Қозоғистонда визасиз тартибда мамлакатга ташриф буюриши мумкин бўлган хорижий фуқаролар учун электрон кириш рухсатномаларини расмийлаштириш қоидалари тасдиқланди. Қарор Қозоғистоннинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари эталон назорат банкида эълон қилинди, деб хабар беради ТАСС агентлиги.
Ҳужжатга мувофиқ, Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатлари, шунингдек, Қозоғистон визасиз сафарлар тўғрисида битимлар тузган давлатлар фуқаролари нафақат республикага кириш, балки унинг ҳудуди орқали транзит ўтиш учун ҳам электрон рухсатнома олишлари керак бўлади. ЕОИИ таркибига Россия, Беларусь, Арманистон ва Қирғизистон киради.
PRG.Zanger норматив ҳужжатлар базаси маълумотларига кўра, қарор 24 октябрдан кучга киради.
Бунда электрон рухсатномани расмийлаштириш учун тўлов ноль тенгени ташкил этади.
Янги тартиб босқичма-босқич жорий этилади. 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб у Ақтау халқаро аэропортида ва бир қатор автомобиль ўтказиш пунктларида амал қила бошлайди. 2027 йил 1 январдан Остона ва Олмаота аэропортларида, 1 мартдан эса қолган ўтказиш пунктларида жорий этилади.
Дастлабки босқичларда электрон рухсатноманинг йўқлиги мамлакатга киришни рад этиш учун асос бўлмайди: хорижий фуқароларга уни расмийлаштириш зарурлиги тушунтирилади.
Бироқ, 2027 йил 1 июлдан бошлаб электрон рухсатнома олиш мажбурий бўлади. Унинг йўқлиги Қозоғистонга киришни рад этиш учун асос ҳисобланади.
Хорижий фуқаролар рухсатнома олиш учун аризани режалаштирилган кириш санасидан камида 72 соат олдин рақамли платформа орқали топширишлари керак бўлади.
👉 Ҳозирги вақтда 50 дан ортиқ давлат фуқаролари Қозоғистонга визасиз киришлари мумкин. Визасиз режим, жумладан, МДҲ мамлакатлари ва қисқа муддатга ташриф буюрувчи Европа Иттифоқининг бир қатор давлатлари фуқароларига нисбатан амал қилади. Ҳукуматнинг электрон кириш рухсатномаларини жорий этиш режалари ҳақида шу йил август ойида маълум қилинган эди. Тегишли лойиҳа Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, унда рухсатномани расмийлаштириш учун тўлов ундириш назарда тутилган эди.
Ушбу ташаббус ҳукуматнинг миграция назоратини кучайтиришга қаратилган сиёсати фонида пайдо бўлди. 2025 йил июль ойи охирида президент Қосим-Жомарт Тўқаев Хавфсизлик кенгаши йиғилишида миграция сиёсатини геосиёсий шароитлар ва янги миграция тенденцияларига мослаштиришни топширган эди. У ноқонуний миграцияга қарши курашни кучайтириш, тегишли давлат органларининг вазифаларини қайта кўриб чиқиш ва ахборот тизимларини интеграция қилишни талаб қилди. Бундан ташқари, Тўқаев миграция оқимларини ҳисобга олиш ва назорат қилиш учун рақамли ечимлар самарадорлигини ошириш вазифасини ҳам қўйди.



