Евроосиё тараққиёт банки Ўзбекистонга бир неча йилда $3 млрд инвестиция киритишни режалаштирмоқда

Евроосиё тараққиёт банки (ЕОТБ) 2031 йилга қадар Ўзбекистонга киритиладиган инвестициялар ҳажмини $3 млрдгача етказмоқчи. Халқаро молия институти матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, ҳозирданоқ энг истиқболли лойиҳалар кўриб чиқилмоқда.

Таъкидланишича, Тошкентда ЕОТБ бошқаруви раиси Николай Подгузов ҳамда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев учрашувида инвестициявий шерикликни кенгайтириш ва банкнинг 2027–2031 йилларга мўлжалланган мамлакат стратегияси муҳокама қилинди.

Хусусан, Подгузов Евроосиё тараққиёт банки Марказий Осиё республикасини сармоявий фаолиятнинг асосий йўналишларидан бири сифатида баҳолаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, биргина 2027 йилнинг ўзида мамлакатдаги лойиҳаларни молиялаштириш ҳажми $500 млнга етиши мумкин. Ҳозирда банк томонидан $1 млрддан ортиқ маблағ киритилиши кутилаётган ўнта истиқболли ташаббус ўрганилмоқда. 2031 йилга бориб эса бу кўрсаткич $3 млрдга етади.

«Носуверен молиялаштириш воситаларидан фойдаланиш давлатнинг тўғридан-тўғри қарз юкини оширмасдан хусусий ҳамда халқаро капитални жалб қилиш имконини беради», — дея қўшимча қилди ЕОТБ бошқаруви раиси.

Музокаралар давомида банк ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг бешта устувор йўналиши белгилаб олинди.

Улар қуйидагилардир:

✅ транспорт-логистика инфратузилмаси;

✅ сув-энергетика барқарорлиги;

✅ саноат ва ишлаб чиқариш кооперацияси;

✅ рақамлаштириш;

✅ молиявий воситалар.

Сўнгги йўналиш кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, экспортни ошириш, «яшил» ҳамда исломий молиялаштиришни назарда тутади, деб қайд этади ЕОТБ матбуот хизмати.

Шунингдек, Тошкентдаги учрашув қатнашчилари давлат компаниялари ҳамда хусусий инвесторлар билан алоқаларни, жумладан лойиҳавий молиялаштириш ва синдикатланган кредитлаш механизмларини қўллаган ҳолда кенгайтириш вариантларини кўриб чиқдилар.

ℹ️ Евроосиё тараққиёт банки 20 йилдан буён фаолият юритмоқда. Унинг бош қароргоҳи Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида жойлашган. Жорий йилнинг июнь ойи ҳолатига кўра, ЕОТБ портфели умумий қиймати $22 млрддан ортиқ бўлган 348 та ташаббусни ўз ичига олади. Асосий улушни транспорт, рақамли тизимлар, «яшил» энергетика, қишлоқ хўжалиги, саноат ва машинасозлик соҳаларидаги лойиҳалар ташкил қилади. Банк ўз фаолиятида БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамда ESG тамойилларига (компания экология, ижтимоий соҳа ва корпоратив бошқарув сифатига қўшган ҳиссасига қараб баҳоланадиган бизнес мезонлари тизими) амал қилади.

Ўзбекистон ЕОТБга 2025 йилда аъзо бўлиб, капиталидаги 10 фоиз улуши билан молия ташкилотининг учинчи йирик акциядорига айланди. Жорий йилнинг май ойида банк Тошкентда ўз ваколатхонасини очди ҳамда республика ҳудудидаги операцион фаолиятига киришди. Шунингдек, Россия, Қозоғистон, Беларусь, Тожикистон, Қирғизистон ва Арманистон ҳам банкка аъзо мамлакатлар ҳисобланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ