«Ҳаётим сизнинг қўлингизда эди»

Чеченистонлик фаол Мансур Мовлаевнинг Олмаотадаги тергов ҳибсхонасидан йўллаган видео мурожаати

19 ойдан бери ҳибсда сақланаётган ва ҳозирда Олмаотадаги тергов изоляторида қолаётган чечен фаоли Мансур Мовлаев видеомурожаат ёзди. 26 ноябрь куни видеони Қозоғистоннинг мухолифатдаги БАСЕ канали эълон қилди. Ёзув қачон амалга оширилгани номаълум — яқинда ҳуқуқ ҳимоячилари Мовлаевнинг Россияга экстрадиция қилиниши эҳтимоли борлигини маълум қилган эди.

Видеода фаол Қозоғистон Бош прокуратураси ва судлари ҳимоя томонининг важларини, шунингдек, БМТ Қўмитасининг Россияга топширилган тақдирда унга қийноқлар ва судсиз қатл қилиниш хавфи борлиги ҳақидаги огоҳлантиришларини эътиборсиз қолдирганини таъкидлади.

«Афсуски, Бош прокуратура бунга далил топмаганини билдирди. Шунингдек, уларга дипломатик кафолатлар берилганини айтишди... Аммо агар бу кафолатлар иш берганида, Салман Тепсуркаев ва ертўлалару қамоқхоналарда қийноққа солиниб, ўлдирилган юзлаб бошқа чечен йигитлари ҳозир тирик бўларди», — деди фаол.


Мовлаевнинг сўзларига кўра, у Россияга қайтарилган тақдирда ўлим кутаётганига шубҳа қилмаяпти. «Гап фақат буни қандай амалга оширишлари ва қандай талқин қилишларида. Балки ҳарбий ҳаракатларга шартнома имзолашга мажбурлашар, амалда эса қаердадир ўлдириб, бедарак йўқолди дейишар. Ёки ўз жонига қасд қилди дейишар — яқиндаги уринишларимдан сўнг буни шундай кўрсатиш улар учун осон бўлади», — дея баёнот берди у (жорий йилнинг сентябрь ойида Қозоғистонда экстрадиция қамоғида бўлган Мовлаев икки марта ўз жонига қасд қилишга уринган эди — «Фарғона» изоҳи).

Мовлаев ишини кўриб чиқишда иштирок этган прокурор ва судьяларга алоҳида мурожаат қилди.

«Мен бу прокурорлар ва судьялар — айниқса менга: “Сен шаҳид бўласан-ку”, деган инсон ушбу видеони кўришини хоҳлайман. Улар учун инсон ҳаёти ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Лекин Қиёмат куни ҳаммаси учун жавоб беришингизга тўғри келади (...) Ҳаётим сизнинг қўлингизда эди, Яратган уни сизга ишониб топширган эди. Аммо сиз ўз билганингизни қилдингиз», — дея таъкидлади у.

Мурожаати якунида фаол Қозоғистонда уни қўллаб-қувватлаётган инсонлардан миннатдор эканини ва қозоқ халқига ҳеч қандай эътирози йўқлигини айтди. Шу билан бирга, у ҳатто умрбод қамоқ жазосини англатса ҳам, мазкур республикада ҳибсда қолишни афзал кўришини билдирди.

Мансур Мовлаев — Рамзан Қодиров режимига қарши чиқувчи «Адат» мухолифат ҳаракати иштирокчиси. 2020 йилда фаол Россия Федерациясида гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний муомаласи бўйича айбланиб, судланган бўлиб, ҳуқуқ ҳимоячилари бу ишни сохталаштирилган деб атайдилар. Шартли равишда муддатидан илгари озод қилинганидан сўнг, Мовлаев чечен хавфсизлик кучлари томонидан бир неча бор ўғирлаб кетилган ва қийноқларга дучор бўлган. Унинг қариндошлари ҳам таъқибга учраган.

Фаол Қирғизистонга, у ердан эса Қозоғистонга қочишга муваффақ бўлган. Бу орада Россияда унга нисбатан экстремизм бўйича иш қўзғатилиб, федерал қидирув эълон қилинган. 2025 йилнинг май ойида фаол Москванинг сўровига биноан Олмаотада ҳибсга олиниб, экстрадиция қамоғига жойлаштирилган. Мовлаев Қозоғистондан қочқин мақомини олишга ҳаракат қилган, бироқ унга рад жавоби берилган.

Ўтган қишда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси фаолнинг шикоятини рўйхатга олиб, мурожаат кўриб чиқилгунга қадар Қозоғистонни уни Россияга экстрадиция қилишдан тийилишга чақирган эди. Октябрь ойида Қўмита Қозоғистон ҳукуматига фаол Мансур Мовлаев иши бўйича шошилинч таъминлаш чоралари ўз кучида қолаётганини эслатиб ўтди.



ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ