Марказий Осиё туризм соҳасининг ўсиш суръатлари бўйича жаҳон етакчисига айланди

zamon.uz сайти фотосурати

2025 йил якунларига кўра, Марказий Осиё туризм соҳасининг ўсиш суръатлари бўйича энг юқори кўрсаткичларни қайд этиб, кўплаб мезонлар бўйича 13 та минтақавий гуруҳга ажратилган бошқа давлатлардан ўзиб кетган. Бу ҳақда Жаҳон саёҳат ва туризм кенгаши (World Travel & Tourism Council, WTTC) ҳисоботида айтилган.

Халқаро ташкилот «Марказий Осиё» гуруҳига тўртта давлатни — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонни киритган. Ушбу давлатлар бўйича асосий кўрсаткичлар алоҳида келтирилмаган, рақамлар фақат умумий кўрсаткичларни акс эттиради. Туркманистон статистикаси эса рейтингни шакллантиришда умуман ҳисобга олинмаган.

Ҳисобот даврида республикалар туризм соҳасини фаол ривожлантирди ва бу минтақага ўсиш кўрсаткичларининг аксарияти бўйича етакчиликни таъминлади. Хусусан, соҳанинг ялпи ички маҳсулотни шакллантиришдаги ҳиссаси 17,7 фоизга, хорижий сайёҳларнинг харажатлари эса 26,4 фоизга ошган.

Фақат биргина туризм соҳасига инвестициялар ўсиши бўйича Марказий Осиё учинчи ўринни эгаллаган. Бу кўрсаткич бўйича минтақа Жанубий Осиё ва Яқин Шарқдан ортда қолган.

Таъкидланишича, бу ҳолатда айнан ўсиш динамикаси ҳисобга олинган, реал кўрсаткичлар бўйича эса, аксинча, Марказий Осиё аутсайдер ҳисобланади. Бу кўп жиҳатдан гуруҳлар таркибидаги давлатлар сони билан боғлиқ, чунки мазкур гуруҳга собиқ Совет Иттифоқининг тўртта республикаси киради. Таққослаш учун, «Кариб ҳавзаси мамлакатлари» тоифасига 23 та давлат ва ҳудуд киритилган.

Жумладан, таҳлилчилар баҳосига кўра, ўтган йили Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётига туризм соҳасининг жами ҳиссаси 20,1 миллиард долларни ташкил этган. Рейтинг етакчиси — Шимолий Америка давлатларида эса бу кўрсаткич 3 триллион доллардан ошган.

Ёки, масалан, сайёҳларнинг сафарлар давомидаги харажатларини олайлик. Бу кўрсаткич бўйича ҳам Марказий Осиё 9,9 миллиард доллар билан сўнгги ўринни эгаллаган. Биринчи ўрин эса «Европа Иттифоқи» гуруҳига тегишли — иттифоқ давлатларида сайёҳлар 619 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфлаган.

WTTC экспертлари, шунингдек, келгуси ўн йилликда соҳанинг ривожланиши бўйича прогнозни ҳам тақдим этган. Кутилаётганидек, рақобатчиларнинг ўсиши фонида Марказий Осиё кўрсаткичларининг ўсиш суръатлари секинлашади. Бир неча йилдан сўнг минтақа барча тоифаларда, жумладан, ўсиш суръатлари рейтингларида ҳам етакчиликни қўлдан бой беради. Яқин Шарқ, Жанубий Осиё ва Шимоли-шарқий Осиё етакчилик қилади.

  • Марказий Осиё мамлакатларига МҲО хавфи борми?

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Россия матбуоти «нато» снарядлари туфайли Қозоғистонга ҳужум қила бошлади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор