Ўзбекистон аҳолисига НКМК ва Uztelecom акциядорлари бўлишига рухсат берилади

«Фарғона» коллажи

Ўзбекистон аҳолисига илк бор Навоий кон-металлургия комбинати (НГМК) ва Uztelecom каби корхоналарнинг акциядорлари бўлиш таклиф этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 март куни давлат мулкини хусусийлаштириш ишларининг ижроси ва бу борада жорий йилги режалар муҳокамаси юзасидан йиғилишда айтиб ўтди.

Жисмоний шахслар 2 фоизга яқин акцияларни нафақат юқорида қайд этилган компаниялардан, балки Ўзбекистон металлургия комбинати, Миллий банк, «Саноатқурилишбанк» («Ўзсаноатқурилишбанк»)дан ҳам бевосита харид қилишлари мумкин бўлади. Умуман олганда, «халқчил IPO» орқали Ўзбекистоннинг 40 та йирик корхона ва банкларидаги давлат улушини сотиш режалаштирилган.

Акциялари сотилган корхоналар беш йил давомида соф фойдасининг камида 30 фоизи дивиденд тўлашга йўналтиради.

«Халқчил IPO» 24 мартда тасдиқланган янги хусусийлаштириш дастурининг йўналишларидан бирига айланади. Қолган икки йўналиш — акциялар ва кўчмас мулкни сотиш бўйича.

Жорий йилда 1000 та корхонанинг давлат улушлари сотувга чиқарилади. Ўтган йиллар тажрибаси бундай чоранинг самарадорлигини кўрсатди. Масалан:

👉 узоқ йиллар ишламаган Андижон тажриба синов заводи негизида 18 миллион доллар инвестиция ҳисобига тўқимачилик корхонаси ташкил этилиб, мингта иш ўрни яратилган, 40 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган;

👉 Қўқон суперфосфат заводини хорижий инвестор олиб, 40 миллион доллар инвестиция киритган, ишлаб чиқариш ҳажмини 4 бараварга оширган.

👉 «Ипотека банк» 324 миллион долларга ва «Кока-кола» компаниясидаги давлат улуши 252 миллион долларга сотилгани ҳам охирги йиллардаги энг йирик битимлар бўлган.

Бу борадаги ишлар ҳамма жойда ҳам бир маромда кетмаяпти. Масалан, Тошкент вилоятида 112 та объект сотилиб, уларнинг негизида 150 та тадбиркорлик субъекти ва мингдан зиёд янги иш ўрни пайдо бўлган. Лекин Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё ва Сирдарёда ўтган йили савдога чиқарилган мулкларнинг 30 фоизи ҳам сотилмаган. Тармоқлар кесимида айтганда, «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси таркибидаги мулкларнинг хусусийлаштирилиши суст.

Жорий йил бошида мутасадди идоралар томонидан 30 мингдан ортиқ давлат объекти инвентаризациядан ўтказилган. Жорий йилда 1000 та объектни очиқ кимошди савдосига қўйишга қарор қилинди. Уларга 600 гектар ер ва умумий майдони 1 миллион квадрат метрлик бинолар киради. Уларнинг барчаси инфратузилма билан таъминланган ва аҳоли пунктларига яқин жойлашган.

Амалга оширишни тезлаштириш учун объектларни сотишга тайёрлаш муддати жорий 80 кундан 48 кунгача қисқартирилади. Майдони 2000 квадрат метргача бўлган объектлар тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри талабига биноан сотувга қўйилиши мумкин.

Янги хусусийлаштириш дастури жорий йилда 3 мингта янги корхона ва 50 минг иш ўрни яратиш, 13 триллион сўм (1,1 миллиард доллардан ортиқ) даромад олиш имконини беради.

Йиғилишда сўнгги ўн йил ичида Ўзбекистонда 1,2 триллион сўмлик давлат активлари сотилгани, биргина 2022 йили бу кўрсаткич 11,3 триллион сўмга етгани таъкидланди.