«Алга Каракалпакстан» партияси етакчиси Ўзбекистон президентига тажовуз қилишда айбланди

Аманбай Сагидуллаев. Ижтимоий тармоқдан олинган фотосурат

«Алга Каракалпакстан» партияси етакчиси Аманбай Сагидуллаев ва Қозоғистоннинг Манғистау вилояти қорақалпоқ этник-маданий бирлашмаси раиси Ниетбай Уразбаев битта жиноий иш доирасида айбланувчига айландилар. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот котиби Азиз Абидов маълум қилди.

Иш Қорақалпоғистон суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан очиқ режимда кўриб чиқилмоқда.

Аманбай Сагидуллаев (1967 йили туғилган) Ўзбекистон Жиноят кодексининг беш моддаси бўйича айбланмоқда:

👉 104 («Баданга қасддан оғир шикаст етказиш»);

👉 158 («Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш»);

👉 159 («Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз»);

👉 244 («Оммавий тартибсизликлар»);

👉 244-1 («Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш»).

Ниетбай Уразбаев (1969 йили туғилган) 158-моддадан ташқари худди шу моддалар бўйича жиноят содир этганликда айбланмоқда.

«Жиноят-процессуал кодексининг 410-моддаси (суд муҳокамасида судланувчининг иштироки) га асосланиб, судланувчилар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлганлиги ва уларни судга келтириш имкони йўқлиги сабабли ушбу жиноят иши бўйича суд муҳокамаси А. Сагидуллаев ва Н. Уразбаевнинг иштирокисиз ўтказилмоқда», —дея тушунтирди Абидов ва суд жараёни якунида ушбу иш бўйича батафсил маълумот беришни ваъда қилди.

ℹ️ Сагидуллаев Норвегияда яшайди. У Ўзбекистонни 2011 йилда тарк этган. Аввалига Қирғизистонга бориб, у ерда беш йил бошпана сўраган, 2016 йили эса Норвегияга кўчиб ўтган ва у ерда қочқин мақомини олган. У суверен республикани Ўзбекистондан ажратиш тарафдори бўлган «Алга Каракалпакстан» мухолифат партиясини бошқаради.

ℹ️ Уразбаев асли Қорақалпоғистоннинг Хўжайли шаҳридан. У Қозоғистон фуқароси, «Аллаяр жоли» қорақалпоқ этник-маданий бирлашмасига раҳбарлик қилади, Қозоғистон халқлари ассамблеясига аъзо. 2022 йил октабрь ойида Ўзбекистон ҳукумати уни Нукус воқеалари иши бўйича қидирувга берган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил июль ойи бошида Қорақалпоғистонда Ўзбекистон Конституциясига республика суверенитетидан маҳрум қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилишига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтган эди. Тартибсизликлар пайтида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, 300 га яқин киши, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбийлар яраланган.

Намойишлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Нукусга келиб, мазкур тузатишларни бекор қилишни талаб қилганидан сўнг якунланди.

Июль воқеалари бўйича жами 171 киши айбланмоқда. Ноябрдан мартгача иккита суд жараёни бўлиб ўтди, унда айбланувчилар 3 йилдан 16 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди, баъзиларига нисбатан эса бир неча йилга озодликни чеклаш жазоси қўлланилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ