Қозоғистонда қандаслар ва яшаш гувоҳномасини олиш учун топшириладиган тил имтиҳони шартлари маълум қилинди

Видеодан скриншот

Қозоғистонда «қандас» («қондош») мақомига даъво қилаётган ёки доимий яшаш учун рухсатнома олишни истаган шахслар учун тил имтиҳонидан ўтиш шартлари маълум қилинди. Бу ҳақда республика Меҳнат вазирлиги ижтимоий тармоқларда хабар берди.

Қандаслар ва яшаш гувоҳномасини (ЯГ) олиш учун ариза берувчилар учун тест синовидан ўтиш мажбурий бўлиб, бу миграция салоҳиятини баҳолаш босқичларидан бири ҳисобланади. Тест онлайн тарзда ўтказилади ва аудио материални тинглаб тушуниш ҳамда матнни ўқиб тушуниш бўйича 60 та топшириқни ўз ичига олади. Тест синовининг ўзи 1 соат 10 дақиқа давом этади.

«Саволлар инсон кундалик ҳаётда дуч келиши мумкин бўлган вазиятларга мослаштирилган. Асосий эътибор иштирокчининг қозоқ тилидаги нутқни эшитиб қанчалик тушуниши ва давлат тилидаги маълумотни ўқиш орқали қабул қила олишига қаратилган. Топшириқлар мазмуни тест синовларини ортиқча мураккаблаштиришга қаратилмаган», — дея таъкидлайди вазирлик.

Ҳар бир бўлим бўйича камида 70 фоиз натижа тўплаш талаб этилади. Агар натижа белгиланган ўтиш балидан паст бўлса, тестни қайта топшириш мумкин. Бунда сўнгги уринишдан бошлаб 30 календарь куни ичида кўпи билан икки марта қайта топширишга рухсат берилади.

Шу билан бирга, ҳар бир янги уриниш учун алоҳида тўлов амалга оширилади.

Тест прокторинг тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказилади. Бу — онлайн тест, имтиҳон ёки аттестациядан ўтиш жараёнини масофадан туриб назорат қилиш технологиясидир. Шунинг учун тест бошланишидан олдин камера ва микрофон ишлашини, шунингдек, интернет алоқасининг барқарорлигини текшириш тавсия этилади. Натижалар тест топширилганидан сўнг уч иш куни ичида тақдим этилади.

Меҳнат вазирлиги нисбатан яқинда хорижий фуқароларга Қозоғистонда яшаш гувоҳномасини бериш учун масъул бўла бошлади. Хабар қилинишича, вазирлик «рақамли скоринг» деб аталувчи — республикада доимий яшаш истагида бўлган барча хорижий фуқароларнинг тўлов қобилияти ва ишончлилик даражасини автоматик баҳолайдиган тизимни жорий этди.

Тил билишдан ташқари, вазирлик оила таркиби, маълумот даражаси, меҳнат стажи, касбий кўникмалар, соғлиқ ҳолати ва Қозоғистонда қариндошлари бор-йўқлигини ҳам текширади.

Меҳнат вазирлиги ташаббуси билан киритилган яна бир янгилик — яшаш гувоҳномасини олиш учун ариза берувчилардан Қозоғистоннинг айрим ҳудудларида — Шарқий Қозоғистон, Қостанай, Павлодар ёки Шимолий Қозоғистон вилоятларида камида бир йил яшаш талабидир. Яъни, амалда Остона ва Олмаота улар учун «ёпиқ» ҳудудларга айланади. Кейинроқ вазирлик ушбу талаб вояга етмаганлар, инвесторлар, талаб юқори бўлган касб эгалари, шунингдек, мамлакат иқтисодиётига сезиларли ҳисса қўшаётган шахсларга нисбатан татбиқ этилмаслигини тушунтирди.

  • Марказий Осиё мамлакатларига МҲО хавфи борми?

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Россия матбуоти «нато» снарядлари туфайли Қозоғистонга ҳужум қила бошлади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор