Қозоғистонда ижтимоий тармоқлар фаолияти қоидаларини кучайтириш, оммабоп блогерларни ўз шахсини ошкор қилишга мажбурлаш ва интернетдаги уятсиз сўзлар (сўкиниш) учун жазолашга тайёргарлик кўрилмоқда. Шу билан бирга, ҳукумат интернет-трафик устидан назоратнинг техник имкониятларини кенгайтирмоқда. Ҳукумат бу ўзгаришларни фуқароларни ноқонуний контентдан ҳимоя қилиш зарурати билан изоҳламоқда, бироқ ҳуқуқ ҳимоячилари цензура кучайиши ва сўз эркинлиги чекланишидан хавотирда.
18 ноябрь куни Қурултой (Қозоғистон парламенти) онлайн-платформалар, оммавий ахборот воситалари ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга дахлдор иккита тузатишлар пакетини биринчи ўқишда маъқуллади. Агар ҳужжатлар якуний тарзда қабул қилинса, ижтимоий тармоқлар мамлакатда ўз ваколатхоналарини очишга, йирик аккаунтлар эгалари шахсини тасдиқлашдан ўтишга мажбур бўлади, 16 ёшга тўлмаган болаларни эса аксарият онлайн-платформаларда рўйхатдан ўтказиш тўхтатилади. Ҳақоратли сўзлар ва сўкинишлар эълон қилганлик учун жарималар ва ҳатто маъмурий қамоқ жазоси қўлланилиши мумкин.
Қозоғистон Маданият ва ахборот вазирлиги маълумотларига кўра, 2026 йилнинг ўн ойи давомида онлайн-платформалар мониторинги чоғида ноқонуний деб топилган 128,5 мингта материал аниқланган. Уларнинг қарийб 70 фоизини ўчиришга муваффақ бўлинган. Расмийларнинг фикрича, қолган қисми амалдаги тартибга солиш механизмлари етарлича самарали эмаслигидан далолат беради.
Бироқ гап фақат янги қонунчилик чекловлари ҳақидагина бораётгани йўқ. 15 ноябрь куни, парламент овоз беришидан уч кун олдин, телекоммуникация тармоқларини марказлаштирилган бошқаришнинг янгиланган қоидалари кучга кирди. Улар интернет-трафикнинг давлат тизими орқали ўтишига бўлган талабларни, жумладан, мобиль алоқа операторлари ва хостинг-провайдерлар учун ҳам кенгайтиради.
Шу тариқа, Қозоғистонда бир вақтнинг ўзида интернет-платформаларга таъсир кўрсатишнинг ҳуқуқий механизмлари ва тармоқ инфратузилмасининг ишлаш техник шартлари ўзгармоқда. Масала шундаки, бу ўзгаришлар ҳақиқатан ҳам хавфли бўлган контентга қарши курашишда қанчалик ёрдам беради ва мустақил журналистлар, блогерлар ҳамда оддий фойдаланувчилар учун қандай оқибатларга олиб келади.
Беш минг обуначи борми — давлат реестрига марҳамат!
Энг кўп муҳокама қилинаётган янгиликлардан бири аудиторияси беш минг нафардан ортиқ бўлган оммавий ҳамжамиятлар фойдаланувчилари ва модераторларининг мажбурий шахсини аниқлаш (идентификация) бўлди. Бунинг учун махсус давлат реестри ташкил этилиши кўзда тутилган.
Эълон қилинган қонун лойиҳаси вариантида қайд этилишича, тегишли аккаунтлар эгалари ваколатли органга ўз шахсини аниқлаш имконини берувчи маълумотларни тақдим этишлари шарт бўлади. Хусусан, фамилияси, исми, отасининг исми, индивидуал ёки бизнес-идентификация рақами, шунингдек, рўйхати ҳокимият томонидан белгиланадиган бошқа маълумотлар шулар жумласидандир. Реестрга киритилгандан сўнг фойдаланувчилар ушбу маълумотларни ўз аккаунтларида кўрсатишларига тўғри келади.
Бироқ рўйхатга олиш айнан кимларга дахлдор бўлиши масаласи ҳозирча батамом ҳал этилмаган.
Парламент ишчи гуруҳи аъзоси, депутат Айдос Сарим Deutsche Welle нашрига берган интервьюсида тузатишларнинг дастлабки таҳрири ҳақиқатан ҳам барча оммабоп аккаунтлар эгаларига тааллуқли бўлганини айтди. Кейинчалик Қурултой аъзолари шахсини бошқа йўллар билан аниқлаш имконсиз бўлган аноним муаллифларга эътибор қаратишга қарор қилишган.
Саримнинг изоҳлашича, таниқли журналистлар, сиёсатчилар, санъаткорлар ва бошқа жамоатчилик вакилларининг шахси аллақачон аниқ, шу сабабли улар учун қўшимча рўйхатдан ўтиш ортиқчалик қилади. Аноним ресурслар эгалари ўзлари ҳақидаги маълумотларни ошкор қилишдан бош тортган тақдирда, депутат техник таъсир чоралари қўлланилиши мумкинлигини истисно этмади.
Шу билан бирга, қонун лойиҳаси матнида ҳамон аудиторияси беш минг кишидан ортиқ бўлган ҳамжамиятлар фойдаланувчилари ва модераторлари ҳақида кенгроқ ифода сақланиб қолмоқда. Шу сабабли, қонуннинг якуний матни пайдо бўлмагунча, рўйхатдан ўтиш мажбурияти фақат аноним муаллифларга тегишли бўлади деб таъкидлаб бўлмайди.
Ҳуқуқ ҳимоячилари яна бир муаммога эътибор қаратмоқда: қонун лойиҳаси материаллари Қозоғистон аҳолиси учун очиқ бўлган хорижий блогерларга янги талаблар тааллуқлими ёки йўқми деган саволга аниқ жавоб бермайди. Чет элдан туриб оммабоп аккаунтларни юритаётган Қозоғистон фуқаролари билан боғлиқ вазият ҳам ноаниқ.
Халқаро сўз эркинлигини ҳимоя қилиш жамғармаси «Әділ сөз» давлат реестри хавфсизлик нуқтаи назаридан тахаллуслардан фойдаланаётган муаллифлар учун қўшимча таҳдидлар келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Киберхавфсизлик бўйича мутахассис Александр Сиромятников шахсий маълумотларнинг сиздирилиши хавфига ишора қилмоқда. Унинг фикрича, бундай маълумотлар базасини яратишда маълумотларни сақлаш тартибини, улардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар доирасини ва аноним муаллифлар шахси ошкор бўлиб қолган тақдирда жавобгарлик масаласини олдиндан белгилаб олиш зарур.
Яна бир муҳим ўзгариш йирик онлайн-платформаларнинг Қозоғистонда юридик шахс шаклидаги расмий ваколатхоналарини очиш талаби бўлади.
2023 йилдан буён амал қилаётган «Онлайн-платформалар ва онлайн-реклама тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, Қозоғистондаги кунлик ўртача аудиторияси 100 мингдан ортиқ бўлган платформалар расмий идоралар билан ҳамкорлик қилиш учун қонуний вакил тайинлашга мажбур эди. Эндиликда давлат маҳаллий юридик иштирокнинг янада аниқроқ шаклини мустаҳкамламоқчи.
Маданият ва ахборот вазири Арман Қириқбоев бу ташаббусни халқаро технологик компаниялар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурати билан изоҳламоқда. Унинг сўзларига кўра, ноқонуний материалларнинг салмоқли қисми айнан хорижий платформаларда тарқалади, давлатнинг мавжуд имкониятлари эса уларни тезкорлик билан ўчиришга доим ҳам имкон бермайди.
Янги қоидалар ҳукуматга кўрсатмаларни тезроқ юбориш ва уларни бажармаганлик учун компанияларни жавобгарликка тортиш имконини бериши керак.
Шу билан бирга, қонун лойиҳаси 16 ёшга тўлмаган фойдаланувчиларни онлайн-платформаларда рўйхатдан ўтказишни тақиқлашни назарда тутади. Болаларнинг ота-оналари, қариндошлари ва ўқитувчилари билан мулоқот қилиши учун зарур бўлган тезкор хабар алмашиш хизматлари (мессенжерлар) бундан мустасно бўлиши таклиф қилинмоқда.
Шу билан бирга, ёшни текшириш механизми ва тақиқнинг қўлланиш чегаралари муҳокама мавзуси бўлиб қолмоқда. Янги қоидалар шахсий ёзишмалар, оммавий каналлар, видеоконтент ва таълим хизматларини ўзида бирлаштирган платформаларга нисбатан қандай ишлаши тўлиқ тушунарли эмас.
Сўкиниш, туҳмат ва судсиз нашрларни ўчириш
Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда уятсиз сўзлар ишлатганлик (сўкинганлик) учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши ҳам яна бир янгилик бўлиши мумкин.
Бунинг учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг майда безориликка бағишланган 434-моддасига ўзгартириш киритиш таклиф қилинмоқда. Ҳозирда унинг нормалари жамоат жойларида уятсиз сўзлар билан сўкинишни жавобгарликка тортишни назарда тутади. Тузатишлар тегишли нормани тўғридан-тўғри оммавий ахборот воситалари ва онлайн-платформаларга ҳам татбиқ этади.
Кўриб чиқилаётган лойиҳада 20 ойлик ҳисоб-китоб кўрсаткичи — 86,5 минг тенге (тахминан 190 доллар) миқдорида жарима жазоси кўзда тутилган. Муқобил сифатида 20 соатдан 60 соатгача бўлган жамоат ишлари ёки беш кундан ўн беш суткагача маъмурий қамоқ жазоси белгиланиши мумкин.
Шу билан бирга, лойиҳада бу каби ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар бериш ҳолатлари учун истисно назарда тутилган. Бироқ жамоат тартибини бузиш билан боғлиқ бўлмаган журналистик интервьюлар, бадиий асарлар, ҳажвий нашрлар ва тўғридан-тўғри иқтибослардаги ножўя ибораларга қандай баҳо берилиши савол остида қолмоқда.
Юристларнинг таъкидлашича, уятли сўзлардан фойдаланишнинг ўзи майда безориликни тўлиқ англатмайди. Тўғри малакалаш учун шароит ва контекст муҳим аҳамиятга эга. Ушбу тамойил интернетдаги нашрларга нисбатан қанчалик изчил қўлланилиши ҳозирча номаълум.
Қонунчилик пакети, шунингдек, онлайн-платформалардаги туҳмат учун жавобгарликка, раддияларни жойлаштириш тартибига ва фуқароларнинг тасвирларидан фойдаланишга ҳам дахлдордир.
Таҳририятлар учун ОАВни рўйхатга қўйишда ижтимоий тармоқларда фойдаланиладиган аккаунтларни мажбурий кўрсатиш таклиф этилмоқда. Бундан ташқари, давлат органларининг расмий жавоблари эълон қилинганда уларни махсус белгилаш талаб этилади.
Ҳуқуқ ҳимоячилари бу талабларнинг айримларини ортиқча деб ҳисобламоқда. Масалан, таҳририят ОАВ рўйхатдан ўтгандан сўнг очилган ҳар бир янги аккаунт ҳақида давлатни хабардор қилиши керакми ёки йўқми, бундай аккаунтнинг ҳисоб ҳужжатларида мавжуд эмаслиги журналистик материалларни тарқатишда чекловларга сабаб бўлиши мумкинми-йўқми — буниси ноаниқ бўлиб қолмоқда.
Шу билан бирга, «Әділ сөз» жамғармаси ахборот низолари иштирокчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид айрим тузатишларни ижобий баҳоламоқда. Шу тариқа, ташкилот томонидан билдирилаётган танқид бутун қонунчилик пакетига эмас, балки биринчи навбатда етарлича аниқ бўлмаган давлат назорати механизмларига қаратилган.
Энг жиддий хавотирларни ноқонуний контентни ўчириш бўйича ваколатларнинг кенгайтирилиши келтириб чиқармоқда.
Қозоғистонда ҳозир ҳам давлат органларига ноқонуний ахборотдан фойдаланишни чеклашни талаб қилиш имконини берувчи нормалар амал қилмоқда. Онлайн-платформалар тўғрисидаги қонун, хусусан, ноқонуний контент тарқатувчи аккаунтлар фаолиятини тўхтатиб туриш тўғрисидаги кўрсатмаларни ижро этишни назарда тутади. Болага нисбатан кибербуллинг деб топилган материалларни тегишли кўрсатма олингандан кейин 24 соат ичида ўчириш чораларини кўриш мажбурияти алоҳида белгиланган.
Янги тузатишлар платформаларнинг ноқонуний материалларни тезкорлик билан ўчириш бўйича янада кенгроқ мажбуриятларини назарда тутади ва бу ҳокимият талабларини бажармаганлик учун қўшимча маъмурий жавобгарлик билан мустаҳкамланади.
Муаммо шундаки, Қозоғистон қонунчилигида ноқонуний контент тушунчаси жуда кенг доирадаги материалларни қамраб олади. Унга нафақат зўравонликка, терроризмга чақириқлар, гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш ва фирибгарлик, балки миллатлараро тотувликни бузишга хизмат қилувчи маълумотлар, шунингдек, мамлакат давлатчилиги ва ҳудудий яхлитлигини шубҳа остига қўювчи баёнотлар ҳам киради.
«Әділ сөз» жамғармаси юристи Сергей Уткин ижроия органларининг кўрсатмаси бўйича нашрларни суд қарорисиз тезкор ўчириш ижтимоий аҳамиятга молик ахборотнинг чекланиши хавфини туғдиришидан огоҳлантирмоқда.
Унинг баҳолашича, давлат ижтимоий тармоқларга таъсир кўрсатиш имкониятларини босқичма-босқич кенгайтирмоқда. Агар оддий сайтни блоклаш техник жиҳатдан нисбатан осон бўлса, йирик халқаро ижтимоий тармоқдаги алоҳида постни ўчиришга эришиш анча мураккаб. Платформаларнинг қўшимча жавобгарлиги ана шу вазиятни ўзгартириши керак.
Ҳуқуқ ҳимоячилари материалларнинг ноқонунийлиги бўйича янада аниқ мезонларни белгилашни, қабул қилинаётган қарорларнинг шаффофлигини таъминлашни ва улар устидан шикоят қилишнинг самарали усулларини назарда тутишни таклиф қилмоқдалар. Хусусан, улар ижтимоий аҳамиятга молик таҳлилий, сиёсий ва ҳажвий нашрлардан фойдаланишни чеклашда суд назорати бўлиши тарафдори.
Қозоғистон ҳукумати эса, аксинча, ўзгаришлардан мақсад фуқароларни, биринчи навбатда вояга етмаганларни хавфли ва ноқонуний контентдан ҳимоя қилиш эканини таъкидламоқда. Маданият ва ахборот вазири Арман Қириқбоев расмийлар таҳририятлар фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки нашрларни ёпиш ниятида эмаслигини билдирмоқда.
Интернет давлат тармоқ тугуни орқали
Тузатишлар муҳокамаси билан параллел равишда Қозоғистон телекоммуникация тармоқларининг ишлаш тартибини ҳам ўзгартирмоқда.
15 ноябрь куни Миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан тасдиқланган телекоммуникация тармоқларини марказлаштирилган бошқаришнинг янгиланган қоидалари кучга кирди.
Марказлаштирилган бошқарув тизимининг ўзи бир неча йилдан буён мавжуд. Унинг вазифаси — тармоқ инфратузилмасининг бошқарув параметрларини бажаришни таъминлаш, жумладан, қонунчиликда назарда тутилган веб-ресурслардан фойдаланишни чеклаш чораларини амалга оширишдир.
Бироқ янги қоидалар ушбу тизим билан ҳамкорлик қилиши шарт бўлган иштирокчилар доирасини кенгайтиради. Хусусан, уяли алоқа операторлари абонентларнинг интернет-трафиги бошқарув тизимининг тегишли тугунлари орқали ўтишини таъминлаши лозим. Худди шундай талаблар ўз инфратузилмасида жойлаштирилган ресурсларга киришни таъминловчи хостинг-провайдерларга ҳам тааллуқлидир.
Онлайн-платформаларнинг кэшловчи серверлари — оммабоп контентни фойдаланувчиларга етказиб беришни тезлаштириш имконини берувчи ускуналар орқали трафикнинг ўтиши алоҳида тартибга солинади.
Тизимга техник хизмат кўрсатишни «Давлат техник хизмати» (ДТХ) АЖ амалга оширади. У уланиш шартларига риоя қилинишини назорат қилади, ускуналарнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини баҳолайди ва тизим иштирокчиларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди.
Exclusive.kz нашри аниқлаганидек, ускуналарнинг айрим таркибий қисмларига қўйиладиган талаблар «Хизматда фойдаланиш учун» грифи остидаги иловага чиқарилган. Шу сабабли тизимнинг барча техник имкониятларини ошкора баҳолаш мушкул.
Шу билан бирга, трафикнинг давлат тугунлари орқали йўналтирилишининг ўзи ҳокимият органлари ҳар қандай ёзишмаларни ўқиш ёки ҳимояланган алоқаларни дешифрлаш имкониятига эга бўлишини исботламайди. Бундай хулосаларга келиш учун қўшимча техник маълумотлар талаб этилади.
Бироқ трафик ўтиш схемасининг ўзгариши интернет-ресурслардан фойдаланишни чеклаш механизмлари учун аҳамиятлидир, чунки у марказлаштирилган инфратузилма қамровини кенгайтиради.
Бу борада Қозоғистоннинг Total.kz нашри билан боғлиқ воқеа яққол мисол бўлди. 2026 йил 12 сентябрда таҳририят Кўкжайлов мавзесида Almaty SuperSki тоғ-чанғи мажмуаси қурилишининг эҳтимолий экологик оқибатлари ҳақида материал эълон қилди. Журналистларнинг маълумотларига кўра, нашрдан сўнг давлат органи вакили мақолани вақтинча олиб туришни сўраган. Таҳририят буни рад этган.
Кўп ўтмай, Қозоғистоннинг бир қатор алоқа операторлари фойдаланувчилари учун сайт очилмай қолади. Шу билан бирга, у мамлакат ичидаги айрим тармоқлар орқали, шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистондан кириш учун очиқлигича қолади.
Маданият ва ахборот вазирлиги Total.kz нашрига нисбатан чекловлар киритмаганини маълум қилди. «Қазоқтелеком» ҳам техник блоклашлар қўлланганини инкор этди ва тегишли кўрсатмалар ёки суд қарорларини олмаганини билдирди.
12 октябрь куни нашрдан фойдаланиш имконияти тикланди. Сайтнинг айрим тармоқлар орқали қарийб бир ой давомида очилмай қолгани сабаби расман аниқланмади.
Шундай қилиб, бу воқеани исботланган давлат блокировкаси деб ҳисоблаб бўлмайди. Бироқ у мавжуд тизимда техник чекловлар манбасини аниқлаш ва тўлиқ тушунтириш олиш нақадар мураккаб эканини кўрсатади.
МХҚнинг янгиланган қоидалари ва парламент томонидан кўриб чиқилаётган тузатишлар иккита алоҳида қарор ҳисобланади. Улар ягона чора-тадбирлар пакети сифатида ишлаб чиқилганига оид далиллар йўқ. Шунга қарамай, ҳар иккала ҳужжат рақамли муҳитга давлат таъсири механизмларига дахлдор: биринчиси — тармоқ инфратузилмаси даражасида, иккинчиси — нашрлар мазмуни ва онлайн-платформаларнинг жавобгарлиги даражасида.
Ҳозирча тузатишлар фақат биринчи ўқишдан ўтди ва ўзгариши мумкин. Хорижий ва аноним муаллифларни идентификация қилиш, вояга етмаганларга чекловларни қўллаш, шунингдек, фойдаланувчиларни нашрларнинг асоссиз ўчирилишидан ҳимоя қилиш кафолатлари бўйича масалалар ҳали тўлиқ ҳал этилмаган.
Қозоғистон расмийлари учун асосий устувор йўналиш ноқонуний контентга қарши курашиш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш деб эълон қилинган. Журналистлар ҳамжамияти ва ҳуқуқ ҳимоячилари учун эса бош масала — ушбу вазифаларни бажариш билан давлатнинг ижтимоий аҳамиятга молик ахборот тарқатилишини чеклаш имконияти ўртасидаги чегара қаердан ўтишида қолмоқда.
-
23 Ноябрь23.11ВидеоРоссия мигрантларни йўқотмоқдами?Ўзбекистонликлар энди қаерларга ишлаш учун кетишмоқда | Би-би-си репортажи -
19 Ноябрь19.11Тоғларда бола туғишНима учун Қирғизистон ҳукумати баланд тоғли қишлоқларда яшовчи аёлларга фарзанд туғгани учун миллионлаб пул ваъда қилаётгани ҳақида -
19 Ноябрь19.11Америка орзусиТрамп даврида АҚШда ўзбекистонликлар қандай яшаётгани, миграция рейдлари, депортациялар ва виза беришдаги чекловлар ҳақида -
17 Ноябрь17.11Парта ортида тўққиз йилТожикистон пойтахти мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган текширув ўқитувчилар сони кўпайгани, аммо билим даражаси пасайганини кўрсатди -
16 Ноябрь16.11Рецепт бўйича атом«Росатом» Марказий Осиёда ядро тиббиётини қандай ривожлантираётгани ва лойиҳалар қайси босқичда экани ҳақида -
11 Ноябрь11.11Видео«Ахборот фастфуди»Россия тарғиботи қозоғистонликларга қандай таъсир кўрсатаётгани ҳақида



