ОТБ Қирғизистонда сузувчи қуёш электр станцияси қурилиши учун 20 миллион доллар ажратди

Сузувчи электр станцияси. utem.org сайтидан олинган сурат

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Қирғизистонда саноат миқёсидаги илк сузувчи қуёш электр станцияси қурилиши учун 20 миллион доллар ажратишни маъқуллади. Объект Бишкекдан тахминан 10 километр шимоли-шарқда жойлашган 5-ГЭС сув омбори ҳудудида барпо этилади, деб хабар бермоқда ОТБ матбуот хизмати.

Молиялаштириш пакети 19,55 миллион долларлик имтиёзли кредит ҳамда Осиё тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан 450 минг долларлик грантни ўз ичига олади. Лойиҳани амалга ошириш учун яна 2,02 миллион долларни Қирғизистон томони ажратади.

Электр станциясининг қуввати 15 МВт бўлиб, у йилига қарийб 20 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Қуёш панеллари мавжуд сув омбори сатҳига ўрнатилади ва «Чакан ГЭС» ОАЖнинг мавжуд тармоқ инфратузилмасига уланади.

Лойиҳа Қирғизистоннинг электр энергияси импортига қарамлигини камайтириш ҳамда дарёларда сув ҳажмининг мавсумий ўзгаришига боғлиқ бўлган гидрогенерацияни тўлдириш мақсадини кўзлайди. Бундан ташқари, қуёш панелларининг сув юзасида жойлаштирилиши ер участкаларини ажратиш заруратини бартараф этади.

5-ГЭС ҳудудида 2024 йил мартидан буён 100 кВт қувватга эга синов тариқасидаги сузувчи қуёш электр станцияси фаолият юритмоқда. У 2025 йилда 141,1 минг киловатт-соат, жорий йилнинг ўн ойида эса 132,5 минг кВт/соат электр энергияси етказиб берди.

Шу тариқа, янги объектнинг қуввати синов қурилмаси кўрсаткичларидан 150 баробар ошади.

ОТБ Қирғизистон орттирган ушбу тажриба келгусида Марказий ва Ғарбий Осиёнинг бошқа мамлакатларида ҳам шу каби лойиҳаларни амалга ошириш имконини беришига умид билдирмоқда.

Қирғизистон сув ресурслари қисқариши шароитида электр тақчиллигини қисқартириш ҳамда гидрогенерацияга боғлиқликни камайтириш мақсадида қуёш энергетикасини фаол ривожлантирмоқда. 2025 йил декабрида Чуй вилоятида республикадаги илк йирик 100 МВт қувватли қуёш электр станцияси ишга туширилди, 2026 йил июнида эса Иссиқкўл вилоятида умумий қиймати 1,5 миллиард долларга баҳоланган 175 МВт қувватли «ROX Иссиқкўл» станциясининг биринчи навбати фойдаланишга топширилди. Август ойида айни шу ҳудудда яна бир 100 МВт қувватли станция иш бошлади.

Бундан ташқари, Норин вилоятида 250 МВт қувватли шундай объект қурилиши олиб борилмоқда. Бир вақтнинг ўзида мамлакат Энергетика вазирлиги қуёш нури бўлмаган вақтларда энергия таъминоти барқарорлигини кафолатлаш мақсадида электр энергиясини жамлаш тизимларини жорий этиш бўйича инвесторлар билан музокаралар олиб бормоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ