Қозоғистонда суд одамларни Украинадаги урушга ёллаган шахсга нисбатан ҳукм чиқарди

Қозоғистонда суд Орал шаҳрида яшовчи шахсни одамларни Украинадаги урушга ёллагани учун саккиз йилга озодликдан маҳрум қилди, деб хабар беради «Мой город» нашри.

Ғарбий Қозоғистон вилояти суди матбуот хизмати маълумотларига кўра, эркак 2025 йил февраль ойидан июль ойигача одам ёллаш билан шуғулланган. У мунтазам равишда Россияга бориб, у ерда қуролли тузилмалар вакиллари билан алоқа ўрнатган. Қозоғистонга қайтгач, фронтга юбориш учун потенциал иштирокчиларни, жумладан, кам таъминланган фуқаролар орасидан номзодларни қидира бошлаган.

Ёлловчи номзодларга жанговар ҳаракатларда иштирок этгани учун молиявий мукофот ваъда қилган. Гап 2,5 миллиондан 3 миллион рублгача бўлган бир марталик тўлов, ҳар ой тахминан 200 минг рубл миқдорида пул таъминоти, шунингдек, Россия паспортини тезлаштирилган тартибда олишга кўмаклашиш ҳақида борган.

Суд жараёнида судланувчи айбини қатъиян рад этиб, ҳеч кимни урушда қатнашишга тарғиб қилмаганини таъкидлаган. Бироқ, айблов томони нафақат гувоҳлар ва жабрланувчиларнинг кўрсатмалари, балки катта ҳажмдаги рақамли маълумотларни ҳам тақдим этган. Экспертлар томонидан гумонланувчининг мобиль телефонидан олинган ёзишмалар одам ёллаш фактини тўлиқ тасдиқлаган.

Суд эркакнинг ҳаракатларини одам ёллаш ва одам ёллашга уриниш тўғрисидаги моддалар билан (Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 24-моддаси 3-қисми, 170-моддаси 1-қисми) квалификация қилган. Жазо тайинлашда суд унинг ёш фарзанди борлигини ҳисобга олган, бироқ жиноятлар рецидиви оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланган.

Натижада суд енгилроқ жазони оғирроқ жазо билан қамраб олиш тартибида судланувчини саккиз йилга озодликдан маҳрум қилган ва маҳбус жазони ўртача хавфсизлик колониясида ўтайди.

Суд қарори ҳозирча қонуний кучга кирмаган ва ундан шикоят қилиш мумкин.

Қозоғистон ҳукумати аввал ҳам бир неча бор республика фуқароларини Украина ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда иштирок этган тақдирда, ўз ватанида жиноий таъқибга дуч келиши ҳақида огоҳлантирган. Улар хорижий давлат ҳудудидаги қуролли можароларда иштирок этганлик ва ёлланма аскарлик учун судланади. Ҳуқуқ ҳимоячилари маълумотларига кўра, ўтган йили Қозоғистонда бундай ҳолатлар бўйича бир неча юзта жиноий иш қўзғатилган.

Ўтган кузда «Хочу жить» фонди Украинада Россия бўлинмалари таркибида жанг қилган ва ҳалок бўлган қарийб 270 нафар қозоғистонликдан иборат рўйхатни эълон қилганди. Фонд маълумотларига кўра, ҳалок бўлганларнинг аксарияти мотоқўролли полклар ва бригадалар таркибида хизмат қилган.

  • Марказий Осиё мамлакатларига МҲО хавфи борми?

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Россия матбуоти «нато» снарядлари туфайли Қозоғистонга ҳужум қила бошлади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор