Қирғизистон ҳукумати «Буюк кўчманчилар мероси» холдингидан 3,4 миллиард сўмни қайтариб олди

Sputnik.kg сайти фотосурати

«Буюк кўчманчилар мероси» миллий холдингининг 3,4 миллиард сўм (40,3 миллион доллар) миқдоридаги капитали республика бюджетига қайтарилади. Бу ҳақда 24 ноябрь куни Қирғизистон Бош вазири Оқилбек Жапаров маълум қилди, дея хабар беради Kabar.

Жапаровнинг сўзларига кўра, холдинг раҳбари Тенгиз Болтурук ҳибсда экан (сентябрь ойида у Болтурук миллий холдингга тайинланишидан олдин раҳбарлик қилган «Қумтор Голд Компани»даги коррупция бўйича жиноий иш доирасида ҳибсга олинган эди) лойиҳани ривожлантириш имконсиз.

«Биз «Қумтор» мисолида барча конларни ўзимиз ўзлаштирмоқчи эдик. Ўнга яқин «Буюк кўчманчилар мероси» лицензиясини бердик, қидирув ишларини якунладик, бизнес лойиҳаларини тайёрладик, инвесторларга тақдим этмоқчи эдик. Ажратилган пул жойида. Биз уларни бюджетга қайтарамиз. Тушунамизки, Тенгиз Болтурук озод этилмагунча, лойиҳа олдинга силжимайди», — деди Жапаров Жогорку Кенеш (Қирғизистон парламенти) йиғилишида республика бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этаркан.

Бош вазир, шунингдек, тоғ-кон саноатидан давлат бюджетига тушумлар ҳажми кескин ошишини маълум қилди. Агар 2021 йили ғазнага 22,9 миллиард сўм тушган бўлса, 2022 йилнинг ўн ойида 39,6 миллиард сўмдан ортиқ маблағ тушган.

«Қумтор кони тўлиқ давлат тасарруфига ўтди. Агар 2010 йилдан 2021 йилгача бўлган ўн бир йил давомида республикага тўланган дивидендларнинг умумий миқдори 5,3 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, 2022 йилнинг ўн ойи давомида кондан 26,5 миллиард сўм солиқ, солиқдан ташқари тўловлар, шунингдек шартномаларда кўрсатилган тўловлар келиб тушган», — деди Жапаров.

Бош вазирнинг сўзларига кўра, «2021 йили мамлакатда 10 тонна олтин қолган, 2022 йил охирига келиб эса 17,2 тонна олтин қолиши кутилмоқда».

«Буюк кўчманчилар мероси» миллий холдинги 2021 йил декабрь ойида ташкил этилган. У давлат ихтиёрида мавжуд ресурсларни ер ости бойликларидан фойдаланиш ва иқтисодиётнинг турдош тармоқлари лойиҳаларини амалга ошириш учун жамлаши режалаштирилган. Компаниянинг таъсисчиси Қирғизистон Молия вазирлигидир.

Дастлаб холдингнинг устав капитали 100 миллион сўмни (1,2 миллион доллар) ташкил қилган. Август ойида холдинг республика бюджетидан 1 миллиард сўм (тахминан 12 миллион доллар) олган. Сентябрь ойида у 25 миллион дона акцияни 2,5 миллиард сўмга (29,6 миллион доллар) сотган, натижада устав капитали 3,6 миллиард сўмга (42,6 миллион доллар) етган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ