Рақамли қарамлик

Нима учун Россиядаги дата — марказларидаги муаммолар Қозоғистондаги одатий сервислар фаолиятини издан чиқариб юборди ва республика бу вазиятдан фойдалана оладими?
depositphotos.com фотосурати

Россиядаги экспертлар «Яндекс»нинг дата — (маълумотларни қайта ишлаш) марказларига қилинган ҳужумлар мамлакатда интернет фаолиятига қандай таъсир кўрсатишини муҳокама қилаётган бир пайтда, Қозоғистон аҳолиси мамлакат ташқарисидаги авариялар уларнинг кундалик ҳаётига жиддий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан ёқа ушлашди. Ахир, бундан атиги уч йил олдин yandex.kz фаолиятини таъминловчи серверлар Қозоғистон ҳудудига кўчирилган эди. Бироқ, Россиядаги маълумотларни қайта ишлаш марказларига қилинган ҳужумлардан сўнг республикада кимдир вокзалга ўз вақтида етиб бора олмади, кимдир товарларни етказиб бера олмади, кимдир архивини йўқотди, «ақлли уй» эса ақлли бўлмай қолди. Ниҳоят, «ҳамма севиб қолган» ботлар ҳам қаергадир ғойиб бўлди. Нима содир бўлди ва нима учун Россиядаги узилишлар қозоғистонликлар ҳаётига таъсир кўрсатди — бу ҳақда «Фарғона» материалида.

Рақобатнинг йўқлиги

«Яндекс»нинг Владимирдаги дата — марказига қилинган ҳужумдан сўнг Россия аҳолиси «Яндекс Go», «Яндекс Пэй», «Яндекс Еда» ва «Яндекс Про» (унда такси ҳайдовчилари ва курьерлар рўйхатдан ўтади) сервислари ишламаётганидан оммавий равишда шикоят қила бошлади. Кенг кўламли узилиш бошқа мамлакатлардаги фойдаланувчиларга ҳам таъсир кўрсатди — Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Грузия, Беларусь ва Арманистонда такси ёки курьер чақириш имкони йўқлигидан шикоятлар келиб туша бошлади. Илова орқали такси буюртма қилишга уринганда сервер хатоси ҳақида хабар пайдо бўлиб, бир дақиқадан сўнг қайта уриниб кўриш таклиф этилди.

Қозоғистонда «Яндекс Go» устун мавқега эга — у йирик шаҳарлардаги такси бозорининг қарийб 90 фоизини эгаллаган, деб баҳоланади. Иловадаги узилиш унинг асосий рақобатчиси inDrive фойдаланувчилари сонининг кескин кўпайишига олиб келди.

Бироқ inDrive'да нарх белгилаш тизими бошқача: йўловчи сафар учун нархни ўзи таклиф қилади, ҳайдовчи эса бу нархга рози бўлиш ёки бўлмасликни ҳал қилади. Талаб кескин ошгани сабабли машина топиш қийинлашди. Компания комиссияни энг паст даражагача туширгани ва ҳайдовчилар билан йўловчилар ўртасидаги савдолашув доирасини чеклаганини маълум қилди, бироқ бу чоралар ёрдам бермади. Талабнинг кескин ортиши туфайли сафарнинг ўртача нархи уч баробарга кўтарилди.

Шу муносабат билан Рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш агентлиги (РҲРА) сервисга ёзма огоҳлантириш юборди. Идора фикрича, сафарлар нархининг кескин ошиши йўловчиларнинг ҳуқуқларига дахл қилиши мумкин, айниқса такси хизматларини танлаш имконияти чекланган шароитда.

«Қозоғистонда такси агрегаторлари бозори юқори даражада марказлашган. Бундай шароитда хизматлардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш ва сафарлар нархининг асоссиз ошишига йўл қўймаслик истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишда алоҳида аҳамиятга эга», — дея таъкидлади Рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш агентлиги.

Шу билан бирга, агентликнинг агрегаторга нисбатан эътирозлари тўлиқ тушунарли эмас. Агар йўловчи манзилига тезроқ етиб боришни истаса, у ҳайдовчига юқорироқ нарх таклиф қилиши мантиқан тўғри, чунки ҳайдовчининг бундай таклифга рози бўлиш эҳтимоли каттароқ. Шунга мос равишда, арзонроқ сафар буюртмалари жавобсиз қолиши мумкин. Фойдаланувчилар оқими кескин кўпайган шароитда inDrive бу механизмни қандай қилиб тезкорлик билан ўзгартириши мумкин эди — бу масала ноаниқ.

Иккита йирик агрегатор билан рақобат фонида деярли йўқолиб кетган ҳудудий такси парклари машиналар етишмаслигининг ўрнини тўлдира олмади. Натижада, узилиш бошланган 11 октябрь куни кўплаб қозоғистонликлар ишга, учрашувлар ва тадбирларга кеч қолди.

Нафақат такси

Бироқ, такси билан боғлиқ муаммолар Қозоғистон аҳолиси дуч келган қийинчиликларнинг фақат бир қисми бўлди. Масалан, режиссёр Мухтар Умаров Threads ижтимоий тармоғидаги саҳифасида узилишдан кейин «Хан Кенесары: Соңғы шайқас» («Хон Кенесари: Сўнгги жанг») ҳужжатли фильми учун Яндекс.Дискда сақланган архив материалларини йўқотганини маълум қилди.

Йўқотилган материаллар «фильм мазмунини бойитиш ва тарихий воқеаларни янада чуқурроқ таҳлил қилиш учун» мўлжалланган бўлган. Шу билан бирга, асосий материаллар сақланиб қолган: уларнинг захира нусхаси қаттиқ дискда бўлган. «Фильм устидаги иш давом этмоқда», — дея ишонтирди режиссёр.

Яндекс инфратузилмаси орқали бошқа ташкилотлар ҳам фаолият юритади. Шу сабабли юзага келган муаммолар кўплаб сервислар ва компанияларга таъсир кўрсатди. Масалан, «Додо Пицца» тармоғи бир муддат давомида етказиб бериш ва олиб кетиш учун, шунингдек, пиццерияларнинг ўзида ҳам буюртмаларни қабул қила олмади.

threads.comдан скриншот

Ғарбнинг бир қатор ОАВ ва экспертлари «Яндекс» серверларига қилинган ҳужумлардан сўнг гўёки Россияни қўллаб-қувватловчи ботлар фаоллиги пасайгани ҳақидаги хабарларга эътибор қаратди. Бу маълумот 11 ва 12 октябрь кунлари ижтимоий тармоқларда фаол тарқатилди ва график билан бирга тақдим этилди (кейинчалик график сунъий интеллект ёрдамида яратилгани маълум бўлди). Кўп ўтмай, бу хабар сохта экани аниқланди. Шунга қарамай, Қозоғистонда ҳам ботлар фаоллигининг пасайганига эътибор қаратилди.

«Ҳа, биз ҳам буни пайқадик. Яндекснинг маълумотларни қайта ишлаш марказлари ишдан чиқиши биланоқ, ҳатто бизнинг каналимизда ҳам ботлар деярли йўқолди», — деб ёзади Қозоғистонда машҳур бўлган «За нами уже выехали» Telegram-канали. «Яндекс» ишидаги узилишлар билан ботлар фаоллиги ўртасидаги боғлиқликни тасдиқловчи ишончли маълумотлар йўқ. Бироқ бундай кузатувларни ҳам эътиборсиз қолдириб бўлмайди.

Маълумотлар қаерда сақланади?

«Яндекс» фаолиятидаги узилиш Қозоғистоннинг рақамли суверенитети масаласини яна кун тартибига олиб чиқди. Ҳали 2023 йилдаёқ маҳаллий ҳокимият вакиллари Россия компанияси қонунчилик талабларига мувофиқ, yandex.kz ишлаши учун зарур серверларни республика ҳудудига кўчирганини маълум қилган эди.

Ҳозирги вазиятга изоҳ берар экан, Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги маълум қилишича, қозоғистонлик фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини сақлаш учун мўлжалланган «Яндекс» серверлари ҳақиқатан ҳам мамлакат ҳудудида жойлашган ва штат режимида ишлашда давом этмоқда.

Шу билан бирга, вазирлик такси ва етказиб бериш хизматлари фаолияти учун зарур бўлган айрим компонентлар Қозоғистондан ташқарида жойлашганини тан олди.

Сўнгги воқеалар кўрсатишича, бу компонентлар Россияда жойлашган. Бу эса мамлакатнинг рақамли суверенитетни таъминлаш йўлидаги сиёсатига бироз зид келади. «Әділет» партиясидан Қурултой депутати Ляззат Жилкабаева ҳам айнан шу жиҳатга эътибор қаратди. У Бош прокуратура ва Рақамли ривожланиш вазирлигига мурожаат қилиб, қозоғистонликларнинг шахсий маълумотлари хорижга узатилган-узатилмагани ва уларни ҳимоя қилиш талабларига риоя этилган-этилмаганини аниқлашни сўради.

«Фуқароларнинг телефон рақамлари, манзиллари, ҳаракатланиш йўналишлари ва тўлов маълумотларини ҳар куни қайта ишлайдиган сервиснинг хориждаги битта узилиш туфайли ишдан тўхтаб қолиши ушбу маълумотлар айнан қайси мамлакатда ва қандай ҳуқуқий режим доирасида қайта ишланаётгани ҳақида очиқ ва аниқ тушунтириш берилишини талаб қилади», — дейилади депутат сўровида.

Қозоғистон учун имконият

Россиялик экспертларнинг фикрича, узоқ муддатли истиқболда маълумотларни қайта ишлаш марказининг шикастланиши «Яндекс»нинг маҳсулотларини ривожлантириш имкониятларини чеклаб қўйиши мумкин. Айрим экспертлар компания серверларига ҳужумлар давом этган тақдирда, умуман Рунетнинг келажагини ҳам шубҳа остига олмоқда. Россия инфратузилмасининг географик жиҳатдан бир жойда тўплангани ва компанияларни маълумотларни мамлакат ҳудудида сақлашга мажбурловчи маҳаллий қонунлар қўшимча хавфларни юзага келтирмоқда. Агар Украина учувчисиз учиш аппаратларининг дата марказларига ҳужумлари давом этса, Россия ҳукумати бу чекловларга нисбатан ёндашувини қайта кўриб чиқишига тўғри келиши мумкин.

Бундай ҳолатда Россия бизнеси хориждаги захира қувватларини фаолроқ излай бошлаши, Қозоғистон эса маълумотларни қайта ишлаш марказлари бозорини ривожлантириш учун қўшимча имкониятларга эга бўлиши мумкин. Бу ўринда республиканинг Экибастуз шаҳридаги «Маълумотларни қайта ишлаш марказлари водийси» номли йирик лойиҳасини эсламасликнинг иложи йўқ.

Қолаверса, бундай музокаралар аллақачон олиб борилмоқда. Ҳукуматнинг сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳи Россиянинг сунъий интеллект учун мўлжалланган маълумотларни қайта ишлаш марказларини «дўстона» мамлакатларда, жумладан, Беларусь ва Қозоғистонда жойлаштириш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда РБК нашрига IT соҳасидаги манбалар маълум қилган. Рақамли ривожланиш вазирлиги ҳисоблаш қувватларини жойлаштиришнинг турли вариантлари кўриб чиқилаётганини тасдиқлади, бироқ муайян мамлакатлар ва майдончалар бўйича ҳозирча аниқ қарорлар қабул қилинмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ