Бишкек Москва полицияси ходимларининг қўпол муомаласи юзасидан Россия ТИВга нота юборди

ҚИРҒИЗИСТОН ТИВ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Россия Ташқи ишлар вазирлиги қирғиз томонидан Қирғизистоннинг Москвадаги элчихонаси маслаҳатчисига нисбатан полициянинг ноқонуний ҳатти-ҳаракати юзасидан расмий нота олди. Бу ҳақда РФ элчихонаси консул маслаҳатчиси Андрей Бурьевой ҚР ТИВ консуллик бошқармасида бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди, деб хабар беради Қирғизистон дипломатик маҳкамаси матбуот хизмати.

«Учрашувда Қирғизистон томони Россия Федерацияси ички ишлар органлари ходимларининг 1961 йилги «Дипломатик муносабатлар тўғрисида»ги Вена конвенцияси қоидаларини қўпол равишда бузган ҳолда Қирғизистон Республикасининг Москвадаги элчихонаси маслаҳатчиси оила аъзоларига нисбатан ҳаракатларидан хавотир билдирди» — дейилади хабарда.

Қирғизистон ТИВ Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан аккредитациядан ўтган дипломатик миссия ходимларига нисбатан бундай хатти-ҳаракатларини номақбул деб атади. Вазирлик Россия расмийларидан воқеани ҳар томонлама текширишни ва айбдорларни имкон қадар тезроқ жавобгарликка тортишни талаб қилди.

Ўз навбатида Бурьевой Москвада қирғизистонлик дипломат билан содир бўлган воқеадан афсусда эканини билдирган. Унинг сўзларига кўра, Россия ТИВга топширилган нота асосида текширув ўтказилмоқда, унинг натижалари ҳақида Қирғизистон томонига хабар берилади.

ℹ️ Воқеа 8 апрель куни содир бўлган. «ВЧК-ОГПУ» Telegram-канали маълумотига кўра, икки полициячи Қирғизистон элчихонаси маслаҳатчиси Манас Жўлдошбековнинг Нижегородская кўчасидаги хонадони эшигини бузиб кирган, қўполлик билан миграция учёти бланкасининг йиртиб олинадиган қисмини талаб қилишган.

«Дипломат ва унинг оила аъзолари ўзларининг дипломатик паспортлари ва дипломатик карточкаларини тақдим этганидан кейин ҳам полиция ходимлари миграция рўйхатидан ўтганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим этишни агрессив тарзда талаб қилишда давом этишган, бунинг натижасида дипломат рафиқасига тан жароҳати, унинг вояга етмаган фарзандларига руҳий шикаст етказилган», — деб ёзади Telegram-канал.

Қирғизистон парламенти Жогорку Кенеши депутати Дастан Бекешев Манас Жўлдошбеков билан боғланган ва у босқинчилик юз берганини тасдиқлаган.

«Худога шукур, ҳеч ким жабрланмаган, бироқ нохуш воқеа юз берганди. Агар улар элчихона ходимларига шундай муомала қилишаётган бўлса, иммунитетга эга бўлмаган фуқароларга нисбатан нима қилишларини тасаввур ҳам қила олмайман», — деб ёзди Бекешев Х (собиқ Twitter) саҳифасида.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда ҳарбий марш бўлиб ўтди

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди