Reuters: Қозоғистонлик хакерлар Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилган ва Нижний Новгород ҳокимияти устидан жосуслик олиб борган

magnific.com сайти фотосурати

Қозоғистонда жойлашган бўлиши мумкин бўлган Silent Lynx хакерлар гуруҳи Россия жанубидаги Орск нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилган ва Нижний Новгород маъмурияти устидан жосуслик олиб борган. Бу ҳақда Reuters Cisco компанияси тадқиқотчиси Чи-энь Шен (Chi-en Shen) ва Recorded Future киберхавфсизлик компанияси мутахассиси Жулиан-Фердинанд Фёгеле (Julian-Ferdinand Vögele)нинг қўшма ҳисоботига таяниб хабар берди.

«Бу — Россиянинг кичикроқ қўшниси томонидан Москвага қарши амалга оширилган кибержосусликнинг кам учрайдиган намунасидир», — дейилади ҳужжатда.

Хакерларнинг нишонларидан бири Россия жанубидаги «Орскнефтеоргсинтез» заводи бўлган. Август ойида Украина дронининг зарбасидан кейин завод бир неча ойга ишдан чиққан эди. У Қозоғистон чегарасидан тахминан 25 километр масофада жойлашган. Бундан ташқари, хабарда қайд этилишича, хакерлар Волга ва Ока дарёлари қўшиладиган жойда, Каспий денгизидан юқори оқимда жойлашган Нижний Новгород шаҳри ҳокимиятининг ахборот тизимларига ҳам кириш имкониятини қўлга киритган. Каспий денгизи Қозоғистон учун стратегик аҳамиятга эга сув ҳавзаси ҳисобланади.

Қозоғистонда жойлашган Silent Lynx гуруҳи аввал ҳам Марказий Осиё мамлакатларидаги давлат ташкилотларининг тизимларини бузиб кирган бўлиши мумкин. Мутахассисларнинг фикрича, гуруҳнинг Қозоғистон билан боғлиқлигини кўрсатувчи бир нечта далил мавжуд: хакерлар зарарли дастурларни компиляция қилинганидан кўп ўтмай Қозоғистон ҳудудидан туриб синовдан ўтказган, уларнинг фаоллиги эса ушбу мамлакатдаги иш вақтига тўғри келган. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, гуруҳнинг жосуслик кампанияси Қозоғистоннинг стратегик манфаатларига ҳам мос келган. Мисол тариқасида улар 2026 йил бошида Тожикистон давлат идораси тизимининг бузиб кирилганини келтиради. Бу воқеа Қозоғистон Тожикистон билан тузилган шартномани ратификация қилган даврга тўғри келган. Шунингдек, апрель ойида Беларусь ва Қозоғистон дипломатлари учрашуви арафасида Беларусь давлат идорасининг тизимига ҳам бузиб кирилган.

Қозоғистон, Россия, Тожикистон ва Беларусь ҳукуматлари изоҳ бериш сўровларига жавоб қайтармаган. Reuters агентлиги хакерлар билан ҳам боғлана олмаган.

Тадқиқотчилар маълумотларига кўра, Silent Lynx мақсадли фишинг (spear phishing) усулидан фойдаланади: гуруҳ аъзолари муҳим ҳужжатлар сифатида ниқобланган файллар илова қилинган электрон хатларни юборади. Агар фойдаланувчи бундай файлни очса, унинг қурилмаси зарарли дастур билан зарарланиши мумкин.

Reuters агентлиги Жонс Ҳопкинс университетининг Илғор халқаро тадқиқотлар мактаби докторанти Олег Шакировнинг фикрларини келтиради. Унинг таъкидлашича, ушбу жосуслик фаолияти кибержосуслик билан нафақат дунёнинг етакчи кибердавлатлари шуғулланишини эслатади. «Бошқа мамлакатлар ҳам ўз имкониятларини босқичма-босқич кенгайтирмоқда», — деб ҳисоблайди у.

Таъкидлаш жоиз, хакерлар ҳужуми ҳақидаги хабар Россия президенти Владимир Путин Москвада мамлакатда рақамли хавфсизлик даражасини ошириш масаласига бағишланган йиғилиш ўтказган куннинг ўзида эълон қилинди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ