Россиялик блогер Илья Варламов ўзининг YouTube-каналида Қозоғистондаги маиший зўравонлик муаммосига бағишланган видеони эълон қилди. Унда Варламов оилавий зўравонлик билан боғлиқ шов-шувли ҳолатлар ҳақида ҳикоя қилади, жабр кўрган аёллар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва инқироз марказлари ходимлари билан учрашади. Фильм бошида блогер Қозоғистонни «Марказий Осиёда маиший зўравонлик маркази» деб атайди ва сўнгги йилларда айнан шу ерда кенг жамоатчилик эътиборини тортган бир қатор оғир жиноятлар содир бўлганини таъкидлайди.
Фильм эълон қилинганидан кейинги биринчи куннинг ўзидаёқ ярим миллиондан ортиқ марта кўрилган. Лента қаҳрамонларидан бири Остона шаҳрида яшовчи Анар Боранбаева бўлади. У собиқ турмуш ўртоғи томонидан йиллар давомида содир этилган оилавий зўравонлик ҳақида сўзлаб берган. Аёлнинг айтишича, у собиқ эри билан тўққиз йил бирга яшаган. Турмуш ўртоғи мунтазам равишда уни калтаклаган, таҳқирлаган ва қийноққа солган. Унинг таъкидлашича, эри тўрт ёшли қизига нисбатан зўравонлик қилаётганини кўриб қолганидан сўнг, уйдан кетишга қарор қилган.
Шундан кейин Боранбаева ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиб, суднинг айблов ҳукми чиқаришига эришган. Бироқ унинг сўзларига кўра, яқинлари ва танишларининг бир қисми томонидан қўллаб-қувватлаш ўрнига, қоралаш ва танқидларга дуч келган.
Фильм остидаги YouTube изоҳларида, шунингдек, Илья Варламовнинг Threads аккаунтида кўплаб фойдаланувчилар, жумладан эркаклар ҳам, муаллифга миннатдорчилик билдириб, аёллар ва болаларга нисбатан оилавий зўравонликни қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат деб ҳисоблашларини таъкидлайдилар.



