Москвада генерал Кирилловнинг ўлдирилиши иши бўйича Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди

ИГОРЬ КИРИЛЛОВ ва унинг ўлимида гумонланаётган ўзбекистон фуқароси. «Фарғона» коллажи

Россия Қуролли кучларининг радиация, кимёвий ва биологик ҳимоя қўшинлари бошлиғи Игорь Кириллов ва унинг ёрдамчиси Илья Поликарпов ҳалок бўлган теракт юзасидан Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди. Бу ҳақда Россия Федерацияси Тергов қўмитаси хабар берди.

Қўлга олинган 29 ёшли шахс Москва вилоятининг Балашиха шаҳар округига қарашли Черное қишлоғида топилган. Baza Телеграм каналига кўра, унинг исми Аҳмад Қурбонов.

Тергов қўмитасидаги сўроқда Ўзбекистон фуқароси Украина махсус хизматларига ёлланганини айтган. Уларнинг кўрсатмасига кўра у Москвага келган ва у ерда қўлбола портловчи мосламани олган ва уни Рязань проспектида Игорь Кириллов яшаган турар-жой биносига кираверишда турган электр скутерга жойлаштирган.

Генерал яшаш жойини кузатиш учун у автомашинани ижарага олган ва унга видеокузатув камерасини ўрнатган. Камера тасвирларни Днепрдаги теракт ташкилотчиларига узатиб турган. 17 декабрь куни эрталаб Кириллов ва Поликарпов подъезддан чиққанида портловчи қурилма масофадан туриб ишга туширилган.

Теракт ижрочисига 100 минг доллар пул мукофоти ва Европа давлатларидан бирининг паспорти ваъда қилинган.

«Коммерсантъ» манбаларига кўра, терактда икки нафар гумонланувчи шахс бўлган, уларнинг иккаласи ҳам қўлга олинган. Иккинчи шахс ҳақида хабар берилмаган. Тергов қўмитаси террорчилик, қотиллик ва ноқонуний қурол савдоси моддалари бўйича иш очган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Толибларга қарши мухолифат етакчилари мамлакат келажаги борасида турлича фикр билдирди

  • Машҳур санъаткорнинг Жапаров олдида ўзини қандай тутгани Қирғизистонда ҳокимиятга сиғиниш ва сиёсий ўзгаришлар ҳақидаги баҳсларга сабаб бўлди

  • Марказий Осиёдан мингдан ортиқ спортчи Японияда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларида иштирок этади

  • Муҳим минераллар, сунъий интеллект — «Марказий Осиё — Корея» форматидаги учрашувда яна нималар муҳокама қилинди?