1930 йиллари Қозоғистон даштлари ХХ асрнинг энг катта демографик фалокатларидан бирини бошдан кечирди. Ашаршылык — «Улкан очарчилик» — турли ҳисоб-китобларга кўра, бир ярим миллиондан икки миллионгача одамни ёки ўша пайтдаги қозоқ аҳолисининг учдан бир қисмининг ёстиғини қуритганди. Тарихчиларнинг фикрига кўра, фақат 1921 йилдан 1954 йилгача бўлган сиёсий қатағон йилларида Қозоғистонда юз мингга яқин одам судланган, улардан йигирма беш минги қатл этилган. Мамлакат бўйлаб ўн битта Гулаг лагерлари, жумладан, Карлаг ва Алжир (Акмолинский лагерь жён изменников Родины) – Ватан хоинлари рафиқаларининг Акмола лагерлари фаолият юритган. Бу мавҳум тарих эмас: деярли ҳар бир қозоқ оиласининг мазкур йилномада ўз саҳифаси бор.
31 май расман Қозоғистонда сиёсий қатағон ва очарчилик қурбонларини хотирлаш куни ҳисобланади. 2026 йили президент Қосим-Жомарт Тўқаев бу сафар ватандошларига атиги учта хатбошидан иборат хабар билан мурожаат қилди. Биринчи жумлада президент «ўтган асрнинг биринчи ярмидаги сиёсий қатағон қурбонлари»ни тилга олди — Совет Иттифоқи ёки бу қатағонларни амалга оширганлар ҳақида ҳеч нарса айтмади — ва бу мавзуга қайтмади. Иккинчи ва учинчи хатбошилар 15 мартдаги конституциявий референдумга, «Адолат, Қонун, Ватанпарварлик, Меҳнасеварлик ва Табиатни севиш тамойиллари» (барчаси бош ҳарф билан ёзилади — асл нусхада шундай), фан, юқори технологиялар, маданият ва кўнгиллиликнинг ривожланишига бағишланган. Мурожаат қуйидаги сўзлар билан якунланди: «Мен мамлакатимизни ёрқин келажак кутаётганига аминман».
Президентнинг Қозоғистон халқига қилган «мурожаати» матнида Қозоғистон даштларида айнан нима содир бўлганлиги ёки бунинг учун ким тарихий жавобгар экани ҳақида бирорта ҳам рақам, бирорта ҳам исм ёки бирорта ҳам сўз келтирилмаган.
Келинг, ушбу мурожаатни аввалги йиллардаги шу куни айтилган сўзлар билан таққослаб кўрамиз.
2025 йили Тўқаев шахсан АЛЖИР ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрган ва узун нутқ сўзлаган. «Сталин қатағонлари жамиятимизнинг энг билимли ва илғор қатламини йўқ қилди», деб The Astana Times сайти президент сўзларидан иқтибос келтиради. «Минглаб одамлар «халқ душмани» деб эълон қилинди, шафқатсиз қийноқларга солинди ва судсиз ёки терговсиз қатл этилди».
2025 йили Тўқаев қатағоннинг аниқ қурбонларини ҳам тилга олганди: Алихон Бокейхонов, Ахмет Байтурсинов ва Сакен Сейфуллин. У «тоталитаризмнинг миллионлаб бегуноҳ қурбонларининг муқаддас хотираси» ҳақида гапирди ва «ўша даврдаги ғайриинсоний ва асосини ёзувлик ташкил этган давлат сиёсатини ҳечам оқлаб бўлмайди», деб гапирганди.
2023 йили Тўқаев Twitterда «тоталитаризм жиноятлари халқимизнинг ўзини англашида чуқур из қолдирди» ва «ўтмишнинг даҳшатли сабоқларини ўрганиш ҳар биримизнинг бурчимиз» эканини ёзди.
2021 йили, Оқўрда сайтида чоп этилган матнга кўра, у Ашаршылыкни «глобал миқёсдаги гуманитар фалокат» ва «миллат генофондига улкан зарар етказган» фожиа дея атаган.
Тарихий хотира нуқтаи назаридан анча мазмунли ва ҳурматга сазовор бўлган аввалги хабарлари билан солиштирганда, 2026 йилги мурожаат янада ғалати кўринади. Бундан ҳам муҳими, у сайтда фақат матн сифатида — ёдгорликка шахсан ташриф буюрмасдан, маросимсиз, қурбонларнинг исмларисиз нашр этилган. Бугунги кунда Қозоғистон президенти ўзини минимал оммавий имо-ишоралар билан чеклади.
Ушбу хотира санасининг асосчиси Нурсултон Назарбоев ўзига кўпроқ маълумот беришга ҳаракат қилганди. 2017 йили АЛЖИР ёдгорлигида сўзлаган нутқида у аниқ рақамларни келтирганди: «103 000 киши ҳибсга олинган, 25 000 киши қатл этилган, бир миллиондан ортиқ одам лагерларга жўнатилган» ва «тахминан икки миллион киши очликдан ўлган», — дея хабар берганди Sputnik Казахстан. 2018 йилда Азаттиқ радиоси томонидан ёзиб олинган нутқида у «жаҳон тарихида камдан-кам учрайдиган демографик йўқотишлар» ва Совет коллективизацияси «халқнинг эволюцион ривожланишига халақит бергани» ҳақида гапирган. Бу бошқача риторик анъана эди — унда давлат тарихий хотирани шунчаки безак сифатида эслатиб туриш эмас, балки унинг қўриқчиси ролини ҳам ўз зиммасига олганди.
Шу фонда, бир йил олдин — 2025 йилда, худди шу АЛЖИР ёдгорлиги олдида турган Тўқаевнинг ўзи айтган ибораси диққатни тортади: «Сиз доимо ўтмишда яшай олмайсиз. Сиз ўзингизни қурбон менталитетидан халос қилишингиз керак, чунки доимо орқага қараб яшаш — заифлик белгисидир», деб унинг сўзларини Азаттиқ радиоси келтирганди. Ўша пайтда бу фалсафий чекинишга ўхшарди. Унинг 2026 йилдаги нутқи Тўқаевнинг «хотира заифлиги» ҳақидаги тезисининг амалий тимсоли сифатида қабул қилинади.
Бу риторик ўзгаришни унинг геосиёсий контекстини ҳисобга олмасдан тушуниш қийин. Қозоғистон ҳали ҳам Голодоморни расман геноцид деб тан олмаган, гарчи тарихчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, мамлакат Совет коллективизацияси натижасида бошқа ҳар қандай миллатга қараганда ўзининг туб аҳолисининг катта қисмини йўқотган. 2025 йил кузида Остона мэрияси пойтахтдаги ёдгорлик лавҳасида «Голодомор» сўзини жимгина нейтралроқ «очарчилик» билан алмаштирди. Расмий тушунтириш — «икки тиллиликни таъминлаш» — ўзини оқламади: қозоқча «ашаршылык» сўзи маъно жиҳатидан «Голодомор»га яқинроқ. Озодлик ва «Азаттиқ радиолари таҳлилчилари бу ҳаракатни Остонанинг Москвани ғазаблантирмаслик истагининг намоён бўлиши сифатида баҳоладилар, чунки Москва Совет очарчилигини халқларни қириб ташлашнинг қасддан қилинган сиёсати сифатида тан олишга қаратилган ҳар қандай уринишга қатъий қарши. 2026 йил февраль ойида россиялик шарҳловчилар агар Остона Ашаршылык масаласини сиёсийлаштиришда давом этса, Қозоғистонга «Украина сценарийси» билан очиқчасига таҳдид қилишганди.
Шу нуқтаи назардан, рақамлар, исмлар ёки тарихий хусусиятларсиз учта параграф услубий бепарволик ҳам, тасодифий ҳам эмас. Бу ҳали ҳам нимани эслаб қолиш кераклигини эслайдиган, аммо энди уни қай баланд овозда эълон қилишни билмайдиган давлат тили.
Қосим-Жомарт Тўқаев аланглаб қараётган Россия ҳукумати нафақат мамлакатнинг тарихий ўтмишини унутибгина қолмай, балки ўтмишдаги даврлар рамзларини ҳам тирилтирмоқда. 2026 йил 30 май куни — Қозоғистондаги қатағон қурбонларини хотирлаш куни арафасида — журналист Михаил Зигар Der Spiegelдаги рукнида Россияда 1991 йили бузиб ташланган Феликс Дзержинский ҳайкалини Лубянка майдонига қайтариш бўйича сиёсий қарор қабул қилинганини ёзди. ВЧК(Бутунроссия фавқулодда комиссияси-тарж.изоҳи) асосчисининг ҳайкали ҳозирда ФХХ (ФСБ) эгаллаб турган бинога, ўша жазоловчи маҳкаманинг ворисига қайтади.
2026 йил 19 апрелда Томск расмийлари 1992 йилда очилган Сталин қатағонлари қурбонларига бағишланган «Қайғу тоши» ёдгорлик майдонини булдозер билан бузиб ташладилар. Шу билан бирга, қатағон қилинган латвияликлар, литваликлар, эстонлар, поляклар ва қалмиқлар учун ёдгорлик белгилари йўқотилди. «Агентство» маълумотларига кўра, бу Россия тарихида биринчи марта Совет террори қурбонларига бағишланган бутун ёдгорлик мажмуаси — нафақат битта бино, балки бутун ҳиёбон бузиб ташланганди.
Бир неча кун олдин Россия Олий суди «Мемориал»ни экстремистик ташкилот деб эълон қилди. 1989 йилда Андрей Сахаров иштирокида ташкил этилган энг қадимги Россия инсон ҳуқуқлари ташкилоти «Мемориал» Гулаг қурбонлари тақдирини ҳужжатлаштириш, қатл этилганлар маълумотлар базаларини юритиш ва дафн этилган жойларни қидириш билан ўттиз йил вақт сарфлаган.
Ушбу қарордан сўнг дарҳол Давлат Думаси депутати Андрей Луговой Лубянка майдонидаги Соловецкий тошини — биринчи Совет меҳнат лагеридан олиб келинган ва 1990 йили у ерга ўрнатилган гранит тошни — ва мамлакат бўйлаб 1500 дан ортиқ бошқа ёдгорликларни «экстремизм ва сепаратизмни оқлаш воситаси» эмаслигини текширишга чақирди.
Шу билан бирга, Россияда Сталин ҳайкаллари сони ўсишда давом этмоқда: «Агентво» маълумотларига кўра, биргина 2025 йили камида ўн учта янги ҳайкал ўрнатилган, бу мамлакатдаги ёдгорликларнинг умумий сонини 110 тадан оширади. 2025 йили Москва метросида Сталиннинг бронзадан ясалган ҳайкали пайдо бўлди.
Айнан шу нуқтаи назардан, Тўқаевнинг сукут сақлаши қўшимча маънони касб этади. Қозоғистон — Совет геноциди даврида ўз аҳолисининг учдан бир қисмини йўқотган мамлакат сифатида бугун тарихий хотирани методик равишда ўчириб ташлаётган давлатга нисбатан геосиёсий эҳтиёткорлик билан мувозанат ушлашга мажбур.
-
16 Февраль16.02Оловли, қизил ва гўзалҚандай қилиб от хитойликлар тавимида бебаҳо ҳайвонга айлангани ҳақида -
02 Февраль02.02Замонга мослаб қайта ёздиларҚозоғистонда янги Конституцияни қабул қилишга тайёргарлик кўрилмоқда -
21 Январь21.01Булбул гул ишқида ёнгани кабиМарказий Осиё мамлакатларига МҲО хавфи борми? -
22 Декабрь22.12СуратТокио драйвиЯпония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади -
22 Декабрь22.12Бегона стандартРоссия матбуоти «нато» снарядлари туфайли Қозоғистонга ҳужум қила бошлади -
18 Декабрь18.12Олтовлон учун сакэМарказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор



