Қозоғистонда собиқ медиа-менежер ҳақоратомуз пости учун 20 суткага қамоққа олинди

Ижтимоий тармоқдан олинган фотосурат

Қозоғистоннинг КТК телеканали собиқ раҳбари, ҳозирда жамоат арбоби бўлган Арман Шўраев (Шораев) ижтимоий тармоқларда ҳақоратомуз иборалардан фойдаланилган постни эълон қилгани учун 20 суткага маъмурий қамоққа олинди, деб хабар беради Qaz365.kz нашри.

Постни полиция ходимлари ижтимоий тармоқларни мониторинг қилиш жараёнида аниқлаган. Полиция бошқармасининг расмий хабарида унинг мазмуни келтирилмаган. Бироқ, Шўраевнинг ўзи Facebookда гап қайси пост ҳақида кетаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу унинг шахсий пости эмас, балки Россиядаги Wildberries омборларига дронлар ҳужуми ҳақидаги бошқа бировнинг расмини репост қилиш бўлган.

Арман Шўраев — Қозоғистонда таниқли блогер ва жамоат арбоби. 2020 йил март ойига қадар у Қозоғистон президенти ҳузуридаги Миллий жамоат ишончи кенгаши таркибида бўлган. Турли йилларда «Хабар» агентлиги бош директори ўринбосари ва КТК телеканали бош директори лавозимларида ишлаган.

Шунингдек, у аввалроқ «Qazaq kuresi» Миллий федерацияси президенти лавозимида фаолият юритган. Сўнгги йилларда Шўраев блогерлик фаолиятига эътибор қаратиб, ижтимоий тармоқларда ижтимоий-сиёсий мавзулар бўйича кескин фикрлари билан мунтазам чиқиш қилиб келади.

Жорий йил июнь ойида Шўраевнинг номи полиция билан боғлиқ бошқа бир воқеада ҳам тилга олинган. Ulusmedia маълумотига кўра, ўшанда интернетда жамоат арбобига нисбатан қидирув эълони пайдо бўлган. Кўкшетау шаҳрида яшовчи фуқаро «Провиант» дўкони ёнида юз берган можародан сўнг полицияга мурожаат қилган. Унинг айтишича, икки нафар эркак унинг вояга етмаган ўғлига ҳужум қилиб, унга тан жароҳати етказган, ҳақорат қилган ва телефонини синдирган. Аризага Шўраевнинг номи ҳам киритилган. Кейинчалик у полицияга ўзи келгани ва шу боис қидирувга эҳтиёж қолмагани маълум бўлган.

2020 йил апрель ойида Шўраев Қарағанда шаҳрида фавқулодда ҳолат шароитида қасддан ёлғон ахборот тарқатганликда айбланиб (Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 274-моддаси) ушланган. Бироқ, кейинчалик унга нисбатан жиноят иши тугатилган.

  • Марказий Осиё мамлакатларига МҲО хавфи борми?

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Россия матбуоти «нато» снарядлари туфайли Қозоғистонга ҳужум қила бошлади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор