Европа Иттифоқи экспертлари Марказий Осиё мамлакатларида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни баҳолади

Европа Иттифоқи 2025 йилда дунёнинг турли мамлакатларида инсон ҳуқуқлари ва демократия билан боғлиқ вазият ҳақида ҳисобот тайёрлади. Ҳужжатда Марказий Осиё давлатлари бўйича ҳам ҳисоботлар ўрин олган бўлиб, уларда мазкур соҳадаги вазият, шунингдек, республика ҳукуматларининг Европа Иттифоқи экспертлари билан ушбу йўналишдаги ҳамкорлигининг асосий жиҳатлари ёритилган.

Қозоғистон

Мутахассислар мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни бир хил эмас, деб баҳолаган. Бир томондан, ўтган йили бир қатор ислоҳотлар эълон қилинган. Масалан, бир палатали парламентга ўтиш ёки кассация инстанциясини Олий суддан ажратиш каби ўзгаришлар назарда тутилади. Бунда мазкур ўзгаришлар ҳокимият томонидан «Адолатли Қозоғистон» ва «инсонларнинг фикрига қулоқ соладиган давлат»ни барпо этиш концепциясининг бир қисми сифатида тақдим этилди.

Бошқа томондан, салбий ҳолатлар ҳам кузатилган. Жумладан, фуқаролик жамияти имкониятларини қонунчилик орқали чеклаш, мустақил оммавий ахборот воситаларига босим ўтказиш, нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) устидан назоратни кучайтириш каби ҳолатлар ҳуқуқий ноаниқлик муҳитининг юзага келиши ва ўзини ўзи цензура қилиш ҳолатларининг кучайишига олиб келган. Бундан ташқари, ЛГБТ ҳаракати вакилларининг ҳуқуқлари чекланган, айниқса йил охирида ноанъанавий жинсий муносабатлар тарғиботини тақиқлаш тўғрисидаги қонун қабул қилинганидан сўнг бу ҳолат янада кучайган.

Қирғизистон

Европалик таҳлилчилар фикрича, ҳисобот даврида мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмонлашишда давом этган. Бунга мамлакат раҳбарияти томонидан қабул қилинган қарорлар сабаб бўлган. Хусусан, 2025 йил август ойида оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун қабул қилиниб, унга кўра барча ОАВ рўйхатдан ўтиши шартлиги ва медиалойиҳаларда хорижий иштирок улуши 35 фоиздан ошмаслиги белгиланган. Шунингдек, медиа контенти устидан назорат кучайтирилган, бу эса журналистларни сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилиш ҳолатларига олиб келган. Бундан ташқари, ҳокимият Қийноқларнинг олдини олиш миллий марказини ёпиб, уни Омбудсман тасарруфига ўтказгане.

Қирғизистонда коррупция жиддий муаммо бўлиб қолмоқда, Коррупцияга қарши стратегия эса танлаб қўлланилмоқда. Миллий озчилик вакиллари ҳамда ЛГБТ вакиллари камситишга дуч келмоқда, дин тўғрисидаги янги қонун эса виждон ва эътиқод эркинлигини чеклаб, диний жамоалар ҳуқуқларини торайтирмоқда.

Шу билан бирга, ижобий жиҳат ҳам бор: Конституциявий суд аёллар ва болаларга қарши оғир жиноятлар учун ўлим жазосини жорий этиш таклифини рад этди. Бироқ, қарор ҳукумат ташаббусига қарши жамоатчиликнинг жиддий қаршилигидан сўнг қабул қилинган.

Тожикистон

Мазкур давлатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият «мураккаб» деб баҳоланган. Кузатувчилар журналистлар хавфсизлиги, фикр билдириш эркинлиги, шунингдек, аҳолининг айрим гуруҳлари, хусусан, асосан Афғонистондан келган аёллар ва қочқинларнинг заиф ҳолати билан боғлиқ чекловларни қайд этган.

Экспертлар маълумотларига кўра, ОАВ вакиллари ҳибсга олиниб, кейинчалик узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм қилинган. Журналистлар намойишларни ёритгани ёки ҳокимиятни танқид қилгани учун суд қилинган камида еттита ҳолат маълум. Мухолифат вакиллари ва ҳуқуқ ҳимоячиларига ҳам босим ўтказилган. Тоғли Бадахшон фаолларининг аҳволи ҳам қониқарсиз бўлиб, улар «жиноятчилар ва экстремистлар» деб аталган ҳамда узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Экспертлар айрим ижобий ўзгаришларни фақат оиладаги зўравонликка қарши кураш ва пенитенциар тизим фаолиятида қайд этган. Бироқ, ҳисобдорлик механизмлари тўлиқ шаклланмагани сабабли ушбу йўналишларда сезиларли тараққиёт ҳақида ишонч билан гапириш қийин.

Туркманистон

Бу республикадаги вазиятни Freedom House ташкилотининг «Дунёда эркинлик» рейтингида мамлакатга мумкин бўлган 100 баллдан 1 балл бергани яққол кўрсатиб турибди. Мамлакатда ОАВ эркинлиги, фикр билдириш ва йиғилишлар ўтказиш эркинлиги чекланган, диний ҳаракатлар ва ЛГБТ ҳамжамиятларига нисбатан тазйиқлар мавжудлигидан хавотирлар билдирилган. Маҳбусларга нисбатан қийноқ қўлланган ҳолатлар ҳам маълум. Барча фуқаролиги бўлмаган шахслар муаммоси бартараф этилгани расман тан олинганига қарамай, Туркманистон хорижда яшаётган ватандошларига паспорт беришни рад этишда давом этаётгани қайд этилган.

Таҳлилчилар ижобий жиҳатлар қаторида гендер тенглиги масалаларини ҳал этишдаги ўзгаришлар ва Туркманистон ҳукуматининг мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича Халқаро меҳнат ташкилоти билан фаол ҳамкорлигини тилга олган.

Ўзбекистон

Европа Иттифоқи вакилларининг таъкидлашича, 2025 йилда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва демократия соҳасидаги вазият изчил ёмонлашган, деярли барча йўналишларда ортга кетиш кузатилган. Жумладан, «расмий ислоҳотлар»га қарамай, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар чеклангани, фикр билдириш ва тинч йиғилишлар эркинлиги бостирилгани, журналистлар, блогерлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари жиноий таъқибга учрагани қайд этилган.

Халқаро экспертлар янги қонунларнинг бир қатор қоидаларини ҳам танқид қилган. Гап ёпиқ суд мажлисларида олинган маълумотларни ошкор қилишни жиноят сифатида белгилаш, ННТларнинг хорижий молиялаштириш бўйича ҳисобот бериш мажбуриятларини кучайтириш ва бошқа чоралар ҳақида бормоқда.

Шу билан бирга, таҳлилчилар ижобий жиҳатларни ҳам қайд этган. Масалан, Ўзбекистон Орхус конвенциясига қўшилган ва ҳаво сифатини яхшилаш бўйича махсус чора-тадбирларни қабул қилган, болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаган. Гендер тенглиги соҳасида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилган: никоҳни бекор қилиш жараёнида ярашиш муддати бекор қилинган, оналар ўлими кўрсаткичларида ижобий динамика қайд этилган, парламентда хотин-қизлар вакиллиги оширилган.

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Россия матбуоти «нато» снарядлари туфайли Қозоғистонга ҳужум қила бошлади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор

  • YouTubeда тинчлик даврида ҳалок бўлган қозоғистонлик аскарлар ҳақида фильм эълон қилинди