Дариға Назарбоева коронавирус сабаб парламент йиғилишида қатнашмади

Дариға Назарбоева. Kursiv.kz сайти фотосурати

Қозоғистон собиқ президентининг тўнғич қизи Дариға Назарбоева 12 январь куни ўзи депутат бўлган Мажилис (парламент қуйи палатаси) ялпи мажлисида касал бўлгани сабабли иштирок этмади, деб хабар берди парламент матбуот хизмати РИА Новости ахборот агентлигига.

«У касаллик таътилида , бошқа ҳамкасблари каби йиғилишда бўлмаган», — дейди агентлик суҳбатдоши, қайси касаллик ҳақида гап кетаётганига аниқлиқ киритмаган ҳолда.

Айни пайтда Назарбоеванинг ёрдамчиси Жанна Ермекова Orda.kz нашрига биринчи президентнинг қизи коронавирусга чалинганини айтди. «Ковид касаллиги ўртача кечмоқда», деди у ва Дариға Назарбоева «Олмаотадаги уйида» эканини таъкидлади.

2021 йил январидан Қозоғистон биринчи президентининг қизи Мажилиснинг Иқтисодий ислоҳотлар ва минтақавий ривожланиш қўмитаси аъзоси ҳисобланади. У Нурсултон Назарбоев жамғармасини ҳам бошқаради.

Январь ойи бошида мамлакатни қамраб олган намойишлар чоғида биринчи президент ва унинг оила аъзолари Қозоғистонни тарк этган бўлиши мумкинлиги хабар қилинган эди. Бироқ, Назарбоевнинг матбуот котиби у мамлакатда экани ва президент Қосим-Жомарт Тўқаев билан доимий алоқада бўлишини айтди. Назарбоевнинг ўзи декабрь ойининг охиридан бери омма олдида кўриниш бермади.