Чимкентлик эркак талабани ўлдиргани учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Нурай Серикбай. otyrar.kz фотосурати

Шимкент шаҳри ихтисослаштирилган туманлараро жиноят ишлари судида 21 ёшли Нурай Серикбайнинг ўлими билан боғлиқ жамоатчилик эътиборидаги иш бўйича ҳукм чиқарилди. Жиноятда 28 ёшли Шерхан Аймахан айбдор деб топилиб, унга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бу ҳақда Orda.kz хабар берди.

Аймахан Қозоғистон Жиноят кодексининг бирданига учта моддаси бўйича айбдор деб топилди: 125-1-модда («Никоҳга мажбурлаш»), 115-1-модда («Сталкинг») ва 99-модда 2-қисми 5-банди («Ўта шафқатсизлик билан содир этилган қотиллик»).

Умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосидан ташқари, суд Аймахандан жабрланувчилар фойдасига маънавий зарарни қоплаш учун 25 миллион тенге (тахминан 54 минг доллар) ва моддий зарар учун яна 5 миллион тенге (тахминан 11 минг доллар) ундиришга қарор қилди.

Давлат айбловчиси Мадияр Абилкасимов ҳам аввалроқ суддан Аймаханга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни сўраган эди.

Нурай Серикбай 2026 йил 11 январь куни кечқурун Шимкентда ота-онасининг уйи яқинида ўлдирилган. Қотилликда гумон қилинган Шерхан Аймахан икки кундан сўнг шаҳардан тахминан 10 километр узоқликда қўлга олинган.

ОАВ маълумотларига кўра, эркак аввал Нурайга турмуш қуришни таклиф қилган, бироқ рад жавобини олган. Шундан сўнг у қизни ўғирлаб кетган. Қариндошлари Нурайни уйига қайтариб, полицияга мурожаат қилган, аммо уларнинг аризаси бўйича жиноят иши қўзғатилмаган. Яқинлари, шунингдек, Аймахан узоқ вақт давомида Нурайни таъқиб қилиб келганини айтган.

Тергов маълумотларига кўра, қотиллик содир этилган куни эркак Нурайга 35 марта пичоқ урган, қиз воқеа жойида вафот этган.

Қотиллик кенг жамоатчилик эътиборини тортди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Шимкент полициясининг ҳаракатларини текширишни топширди. Шундан сўнг шаҳар полиция департаменти бошлиғи ва унинг биринчи ўринбосари лавозимидан озод қилинди, бир қатор полиция ходимларига нисбатан эҳтимолий хизмат вазифаларига совуққонлик билан ёндашиш факти бўйича тергов бошланди.

Февраль ойида тергов айбловни ўта шафқатсизлик билан содир этилган қотиллик моддасига қайта малакалади. 30 апрель куни суд-психиатрия экспертизаси Аймаханни ақли расо деб топди. Ёзда иш судга оширилди. Нурайнинг оиласи учала модда бўйича айбловларни сақлаб қолишни талаб қилди ва судланувчига умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланишини сўради.

Аймаханнинг ўзи айбини тан олмаган. Суд жараёнида у фожиа содир бўлган куни Нурай гўё биринчи бўлиб унга пичоқ билан зарба берганини, шундан кейин аффект ҳолати туфайли содир бўлган воқеаларни эслай олмаслигини таъкидлаган. Бироқ, судя Самиддин Темиралиев ушбу версия билан судланувчининг тергов босқичида берган кўрсатмалари ўртасида зиддиятлар борлигига эътибор қаратган.

Таъкидлаш жоиз, жиноят Қозоғистонда аёлларни таъқиб қилиш ва ўғирлаш учун жавобгарлик кучайтирилган бир пайтда содир этилди. 2025 йилда президент Қосим-Жомарт Тўқаев таъқиб қилиш ва никоҳга мажбурлаш мақсадида одам ўғирлаш — «келин ўғирлаш» учун жиноий жавобгарликни жорий этувчи қонунчиликка ўзгартишларни имзолаган эди.