Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Ермек Кошербаев ва Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Кая Каллас Каспий қувурлари консорциуми (КҚК) орқали энергетика ресурсларини етказиб бериш истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Телефон орқали мулоқот 13 август куни бўлиб ўтди. Томонлар энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалалари ва энергетика ресурсларини етказиб бериш бўйича халқаро инфратузилмани, жумладан, КҚКни янада ривожлантиришга эътибор қаратди, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Кошербаев ва Каллас икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалалар, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, шунингдек, бўлажак икки томонлама ва кўп томонлама учрашувлар жадвалини муҳокама қилди.
Суҳбат якунлари бўйича томонлар шерикликни янада мустаҳкамлаш ва истиқболли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини тасдиқлади.
Сўнгги ҳафталарда Кошербаев европалик ҳамкасблари билан музокараларда КҚК мавзусини бир неча бор кўтарган. 8 август куни у Греция Ташқи ишлар вазири Георгиос Герапетритис билан КҚК атрофидаги вазият ва углеводородларни ташишнинг глобал йўналишлари барқарорлиги масалаларини муҳокама қилди. Томонлар нефть ташиш йўналишининг барқарор ишлаши эркин ва хавфсиз денгиз қатнови тамойилларига риоя қилинишига боғлиқ эканини таъкидлади.
Бундан икки кун аввал, 6 август куни Кошербаев Руминия Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Оана Цойу билан телефон орқали мулоқот ўтказди. Дипломатлар КҚК атрофидаги вазиятни ҳам муҳокама қилиб, унинг инфратузилмаси ва Европага энергетика ресурсларини етказиб бериш хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳаракатларни қоралади.
Аввалроқ Каспий қувурлари консорциумининг денгиз терминали акваториясида танкерлар бир неча бор дронлар ҳужумига учраган эди. Бунинг оқибатида нефть юклаш ишлари вақтинча тўхтатилди, Қозоғистон эса углеводород қазиб чиқариш ҳажмини камайтиришга мажбур бўлди.
12 август куни Financial Times манбаларга таяниб, АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнснинг тегишли илтимосидан сўнг Украина Новороссийскдаги КҚК терминалидан фойдаланаётган танкерларга зарба беришни тўхтатгани ҳақида хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, Киев КҚК инфратузилмасига, шунингдек, Россияга тегишли бўлмаган ва Украина санкциялари остида бўлмаган ҳамда Россия нефти ёки юкларини ташимайдиган кемаларга ҳужум қилмасликка рози бўлган.
ℹ️ Каспий қувурлари консорциуми Қозоғистоннинг учта йирик кони — Тенгиз, Қашаған ва Қорачиғаноқдан қазиб олинадиган нефтни Новороссийск яқинидаги денгиз терминалига етказиб беришни таъминлайди. 2025 йилда КҚК орқали қарийб 70,5 миллион тонна нефть ташилган. Бу ҳажмнинг 75 фоиздан ортиғи хорижий юк жўнатувчилар ҳиссасига тўғри келган. Энг йириклари орасида «Тенгизшевройл» (Chevron), ExxonMobil, «ҚазМунайГаз», Eni ва Shell бор.



