Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ёшларни китобхонликка ўргатиш мақсадида мамлакатда масжидлар ўрнига кутубхоналар қуриш зарурлигини таъкидлади, деб хабар беради «Интерфакс».
«Бир пайтлар бизда масжид қуриш урф бўлганди, мен эса кутубхоналар қуриш лозим деб ҳисоблайман», — деди у Москвадаги «Сунъий интеллект оламига саёҳат» конференциясида мактаб ўқувчилари ҳамда талабалар билан бўлган учрашувда.
Марказий Осиё республикаси етакчисининг сўзларига кўра, тез орада Остона ва Олмаотада кечаю кундуз ишлайдиган президент кутубхоналари ўз эшикларини очади.
«Нима бўлганда ҳам ёшларни мутолаага одатлантирмоқчиман», — деди Тўқаев ҳамда танқидий тафаккурни шунчаки «тугмачаларни босиш» орқали шакллантириб бўлмаслигини қўшимча қилди.
«Буларнинг барчасига фақат мутолаа йўли билан эришиш мумкин. Ахир китоб ўқишни ҳали ҳеч ким бекор қилгани йўқ. Менга: “Нималар деяпсиз, сунъий интеллект даврида “Уруш ва тинчлик”ни, “Баҳор тошқинлари”ни ёки Чехов пьесаларини ўқиш — умуман тушунарсиз ҳол”, дейишади. Мен эса бунинг аксини таъкидлайман. Дарвоқе, бир тажриба ўтказилди: ChatGPT дан “Уруш ва тинчлик” ҳақида сўрашганда, у ҳозир урф бўлганидек summary — атиги 25 саҳифалик қисқа мазмунини тақдим этди. Ундан: “Ахир бу асар 600 бетдан иборат, “Уруш ва тинчлик” эмас-ку?”, деб сўралганида, у — қолгани муҳим эмас, дея жавоб берди. Бу эса, очиғини айтсам, хавфли даражадаги соддалаштиришдир», — дея фикр билдирди давлат раҳбари.
Мулоқот давомида Тўқаев ижтимоий тармоқларнинг ёшларга кўрсатаётган таъсирига ҳам тўхталиб ўтди. Хусусан, у TikTok ни «инсон миясини ўлдирадиган даҳшатли нарса» деб атади.
«Ҳозир ҳамма смартфондан фойдаланади, аммо негадир уни фақат қўнғироқлар, ёзишмалар, эҳтимол қандайдир фильмлар кўриш… ва TikTok учун мўлжалланган деб ўйлашади. TikTok эса — бу инсон, айниқса, ёшлар миясини маҳв этадиган даҳшатли нарсадир», — дея Тўқаевнинг сўзларини келтиради РИА Новости.
Шу билан бирга, президент интернет тармоғи мавжуд бўлса, ҳатто қишлоқ жойларда ҳам смартфон ёрдамида даромад топиш мумкинлигини таъкидлади. Унинг фикрича, бу каби имкониятларни ўрганиш аҳолига мустақил пул ишлаш ҳамда ҳукумат қарорларига қарам бўлиб қолмаслик имконини беради.
Қозоғистон етакчиси Россия президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 25–26 ноябрь кунлари амалий ташриф билан Москвада бўлди. Сафар доирасида Кремлда музокаралар бўлиб ўтди (шу жумладан етакчиларнинг норасмий учрашуви ҳам ташкил этилди), 26 ноябрь куни эса Тўқаев Путин билан биргаликда «Сбербанк» томонидан уюштирилган AI Journey 2026 халқаро сунъий интеллект конференциясида иштирок этди.



