Космосдан ҳам кўзга ташланаётган газ

Нима учун Туркманистон метан чиқиндиларига қарши курашни кучайтирмоқда?
Сентябрь ойидаги газ чиқиндиси. popsci.com фотосурати

Октябрь ойи охирида метан чиқиндилари мавзуси Туркманистоннинг расмий кун тартибидан мустаҳкам ўрин олди. Аввалига мамлакатдаги БМТ ваколатхонаси ушбу муаммога бағишланган алоҳида маъруза эълон қилди. Кейин, ой охирида Ашхободда метан бўйича минтақавий конференция бўлиб ўтди, 31 октябрь куни эса республика президенти Сердар Бердимуҳамедов нефть-газ мажмуасидаги чиқиндиларни камайтириш бўйича халқаро ҳамкорликни ривожлантиришни топширди.

Буларнинг барчаси Туркманистондаги нефть-газ объектлари устида йирик ва такрорий метан чиқиндилари қайд этилаётгани ҳақидаги сунъий йўлдош кузатувлари давом этаётган бир пайтда юз бермоқда. Бироқ, Ашхободнинг бугунги фаоллигини кутилмаган ҳолат деб бўлмайди: мамлакат бир неча йилдан бери БМТ, Жаҳон банки ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни босқичма-босқич йўлга қўйиб, халқаро мониторингга қўшилиб келмоқда ва ўзининг ҳисобга олиш тизимини тайёрламоқда. Ҳозир бу жараёнлар бир нуқтада туташди. Метан сизиб чиқиши кўламини космосдан тобора аниқроқ кўриш мумкин, йўқотилган метан бир вақтнинг ўзида товар газининг йўқотилиши ҳамдир, чиқиндилар ҳақидаги маълумотларнинг шаффофлиги эса халқаро молиялаштириш ва эҳтимолий экспорт бозорларига кириш учун аҳамият касб этмоқда.

Сунъий йўлдошлар нимани кўрсатмоқда?

Метан рангсиз газ, бироқ унинг йирик чиқиндиларини масофадан аниқлаш ва уларнинг жадаллигини баҳолаш мумкин. 2026 йил сентябрь ойида сунъий йўлдош тизимлари Туркманистонда яна бир бор бир қатор йирик метан чиқиндиларини қайд этди.

Манбалардан бири Methane Leaks лойиҳаси базасида TKM_S_555 белгиси билан қайд этилган. 21 сентябрдан 29 сентябргача бу ерда саккизта метан булути аниқланган. Уларнинг тахминий чиқиш жадаллиги соатига 1500 килограммдан 4456 килограммгача бўлган. Яна бир объектда — TKM_S_561 ҳудудида — 29 сентябрь куни NASA’нинг EMIT сунъий йўлдоши соатига тахминан 2194 килограмм жадалликдаги чиқиндини аниқлаган.

Methane Leaks ҳар икки манбани «Туркмангаз» давлат концерни билан боғлайди, бироқ бу мансубликни тасдиқланган эмас, балки эҳтимолий деб баҳолайди. Шунингдек, лойиҳа чиқиндилар бир вақтнинг ўзида юз бермаган, балки, эҳтимол, маълум вақт давомида тўпланган таъсир натижаси бўлиши мумкинлигини таъкидлайди.

БМТнинг 28 октябрда эълон қилинган маърузасида Туркманистонда чиқиндиларнинг юқори даражада эканига олиб келаётган асосий сабаблар сифатида эскириб бораётган нефть-газ инфратузилмаси, асбоб-ускуналар ёрдамида ўлчаш ишларининг етарли эмаслиги ва қазиб олинаётган газнинг бир қисмидан фойдаланиш имкониятлари чеклангани кўрсатилган. Унда келтирилган БМТ Атроф-муҳит дастурининг (UNEP) Метан чиқиндилари халқаро обсерваторияси маълумотларига кўра, 2023 йилда мамлакат нефт-газ сектори тахминан 4,3 миллион тонна метан чиқарган, сунъий йўлдош мониторинги эса 222 тадан ортиқ йирик ҳодиса ва алоҳида чиқинди манбаларини аниқлаган.

БМТ Халқаро энергетика агентлигининг 2025 йил учун баҳоларини келтиради: Туркманистонда метан чиқиндиларининг умумий ҳажми тахминан 6,19 миллион тоннани ташкил этган. Шундан 5,81 миллион тоннаси ёки қарийб 94 фоизи энергетика соҳаси ҳиссасига тўғри келган.

Таққослаш учун, жаҳон миқёсида антропоген метан чиқиндиларининг тахминан 40 фоизи энергетика сектори ҳиссасига тўғри келади.

Тақдимот. edf.org фотосурати

Global Methane Tracker 2026 ҳисоботида Халқаро энергетика агентлиги Туркманистонни нефть ва газ қазиб олишда метан чиқиндилари жадаллиги дунёда энг юқори бўлган мамлакатлар қаторига киритган. Бу кўрсаткич Венесуэладаги даражага яқин. Евросиё минтақасида MARS тизими аниқлай оладиган даражада йирик бўлган нефт-газ ҳодисаларининг учдан биридан кўпроғи Туркманистон ҳиссасига тўғри келади. Халқаро энергетика агентлиги баҳоларига кўра, 2020 йилдан 2023 йилгача мамлакатда метан чиқиндилари бўйича йирик суперэмиттер ҳодисалари билан боғлиқ чиқиндилар ҳажми йилига ўртача 15 фоиздан кўпроққа ошган. Бу айнан сунъий йўлдошлар аниқлай оладиган йирик ҳодисалар ҳақида гап кетмоқда, Туркманистондаги барча метан чиқиндилари ҳар йили 15 фоизга ўсгани ҳақида эмас.

Бироқ, сунъий йўлдошлар вазиятнинг тўлиқ манзарасини кўрсата олмайди. Улар йирик газ булутларини яхши аниқлайди, аммо натижа чиқинди қуввати, ускунанинг хусусиятлари, булутлилик, шамол ва сунъий йўлдошнинг учиб ўтиш вақтига боғлиқ. Шунинг учун масофавий мониторинг объектларнинг ўзида мунтазам ўлчовлар олиб бориш билан тўлдирилиши керак. Туркманистонда эса ҳозирча айнан шу борада жиддий камчилик мавжуд.

БМТ маълумотларига кўра, 2023 йилдан бери сунъий йўлдошлар мамлакатда метаннинг 248 та алоҳида нуқтавий манбасини аниқлаган. 2025 йилда 162 та манба қайд этилган, улардан 38 таси кузатувларнинг сўнгги олти ойида доимий ёки тез-тез такрорланувчи манбалар сифатида таснифланган. Шу билан бирга, тизим амалий натижаларга эришишга қодир эканини ҳам кўрсатди. Йирик манбалардан бири 2024 йил июлидан 2025 йил июнигача кузатилган. MARS тизимининг навбатдаги огоҳлантиришидан сўнг «Туркмангаз» Шимолий Балгуй ҳудудида қувурнинг жиддий эскирганини аниқлаб, таъмирлаш ишларини амалга оширган. Яна иккита манба 2025 йил 22 июнда аниқланган, икки кундан кейин эса концерн тегишли объектларда таъмирлаш ишлари якунланганини маълум қилган.

Шундай қилиб, сунъий йўлдош мониторинги ташқи кузатув воситасидан мамлакат ичида ҳам ундан келиб тушган сигналларга муносабат билдириладиган воситага айланиб бормоқда. Бироқ бир нечта сизиб чиқиш ҳолатининг бартараф этилгани ҳозирча чиқиндиларнинг тизимли равишда камайганини англатмайди.

Нима учун Ашхобод метан муаммосига айнан ҳозир эътибор қаратяпти?

Сиёсий жиҳатдан Туркманистон бу йўналишдаги ҳаракатни 2023 йилдаёқ бошлаган. Дубайда бўлиб ўтган COP28 иқлим конференциясида Сердар Бердимуҳамедов мамлакатнинг Global Methane Pledge ташаббусига қўшилганини эълон қилганди. Ушбу ташаббус 2030 йилгача антропоген метан чиқиндиларини 2020 йилдаги даражага нисбатан камида 30 фоизга қисқартириш бўйича умумий жаҳон мақсадини назарда тутади. Бу ҳар бир давлат учун бир хил мажбурий квота белгиланганини англатмайди, бироқ иштирокчи мамлакатлар умумий мақсадга эришишга ёрдам берадиган ўз чора-тадбирларини кўриши керак.

2024 йил ноябрь ойида Туркманистон 2025–2026 йилларга мўлжалланган халқаро ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси»ни тасдиқлади. Шу билан бирга, мамлакат Methane Alert and Response System — MARS тизими билан ҳамкорликни ривожлантирмоқда. Ушбу тизим БМТ Атроф-муҳит дастурига сунъий йўлдошлар ёрдамида йирик чиқинди манбаларини аниқлаш ва бу ҳақдаги маълумотларни ҳукуматлар ҳамда операторларга етказиш имконини беради.

Кейинги қадам — фақат ташқи сунъий йўлдош кузатувларига боғлиқ бўлиб қолмасдан, доимий ҳисоб юритишнинг ўз тизимини яратиш. 2026 йил январь ойида Жаҳон банки Туркманистон нефть-газ секторида метан чиқиндиларини мониторинг қилиш, ҳисобот бериш ва верификациялаш тизимини яратиш лойиҳаси ҳужжатларини эълон қилди. Дастур қиймати 5 миллион долларни ташкил этади. Лойиҳа миллий маълумотлар базасини яратиш, ўлчов ва ҳисобот беришнинг ягона қоидаларини жорий этиш, ускуналар харид қилиш, мутахассисларни ўқитиш ҳамда айрим объектларни текширишни назарда тутади. Ишларда Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги, «Туркмангаз» ва «Туркманнефть» иштирок этиши керак.

31 октябрь куни ушбу лойиҳа ҳукумат мажлисида муҳокама қилинди. Бош вазир ўринбосари Гуванч Агаджанов «Туркмангаз» ва «Туркманнефть» Жаҳон банки дастури доирасида хорижий компаниялар билан ҳамкорлик қилаётганини маълум қилди. Шундан сўнг Бердимуҳамедов метан чиқиндиларини камайтириш соҳасида халқаро шерикликни ривожлантиришни топширди, деб хабар беради TDH давлат ахборот агентлиги.

Ашхободдаги метан бўйича минтақавий конференция. Business Turkmenistan фотосурати

Айниқса, октябрь ойида ишлар сезиларли даражада жадаллашди. 12–16 октябрь кунлари Туркманистон делегацияси Буюк Британияда ўқув сафарида бўлиб, сунъий йўлдош мониторинги, газ сизиб чиқишини аниқлаш усуллари ва метан чиқиндилари бўйича Европа талабларини ўрганди. Европа Иттифоқи ваколатхонаси бу ишларни Туркманистоннинг Европа энергетика бозори билан ҳамкорлик истиқболлари билан ҳам бевосита боғлади.

19 октябрь куни Европа Иттифоқи ва Германия «Туркмангаз»нинг Табиий газ илмий-тадқиқот институтига LDAR — Leak Detection and Repair ускуналарини топширди. Ушбу ускуналар саноат объектларининг ўзида газ сизиб чиқишини аниқлаш ва унинг жойлашувини аниқ белгилаш учун мўлжалланган. Шу билан бирга, концерн мутахассисларини ускуналардан фойдаланишга ўргатиш бошланди.

21–23 октябрь кунлари «Туркманистон нефти ва гази — 2026» халқаро конференциясида метан масаласи муҳокама қилинди. Унда БМТ чиқиндиларни қисқартириш бўйича қўшма дастур лойиҳасини тақдим этди. Шундан кейин 28 октябрь куни БМТ маърузаси эълон қилинди, 29–30 октябрь кунлари эса CAREC минтақавий конференцияси бўлиб ўтди. Унда ўлчовлар ва таъмирлашдан тортиб, молиялаштириш манбаларини излашгача бўлган амалий масалалар муҳокама қилинди.

Бир неча ҳафта ичида юз берган бу қадар кўп воқеа метан масаласи Ашхобод учун халқаро иқлим дипломатиясининг бир қисми бўлиб қолмаётганини кўрсатади. Бу йўналишда аниқ ускуналар, мутахассислар, маълумотлар базалари ва муайян лойиҳалар пайдо бўла бошлади.

Бунинг сабаби фақат экология билан боғлиқ эмас. Метан табиий газнинг асосий таркибий қисмидир. Шунинг учун сизиб чиқиш ҳолатларининг катта қисми мамлакат ичида фойдаланиш ёки сотиш мумкин бўлган маҳсулотнинг йўқотилишини англатади.

Газ экспортнинг асосини ташкил этадиган Туркманистон учун бу айниқса муҳим. БМТ келтирган миллий статистика маълумотларига кўра, 2024 йилда табиий газ мамлакат экспорт тушумларининг 66,9 фоизини ташкил этган.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Туркманистон метан чиқиндилари билан бирга йўқотаётган энергия ҳажми назарий жиҳатдан мамлакатнинг ички электр энергияси истеъмолидан тахминан беш баравар кўп. 2022 йилда газ қазиб олиш ҳажмининг 7,5 фоизига тенг чиқиндиларни қисқартиришдан келадиган иқтисодий самара камида 1,2 миллиард долларга баҳоланмоқда. Мамлакат углеродли молиялаштириш механизмлари орқали қўшимча равишда 50–300 миллион доллар жалб қилиши ҳам мумкин эди. Бу ҳисоб-китобларга асосланган баҳолар бўлиб, Туркманистоннинг олган маблағлари эмас.

Айнан шунинг учун газ қазиб олувчи мамлакат учун метанга қарши кураш углеводородларни камроқ қазиб олиш талабидан тубдан фарқ қилади. Чиқиндиларнинг катта қисмини қувурларни таъмирлаш, носоз ускуналарни алмаштириш, газ сизиб чиқишини бартараф этиш ва газни атмосферага чиқариб юборишни қисқартириш орқали камайтириш мумкин. Айрим ҳолларда бундай харажатлар сақлаб қолинган газнинг ўзи ҳисобига қопланади.

Гап фақат иқлим ҳақида эмас

Яна бир омил — ташқи бозорлардаги талабларнинг ўзгариши. Европа Иттифоқи метан чиқиндилари бўйича тартибга солиш талабларини импорт қилинадиган нефть, газ ва кўмирга нисбатан ҳам босқичма-босқич жорий этмоқда. 2027 йилдан айрим шартномалар учун мониторинг, ҳисобот бериш ва верификация тизимларига оид талаблар кучга киради, 2028 йилдан импортчилар ёқилғининг метан чиқиндилари жадаллиги ҳақидаги маълумотларни тақдим этиши керак бўлади, 2030 йилдан эса бу кўрсаткич бўйича энг юқори чегаралар белгиланади. Батафсил жадвал Европа комиссияси томонидан эълон қилинган.

Ҳозирча Европа омилининг аҳамиятини ошириб кўрсатиш керак эмас. Туркман газининг асосий харидори Хитой бўлиб қолмоқда, Туркманистон ҳозирда Европа Иттифоқига катта ҳажмда тўғридан-тўғри газ етказиб бермаяпти.

Бироқ, Ашхобод экспорт йўналишларини диверсификация қилишдан анчадан бери манфаатдор, Брюссель эса метан стандартлари бўйича ишларни Европа энергетика бозоридаги ҳамкорлик истиқболлари билан бевосита боғламоқда.

OGT конференцияси. Ташкилотчилар фотосурати

Бундай бозор учун газ кам чиқинди билан қазиб олинаётганини шунчаки эълон қилишнинг ўзи кифоя эмас. Ўлчовлар ва текшириш мумкин бўлган маълумотлар зарур. Айнан шу жиҳатдан ҳозирча космосдан кўринаётган ҳолат билан соҳанинг ўзида ўлчанаётган кўрсаткичлар ўртасидаги тафовут яққол сезилмоқда. БМТнинг октябрь ойидаги маърузаси маълумотларига кўра, 2025 йилда Oil and Gas Methane Partnership 2.0 тизими Туркманистондаги газ қазиб олиш ҳажмининг атиги 9 фоизини қамраб олган. Алоҳида ишлаб чиқариш объектлари даражасида тўлақонли ўлчов ва ҳисобот тизими ҳали шаклланиш жараёнида.

Шунинг учун Ашхободнинг бугунги фаоллигини кейинги босқичга ўтиш сифатида баҳолаш тўғрироқ бўлади. Дастлаб халқаро мажбуриятлар ва «йўл хариталари» пайдо бўлди, кейин сунъий йўлдошлардан огоҳлантиришлар келиб тушди ва айрим таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Энди эса ер усти ўлчов ускуналари, мутахассисларни ўқитиш, Жаҳон банки тизими ва молиялаштиришни жалб қилишга уринишлар пайдо бўлмоқда.

Ҳозирча туб бурилиш ҳақида гапиришга эрта. Халқаро энергетика агентлиги ҳамон Туркманистонни нефть-газ секторида метан чиқиндилари жадаллиги энг юқори бўлган мамлакатлар қаторига киритмоқда, сунъий йўлдошлар эса йирик газ булутларини аниқлашда давом этмоқда. Ҳақиқий натижа конференциялар ёки келишувлар сони билан эмас, балки такрорий чиқинди манбалари сонининг қисқариши, йирик чиқиндилар жадаллигининг пасайиши ва сизиб чиқиш ҳолатлари бевосита жойида ўлчанадиган объектлар улушининг ортиши билан баҳоланади.

Метанни инсон кўзи илғамайди. Аммо ҳозир йирик сизиб чиқиш ҳолатлари космосдан шу қадар яхши кўринадики, уларни энди пайқамаслик тобора қийинлашиб бормоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ