Юрист Украинадаги урушга юборилган қозоғистонликнинг ҳалок бўлганини маълум қилди

Мейрман Шекеев. ulysmedia.kz сайтидан олинган сурат

Россия армиясига алдов йўли билан ёлланиб, Украинага урушга юборилгани тахмин қилинаётган қозоғистонликлардан бири ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ulysmedia.kz нашрига юрист Мейрман Шекеев маълум қилди.

Интервью Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг Остонадаги биноси олдида бўлиб ўтди. Шекеев у ерга ўғиллари фронтга тушиб қолган бир гуруҳ оналар билан бирга такроран келган.

Юристнинг сўзларига кўра, марҳумнинг исми Бақитбек бўлган. Йигит 25 ёшда эди, у Атирау вилоятида туғилган. Унинг яқинлари икки ойдан ортиқ вақтдан бери жасадини ватанга қайтаришга уринмоқда.

«Унинг ҳалок бўлгани ҳақида менга Россия Федерацияси ҳарбий қисмидан хабар беришди. Дастлаб унинг ота-онаси билан боғланишган. Кейин эса мен бу масала билан фаол шуғулланаётганим сабабли, мен билан ҳам алоқага чиқишди. Дмитрий исмли ёш йигит бор. Мен у сўраган барча ҳужжатларни тақдим этдим. Ҳозир марҳумнинг жасадини олиб кетиш жуда мушкул бўлиб турибди. У ҳарбий ҳаракатлар ҳудудидаги жанговар позицияда экани айтилмоқда. У ерга бориб, жасадни олиб келишга ҳеч ким журъат қилолмаяпти. Жасад ҳали ҳам ўша ерда қолмоқда. Орадан икки ойдан ортиқ вақт ўтди», — деди юрист.

Шекеев ўзи манфаатларини ҳимоя қилаётган қозоғистонликлар (жами 20 дан ортиқ киши — таҳр. изоҳи) аслида Россия Федерациясига пул ишлаб топиш мақсадида кетишганини эслатиб ўтди. Дастлабки маълумотларга кўра, уларни алдаб, Россия армияси билан контракт имзолашга мажбур қилишган.

Ulysmedia.kz мухбири Қозоғистон ТИВга мамлакат фуқаросининг ҳалок бўлгани тўғрисидаги маълумотни тасдиқлаш ёки рад этиш илтимоси билан мурожаат қилган. Вазирлик матбуот хизмати изоҳ беришдан бош тортган.

Урушга тушиб қолган бир гуруҳ қозоғистонликлар ҳақида октябрь ойи бошида маълум бўлган эди. Йигитлар бир нечта видеомурожаат ёзиб қолдиришган.

Улар Россияга қўриқлаш агентликлари, гўшт комбинатлари ва паррандачилик фабрикаларида ишлаш учун келганликларини таъкидлашган эди. Бироқ оддий меҳнат шартномалари ўрнига уларга Қуролли кучларда хизмат қилиш бўйича шартномаларни имзолаш таклиф қилинган.

7 октябрь куни уларнинг оила аъзолари яқинларини тезроқ уйга қайтаришни сўраб, Остонадаги Қозоғистон ТИВ биноси олдига келишганди.

Вазирлик эса ўз навбатида, Россия томони билан музокаралар олиб бораётганини ва ватанга қайтарилиши керак бўлган фуқаролар рўйхатини шакллантираётганини маълум қилди. Октябрь ойи ўрталарида уларнинг тўққиз нафари жанговар ҳаракатлар ҳудудидан олиб чиқилди.

Мавзу юзасидан батафсил «Фарғона» материалида ўқинг: «Вазият жуда нозик» — ўнлаб қозоғистонликлар Россияга ишлаш учун кетишган, аммо у ерда урушга жалб этилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россияда ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатган Марказий Осиёдан келган муҳожирлар ҳикоялари

  • Нима учун Россиядаги дата — марказларидаги муаммолар Қозоғистондаги одатий сервислар фаолиятини издан чиқариб юборди ва республика бу вазиятдан фойдалана оладими?

  • Эронга МДҲ нима учун керак ва у ЕОИИга қўшилишга тайёрми?

  • 111 та ташкилот Жаҳон банкидан нимани талаб қилмоқда ва бунинг Тожикистонга қандай алоқаси борлиги ҳақида