Халқаро ташкилотлар Бухоро вилоятида қуёш электр станциясини қуриш учун 159 млн доллар ажратади

sputniknews.uz сайти фотосурати

Халқаро молия корпорацияси (IFC) Бухоро вилоятида 250 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станцияси (ФЭС) ва 63 МВт қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизимини қуриш учун 53 млн доллар миқдорида кредит ажратади. Яна 106 млн доллар кредитлар Осиё тараққиёт банки (ОТБ), Нидерландия корхоналарни ривожлантириш банки (FMO) ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) томонидан ажратилади. Бу ҳақда IFC матбуот хизмати хабар берди.

Бухоро вилоятида қуёш электр станциясини қурувчи Abu Dhabi Future Energy Company PJSC (Masdar) ва Ўзбекистон ҳукумати кредиторлар билан кредит шартномалари пакетини имзолади.

«Ушбу лойиҳа натижасида 75 000 га яқин уй хўжаликлари ишончли тоза электр энергиясидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади», — деб таъкидлайди IFC.

Молиявий пакетга Жаҳон банки томонидан тақдим этилган 12 млн доллар миқдоридаги банк кафолати ҳам киритилган. У Ўзбекистон ҳукуматининг лойиҳа бўйича электр энергияси етказиб берувчиси олдидаги молиявий мажбуриятларини бажариш имкониятини таъминлайди.

ФЭС қурилишини Масдар компаниясига қарашли Nur Bukhara Solar МЧЖ лойиҳалаш компанияси амалга оширади. У қуёш электр станцияси ва энергия сақлаш тизимини ривожлантириш, молиялаштириш, қуриш, бошқариш, фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатиш учун жавобгардир.

Лойиҳа компанияси Ўзбекистон Миллий электр тармоқларини икки томонлама электр энергиясини сотиб олиш шартномаси бўйича 25 йил муддатга электр энергияси билан таъминлаш мажбуриятини олади, бу шартномада электр энергиясини сақлаш тизимини 10 йил давомида ишлатиш мажбуриятлари ҳам бор.

ℹ️ Masdar БААнинг тоза энергия бўйича етакчиси ва қайта тикланадиган энергия бўйича дунёдаги энг тез ривожланаётган компаниялардан биридир. У 2021 йил 27 августда ишга туширилган Ўзбекистонда биринчи қуёш электр станциясини Навоий вилоятининг Кармана туманида қурди. Унинг қуввати 100 МВт. Кейин Masdar республикада яна бир қанча қуёш электр станциялари лойиҳаларини амалга оширди.

Masdar 2022 йил декабрь ойида Бухоро вилоятининг Олот туманида қуёш электр станциясини қуриш бўйича тендерда ғолиб чиққан эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?