Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тўқаев Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) раиси Ермек Сағимбоевни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Идоранинг янги раҳбари этиб илгари МХҚ раиси ўринбосари бўлган Марат Ирменов тайинланди, деб хабар берди Қозоғистон раҳбарининг матбуот хизмати.
Қарорнинг сабаблари ҳақида маълумот берилмаган. Шу билан бирга, Тўқаев бундан бор-йўғи уч кун олдин — 13 ноябрь куни Ермек Сағимбоевнинг йил бошидан буён МХҚ фаолияти натижалари, жумладан, коррупцияга қарши кураш ҳамда кибер ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича ҳисоботини тинглаган эди. Давлат раҳбари мулозимга «миллий хавфсизлик органлари фаолиятининг йўналишлари» бўйича бир қатор топшириқлар берган, деб хабар қилган эди ўшанда Оқўрда.
Сағимбоев МХҚни 2022 йил 6 январдан буён бошқариб келаётган эди — у мазкур лавозимга январь воқеалари пайтида тайинланган. У кейинчалик давлатга хиёнатда айбланиб судланган Карим Масимовнинг ўрнини эгаллаган эди. Сағимбоев бунга қадар Президент қўриқлаш хизмати ва Давлат қўриқлаш хизматига раҳбарлик қилган.
Унинг Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари лавозимидаги вориси Марат Ирменов учта олий маълумотга эга. У 1993 йилда Ғарбий Қозоғистон қишлоқ хўжалиги институтини, 1996 йилда Қозоғистон Республикаси МХҚ институтини, 2000 йилда эса Халқаро ҳуқуқ ва бозор академиясини тамомлаган. Миллий хавфсизлик органларидаги хизматини 1996 йилда бошлаган. 2000 йилгача тезкор лавозимларда ишлаган, кейин эса 25 йил мобайнида раҳбарлик курсиларида фаолият юритган.
Январь воқеаларидан сўнг у МХҚнинг Олмаота бўйича департаментига бошчилик қилган, 2025 йилнинг октябрида эса қўмита раисининг ўринбосарига айланган.
Ирменовга миллий хавфсизлик генерал-майори махсус унвони берилган. У II даражали «Даңқ» ордени, давлат, идоравий ҳамда юбилей медаллари билан тақдирланган, шунингдек, МХҚнинг фахрий ходими унвонига эга.
Эслатиб ўтамиз, қўмита раҳбариятининг алмашиши «Самрук-Қазина» жамғармаси ва «Қазақстан темір жолы» миллий компанияси раҳбарларининг шов-шувли тарзда қўлга олиниши ортидан содир бўлди. Ўтган ҳафта охирида ушбу топ-менежерлар коррупцион жиноятда гумонланиб, тергов изоляторига жўнатилган эди. Ҳозирча тергов тафсилотлари мавжуд эмас.



