь куни сўров юборган, бироқ хабар эълон қилинган вақтгача жавоб олмаган.

Қозоғистонда «Лукойл», Тенгиз ва Қорачиғаноқ лойиҳаларидаги улушларидан ташқари, Олмаота вилоятида сурков мойлари ишлаб чиқарувчи заводни бошқарадиган «Лукойл Лубрикантс Марказий Осиё» МЧШнинг 100 фоизига эгалик қилади. Бундан ташқари, 2023 йили «ҚазМунайГаз» ва «Лукойл» Каспий денгизининг Қозоғистон секторидаги Қаламқас-денгиз, Хазар ва Ауэзов ер қаъри участкаларини ўзлаштириш бўйича келишувлар тузган эди. Россия компаниясининг ушбу лойиҳадаги улуши 50 фоизни ташкил этади. Ушбу активлар ҳам битим доирасига киритилиши мумкин, бироқ бу маълумотнинг расмий тасдиғи ҳозирча йўқ.

Қозоғистонлик журналист Олег Червинский ўзининг Telegram-каналида таъкидлашича, «Лукойл»нинг хорижий активларининг янги эгаси тузилмасида АҚШнинг DFC давлат институтининг иштирок этиши Каспий минтақасидаги манфаатлар мувозанатини ўзгартиради, чунки Вашингтон «Марказий Осиё энергетика занжирида қўшимча институционал таъсир дастагига» эга бўлади.

«Амалдаги концессия муддати тугагач, 2033 йилдан кейинги лойиҳанинг бўлажак конфигурацияси бўйича ҳозирда олиб борилаётган музокараларни ҳисобга олсак, «Лукойл»нинг Тенгиз лойиҳасидаги улуши алоҳида қизиқиш уйғотади. Ҳукумат қатъий талаб қилиши мумкин бўлган ушбу улушни Қозоғистон томонидан тўғридан-тўғри сотиб олиниши улкан маблағни талаб этади, бундай маблағ эса «ҚазМунайГаз»да шунчаки йўқ. Бироқ америкаликлар бу улушни — масалан, «Тенгизшевройл»даги устунликни АҚШ компанияларида (Chevron ёки ExxonMobil) қолдиришга Қозоғистоннинг розилиги эвазига алмашишлари мумкин. Интрига ҳамон сақланиб қолмоқда», — дея қайд этади эксперт.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ