Россия ва Тожикистон Ташқи ишлар вазирлари мигрантлар масаласини муҳокама қилишди

Сергей Лавров ва Сирожиддин Мухриддин. mid.ru сайти фотосурати

30 апрель куни Россия Ташқи ишлар вазири тожикистонлик ҳамкасби Сирожиддин Мухриддинга қўнғироқ қилиб, Россия Федерациясига кириш чоғида чет эл фуқароларини текшириш кучайтирилганини муҳокама қилди. Бу ҳақда Россия ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

«Тожикистон томонига Россия хизматлари томонидан РФ қонунчилигига мувофиқ терроризмнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида қўшимча батафсил тушунтиришлар берилди», — дейилади хабарда.

Лавровнинг таъкидлашича, Россияга келаётган хорижлик фуқароларни синчковлик билан текширишга асосий сабаб 22 март куни Москва яқинидаги «Крокус Сити Холл» концерт залида содир этилган теракт бўлган. Вазир кўрилаётган чора-тадбирларнинг вақтинчалик эканини алоҳида таъкидлаб, улар муайян миллат ёки динга қарши эмаслигини таъкидлаган. Назорат пунктларидаги вазият аста-секин нормал ҳолатга қайтмоқда.

«Томонлар Россия-Тожикистон ўртасидаги давр синовидан ўтган стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларига эҳтиёткорона ёндашиш, уларнинг ижобий динамикасини сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш зарурлиги тўғрисида якдил бўлди», — дейилади Россия ТИВ хабарида.

Бир кун аввал, 29 апрель куни Тожикистон томони Россия томонига норозилик нотасини топширган эди, унда «Россия Федерацияси ҳудудида Тожикистон Республикаси фуқароларига нисбатан кескин салбий муносабат кўплаб намоён бўлаётгани, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кенг миқёсда бузилаётгани юзасидан жиддий хавотир билдирилган».

Тожикистон ТИВ маълумотларига кўра, сўнгги пайтларда юзлаб Тожикистон фуқаролари назорат-ўтказиш пунктлари ва Москва аэропортларида қолиб кетган ва Россия ҳудудига киритилмаяпти. Улардан баъзилари кўп соатлаб кутишдан сўнг киритиляпти, айримлари депортация қилиняпти.

Тожикистоннинг «Азия-плюс» нашри мухбирлари 29 апрель куни Москвадан учиб келаётган самолётни кутиб олиш учун Душанбе аэропортига келган. Самолёт РФдан депортация тамғаларини олган 90 дан ортиқ Тожикистон фуқароларини етказиб келган. Бироқ бунинг сабаби одамларга тушунтирилмаган.

Москва рейси йўловчиларидан бири 26 ва 27 апрель кунлари Душанбедан Москвага учганлар депортация қилинганини маълум қилган.

«Биз учиб келдик, ҳужжатларимизни олишди, бармоқ излари, оғиз сўлагидан намуна ола бошлашди. Деярли уч кун ўша ерда бўлдик, бизга ҳеч нарса тушунтиришмади, кейинчалик бизни Россияга киритмасликларини ва яна Душанбега қайтариб юборишларини билдик», — дейди Тожикистон фуқароси.

Унинг қўшимча қилишича, у Россияда қарийб 20 йилдан бери ишлаб келади ва ҳеч қачон бундай ҳолатга дуч келмаган, уни камдан-кам кўчада тўхтатишган, энди эса «ҳе йўқ, бе йўқ депортация қилишган».

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ