Қозоғистонлик фаол Қурал Сейитханули, «С-ИНФОРМ» газетаси ходими, «шахсий маълумотларни ошкор қилганлик»да айбланиб, уч йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда журналист Амангелди Батирбеков маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳукм 8 сентябрь куни Туркистон шаҳар суди судяси Батирхан Алшеров томонидан чиқарилган.
«Ҳукм видеосини эълон қилмадим — асфаласофилга кетсин. Чунки виждоним Қозоғистон Республикаси шундай ҳукм чиқарганига ишонишимга йўл қўймайди», — деб ёзади Батирбеков Facebook саҳифасида.
Исманов жорий йил май ойида қўлга олинган. Хабарларга кўра, блогер ва журналист Лаззат Асанова полицияга ариза билан мурожаат қилиб, фаолни унинг шахсий ҳаёти ва шахсий маълумотларига тааллуқли маълумотларни тарқатишда айблаган. «Озодлик» радиоси аниқлик киритишича, гап Асанованинг аввалги судланганлиги ҳақидаги маълумотлар тўғрисида борган.
Батрбековнинг таъкидлашича, Исманов томонидан эълон қилинган маълумотлар махфий бўлмаган ва аввал ҳам ижтимоий тармоқларда жойланган. Асанова эса бу фикрга қўшилмайди.
Ҳукм чиқарилганидан сўнг у иш «шахсий ҳаётга тааллуқли маълумотларни рухсатсиз тарқатиш» билан боғлиқ бўлганини билдирди.
«Қурал Исмановга нисбатан кўриб чиқилган иш мен учун шунчаки шахсий низо эмас, балки инсоннинг шахсий ҳудуди ва шахсий маълумотларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш зарурлигини кўрсатган муҳим ҳуқуқий масаладир. Инсоннинг шахсий ҳаёти ҳақидаги маълумотларни унинг розилигисиз эълон қилиш ёки тарқатишни шунчаки ижтимоий тармоқлардаги ҳаракат сифатида баҳолаб бўлмайди. Ҳар бир фуқаро ўз шахсий ҳаёти ва шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга», — деб ёзади у Facebookда ва Туркистон вилояти суди судьларига миннатдорчилик билдиради.
Қурал Сейитханули кўп йиллар давомида ижтимоий-сиёсий масалалар бўйича очиқ фикр билдириб келган ва фаол фуқаролик позицияси билан танилган.
2024 йилда Қозоғистонда атом электр станцияси қурилиши масаласи бўйича ўтказилган референдум вақтида у Туркистондаги сайлов участкаларидан бирида кузатувчи бўлган. Исманов участкада эҳтимолий қоидабузарликлар ҳақида хабар берганидан сўнг, тушунтириш ишлари учун полицияга чақирилган.
Жорий йил август ойида яна бир қозоғистонлик журналист Александра Алёхова ҳам шахсий маълумотларни тарқатиш иши бўйича уч йилга озодликдан маҳрум этилди.
Алёховага қарши жиноят иши 2022–2024 йилларда Олмаотадаги «Кенжехан» бозори ижарачилари ва эгалари ўртасидаги можаро ҳақидаги бир қатор материаллар эълон қилинганидан сўнг қўзғатилган. Материалларда ижарачилар манфаатларини ҳимоя қилган фаоллардан бирининг аввал судлангани ва полиция назоратида тургани ҳақида маълумотлар келтирилган. Фаолнинг аризасидан сўнг тергов ушбу маълумотларни эълон қилишни шахсий маълумотларни ноқонуний тарқатиш сифатида баҳолаган. Журналист ҳимояси эса барча маълумотлар очиқ суд базаларидан олингани ва жамоатчилик учун очиқ бўлганини таъкидлаган.



