Сўнгги уч йил ичида 6 миллиондан ортиқ қочқин Афғонистонга қайтиб келди ва қайтиш жараёни ҳануз давом этмоқда. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳоли пунктлари дастури (БМТ-Хабитат) маълум қилди, деб хабар беради Khaama Press.
БМТ-Хабитат таъкидлашича, қочқинларнинг оммавий қайтиши шаҳарлар ва шаҳар атрофидаги аҳоли пунктларига жиддий босим юзага келтирган. Бу ҳудудларда уй-жой, асосий хизматлар ва инфратузилмага кириш имкониятлари аввалдан ҳам жуда чекланган эди. Ҳозир ҳукумат ва гуманитар ташкилотлар олдида қайтиб келганларни уй-жой, тиббий ёрдам ва иш билан таъминлаш вазифаси турибди.
БМТ-Хабитатнинг июль ойида эълон қилинган «Афғонистонда узоқ муддатли ечимларни режалаштириш» (Durable Solutions Programming in Afghanistan) номли ҳисоботига кўра, қайтиб келганларнинг энг катта қисми Ҳирот, Фароҳ, Қундуз, Қандаҳор ва Бомиён вилоятларида тўпланган. Маҳаллий ҳаётни таъминлаш тизимлари имкониятларининг чегарасида ишламоқда, кўплаб одамлар эса норасмий ва зарур хизматлар етарли даражада кўрсатилмайдиган маҳаллаларга жойлашмоқда.
Ташкилот муносиб уй-жой репатриантлар учун муносиб ҳаётни таъминлашдаги биринчи қадам эканини таъкидлаб, қабул қилувчи жамоаларга кўмакни кучайтиришга чақирмоқда. Ҳисоботда барқарор реинтеграция учун алоҳида янги шаҳарчалар қуриш эмас, балки мавжуд аҳоли пунктларини мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилган.
Асосий лойиҳалардан бири — WAHDAT (Weaving Afghanistan’s Hope and Displacement Actions Together — «Афғонистон умиди ва кўчиш бўйича чора-тадбирларни бирлаштириш») дастуридир. У Ҳирот ва Фароҳ вилоятларида Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ), БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) ва БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси (БМТ ҚОКБ) билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. 2027 йил декабрига қадар мўлжалланган лойиҳа қарийб 650 минг кишини қамраб олиши кутилмоқда. У доирада, хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, жумладан аёллар бошчилик қилаётган хўжаликларга тегишли 880 та уйни таъмирлашга ёрдам кўрсатиш режалаштирилган. Шунингдек, йўллар, дренаж тизимлари ва сув таъминоти объектларини қуриш орқали маҳаллалар инфратузилмасини модернизация қилиш кўзда тутилган. Бу эса қарийб 490 минг кишининг яшаш шароитларини яхшилаши керак.
Яна бир йирик лойиҳа — PAIDAAR (Participatory Action for Integrated Developmental Assistance to Areas of Return — «Қайтиш ҳудудларида комплекс ривожланиш ёрдамини кўрсатиш бўйича биргаликдаги ҳаракатлар») — Қундуз ва Бағлон вилоятларида вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган. Лойиҳа 800 та оила уй-жойини таъмирлаш, лойиҳаларни амалга ошириш бўйича маҳаллий қўмиталар тузиш ва аҳолига иқлим ўзгаришига чидамли қурилиш усулларини ўргатишни назарда тутади.
Дастурларда инқироздан номутаносиб даражада кўпроқ жабр кўраётган аёлларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳаракатланиш, таълим олиш ва ишлашга қўйилган чекловлар уларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини камайтираётган бўлса, оғир уй-жой шароитлари уларнинг хавфсизлигига таҳдидларни кучайтирмоқда. Шу сабабли лойиҳаларда аёллар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, хавфсиз жойлар яратиш ва иқтисодий фаолият билан шуғулланиш имкониятларини кенгайтириш, жумладан уй хўжалиги ва ҳунармандчилик билан шуғулланиш учун шароит яратиш чоралари кўзда тутилган.
БМТ-Хабитат таъкидлашича, узоқ муддатли ечимларга эришиш учун қисқа муддатли гуманитар ёрдамнинг ўзи етарли эмас. Барқарор реинтеграцияни таъминлаш ва жамоаларнинг келажакдаги инқирозларга чидамлилигини ошириш учун шаҳар тизимлари, инфратузилма, тирикчилик манбалари ва маҳаллий ҳокимият органлари салоҳиятини мустаҳкамлашга ўтиш зарур.
Афғонистонда гуманитар эҳтиёжлар дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлиб қолмоқда. Кўп йиллик можаролар, иқтисодий қийинчиликлар ва табиий офатлардан сўнг аҳолининг қарийб ярми — тахминан 23 миллион киши — ҳануз ёрдамга муҳтож. БМТ агентликлари бу мисли кўрилмаган миқёсдаги қайтиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун халқаро кўмакни кучайтиришга бир неча бор чақирган.



