2022 йилдаги кенг кўламли босқин бошлангунга қадар Россия Ўзбекистон фуқаролари учун асосий меҳнат бозори эди — мамлакатда барча соҳаларда банд бўлган бир миллиондан ортиқ фуқаро яшарди. Ўзбекистонликлар Россияга кўпинча оилавий бўлиб ишлагани келишарди: болалар рус мактабларида ўқир, кейинчалик эса фуқаролик ҳам олишарди. Аммо уруш бу воқеликни бутунлай ўзгартирди — Марказий Осиё давлатлари фуқароларини урушга фаол ёллаш бошланди, қонунлар кескин қатъийлаштирилди, жамиятда эса ксенофобия даражаси ошди.
Би-би-си видеолавҳасининг қаҳрамонлари — фарғоналик ҳисобчи Дилдора Мўминова ҳамда андижонлик Ҳамид Азизов бу ўзгаришларни ўз бошларидан ўтказишди. Уларнинг ҳар иккиси ҳам Россияда 20 йилдан зиёд меҳнат қилиб, 2022 йилдан кейин ишлаш учун Европага йўл олди.
Европа Иттифоқи мамлакатларида ўзбекистонлик мигрантларни нималар кутмоқда? У ерда меҳнат ҳуқуқлари бузиладими? Муҳожирлар Россия ва Европа ўртасида қандай фарқларни кўрмоқда? Европада ксенофобия борми ва нималардан эҳтиёт бўлиш лозим? Россиядаги меҳнат миграциясини қандай келажак кутмоқда?
Би-би-си ушбу саволларга жавоб излаб, Ўзбекистон ва Европа давлатларида бўлди ҳамда маҳаллий аҳоли, журналистлар ва тадбиркорлар билан суҳбатлашди.



