2026 йил 14 ноябрида Афғонистон жанубидаги, тарихан «Толибон» ҳаракатининг ватани, маънавий маркази ва бош таянчи ҳисобланган Қандаҳор шаҳридаги вилоят ахборот ва маданият бошқармаси маҳаллий радиостанцияларга крикет ҳақидаги янгиликларни, ушбу спорт турига бағишланган барча мавзули эшиттиришларни ҳамда ўйинлар трансляциясини эфирдан олиб ташлашни буюрди.
Афғонистоннинг Hasht-e Subh нашри хабар беришича, тақиқ тўғрисидаги кўрсатмани толиблар маъмурияти оғзаки тарзда етказган, сабабларини эса ошкор қилмаган. Қизиғи шундаки, айнан ўша кунлари Афғонистон эркаклар терма жамоаси ўз уй сериясини ўтказаётган Шаржа шаҳрида Зимбабвега қарши майдонга тушаётган эди.
👉 Сиз эса Англиянинг жануби-шарқида қарийб XIV асрда пайдо бўлган ушбу қадимий спорт тури қандай қилиб Афғонистонда оммалашиб кетганини биласизми?
Кобулда крикет ўйини ҳақидаги илк маълумотлар Биринчи инглиз-афғон уруши даврига, яъни 1839 йилга бориб тақалади. 1839 йил 7 августда Британия-Ҳиндистон қўшинлари Кобулни эгаллаб, ўз иттифоқчиси бўлмиш Шоҳ Шужони тахтга ўтқазди. Шаҳарда гарнизон қолдирилиб, у 1842 йил январида қўзғолондан сўнг Кобулни тарк этди. Британиялик зобитлар ўша пайтдаги шаҳар чегарасидан ташқаридаги ҳарбий лагерда истиқомат қиларди. Крикет уларнинг бўш вақтларидаги одатий машғулотларидан бири эди.
Орадан бир ярим аср ўтиб эса замонавий афғон крикетининг ҳақиқий тарихи бошланди. Ва бу воқеа Покистонда юз берди. 1979 йилда совет қўшинлари киритилганидан сўнг у ерга кўплаб афғон оилалари қочиб ўтганди. Пешовар яқинидаги лагерларда улғайган болалар крикетнинг маҳаллий кўчабоп шаклини ўзлаштириб олгандилар. Чарм тўп ўрнига улар камроқ сакраши учун изолента билан ўралган теннис тўпидан фойдаланишар, биталарни эса ўзлари ясашарди.
Совет қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетганидан бир неча йил ўтиб, мамлакатда крикет расмий мақомга эга бўлди. 1995 йилда Афғонистон крикет федерациясини ташкил этганлар орасида Тож Малик ва Аллоҳ Дод Нурий ҳам бор эди. Тож Малик Пешовар яқинидаги Кача-Гари лагерида вояга етган. Нурий эса 2001 йил май ойида, толибларнинг илк бошқаруви давридаёқ илк хорижий ўйинлар учун Покистонга йўл олган жамоага сардорлик қилган. У The Guardian мухбирига берган интервьюсида ўша вақтда телевидение тақиқланган Афғонистонда ўйинларни радио орқали тинглашганини сўзлаб берган эди. Икки йил ўтиб, Кобулда миллий терма жамоаларга саралаш учун 14 та жамоа тўпланади. Иштирокчилар орасида Хўст ва Қандаҳордан келган ўйинчилар ҳам бор эди.
Халқаро мусобақаларда терма жамоа Жаҳон лигасининг бешинчи дивизионидан старт олади. 2008 йилда афғонлар Жерси оролидаги турнирда ғолиб чиқади, сўнгра Танзаниядаги тўртинчи дивизионда ва Аргентинадаги учинчи дивизионда зафар қучади. 2009 йилда жамоа расмий бир кунлик ўйинларда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади, 2015 йилда эса жаҳон чемпионатида дебют қилиб, у ерда илк ғалабасига — Шотландия устидан эришади. 2017 йилда Афғонистон Халқаро крикет кенгашининг (ICC) тўлақонли аъзосига айланади. Бир йил ўтиб терма жамоа Ҳиндистонга қарши илк тест-ўйинини ўтказади.
2023 йилги бир кунлик крикет бўйича жаҳон чемпионатида терма жамоа тўртта ўйинда, жумладан, Англия ва Покистон устидан ғалаба қозонган. 2024 йилда эса жамоа ўйиннинг қисқартирилган шакли — ҳар бир жамоага олтитадан тўп ошириладиган 20 тагача серия бериладиган T20 бўйича жаҳон чемпионатининг ярим финалига илк бор йўл олган. Ўша вақтга келиб афғон крикетида ички мусобақалар тизими шаклланиб улгурган эди: маҳаллий клубларнинг ўйинчилари вилоятлар жамоалари сафига кира оларди. 2026 йил июлида «Шпагиза» лигасининг финали илк бор Кобулдан ташқарида, Хўст шаҳрида бўлиб ўтган. Ўйинга жуда кўп томошабин йиғилган, деб ўшанда хабар берган эди Афғонистоннинг TOLOnews телеканали.
Ҳатто аёллар жамоалари ҳам мавжуд. 2021 йилда «Толибон» ҳаракати ҳокимиятга келганидан сўнг, мамлакатда аёллар ва қизлар учун спорт бутунлай тақиқланди. Таҳдидлардан қочиб, аксарият спортчи аёллар Афғонистонни тарк этди. Фото: BBC.
Аёллар крикети ҳам Покистондан кириб келган. У ердан қайтиб келган Диана Баракзай 2009 йилда жамоа тузfди ва бу жамоа уч йил ўтиб Душанбедаги турнирда ғолибликни қўлга киритfди. 2020 йилда Афғонистон крикет кенгаши 25 нафар спортчи аёл билан шартнома имзолайди. 2021 йилда толиблар ҳокимиятга қайтгач, улар ўз ватанида шуғулланиш ва ўйнаш имкониятидан маҳрум бўлади. Крикетчи аёлларнинг бир қисми Австралияга кўчиб кетади ва 2025 йил январида Мельбурнда ўртоқлик учрашуви ўтказади. 2026 йилда ICC ишчи гуруҳга афғон қочқин аёллари жамоаси 2030 йилга бориб саралаш турнирларида қатнаша олишини кўзда тутувчи режани тайёрлашни топширади.
Афғон журналистлари ўйинларни мунтазам ёритишни бошлаганларида, баҳсни ҳеч қачон кўрмаган тингловчиларга тушунарли бўлган сўзларни қидириб топишларига тўғри келган. Би-би-сининг пушту хизмати шарҳловчилари ҳакамни «ўйинни кузатиб турувчи шахс» деб аташган, майдондаги ўйинчининг жойлашувини эса тўп қайтарувчига нисбатан бурчак орқали тушунтиришган. Бу ибораларнинг бир қисмини кейинчалик Афғонистон крикет кенгаши ва бошқа оммавий ахборот воситалари ҳам қабул қилиб олган.
Мана энди эса Қандаҳор радиостанцияларига ўйинлар ҳақидаги ҳатто қисқа хабарларни ҳам эфирдан олиб ташлаш буюрилди.
-
11 Ноябрь11.11«Ўзбек футболчиларига дарҳол юқори савияда ўйнаб кетиш осонроқ»Самарқанднинг «Динамо» клуби мураббийи Фёдор Гаглоев — Ўзбекистонга қайтиши, Павлюченко ва Хусанов ҳақида -
11 Ноябрь11.11СуратТолиблар сақлаб қолишга ваъда бераётган саройОға Хон жамғармаси Кобулдаги қадимий Боло-Ҳисор қалъасини археология паркига айлантирмоқда -
10 Ноябрь10.11Тиканли сим ортидаги ХитойНима учун Пекин умумий чегарага эга бўла туриб, толиблар билан Марказий Осиё орқали савдо қилаётгани ҳақида -
09 Ноябрь09.11Хитой шаробиНима учун хитойликлар спиртли ичимликларни кўллар билан ўлчаши ва Фарғона узуми империянинг таъм дидини абадий ўзгартириб юборгани ҳақида -
05 Октябрь05.10Кутилганидан паст, аммо белгиланганидан юқориМарказий Осиё давлатлари-2026 Осиё ўйинларида қандай иштирок этгани ҳақида -
30 Сентябрь30.09Финляндия, Сингапур, CambridgeЎзбекистон мактаб ислоҳотини хорижий тажрибалар асосида қандай шакллантираётгани ҳақида



