Мирзиёев Сирдарёда қуввати 1573 МВт бўлган ИЭСни ва Қорақалпоғистонда энергияни сақлаш тизимларига эга ШЭСни ишга туширди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Сирдарё вилоятида умумий қуввати 1573 МВт бўлган энергоблоклар, шунингдек, Қорақалпоғистонда қуввати 200 МВт бўлган шамол электр станцияси (ШЭС) ва 100 МВтлик энергияни сақлаш тизими фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Лойиҳалар республика мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган, мамлакат бўйлаб 163 та янги объектни ишга тушириш маросимининг бир қисми бўлди. Маросим 25 август куни президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтказилди.

Шу куни жами 72 та йирик саноат ва хизмат кўрсатиш лойиҳаси, шунингдек, ижтимоий соҳага оид 91 та объект фойдаланишга топширилди. Ишга туширилган объектларнинг умумий қиймати 50 трлн сўмдан (4,6 млрд доллар) ошади.

Энергетика вазири Шерзод Хўжаев аниқлик киритишича, Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида қуввати 1573 МВт бўлган иссиқлик электр станцияси (ИЭС) фойдаланишга топширилди. У йилига 13 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Тўғридан-тўғри инвестициялар асосида амалга оширилган лойиҳанинг умумий қиймати 900 млн долларни ташкил этади. Лойиҳа Франциянинг EDF, Қатарнинг Nebras Power, Япониянинг Sojitz Corporation ва Kyuden International компанияларидан иборат консорциум билан ҳамкорликда амалга оширилди.

Қорақалпоғистоннинг Қораўзак туманидаги ШЭС ва энергияни сақлаш тизими 263 млн доллар эвазига бунёд этилди. Улар Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси билан ҳамкорликда қурилди. ШЭС йилига 701 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқаради.

Навоий вилоятида ҳам янги лойиҳалар амалга оширилди. Хусусан, Нурота туманида қуввати 300 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ва 150 МВтлик энергияни сақлаш тизими қурилди. Лойиҳанинг қиймати 390 млн долларни ташкил этиб, у Хитойнинг China Energy Overseas Investment компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилди. Бу ерда йилига 657 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу 273 мингта хонадоннинг бир йиллик «яшил» энергия истеъмолига тенг.

Наманган вилоятининг Уйчи туманида қуввати 100 МВт бўлган, қиймати 110 млн долларлик энергияни сақлаш тизими ишга туширилди. Лойиҳани амалга оширишда China Energy Overseas Investment компанияси иштирок этди.

Шу куни энергетика соҳасида жами 2423 МВт қувват ишга туширилди. Хўжаев таъкидлашича, ушбу лойиҳаларнинг барчаси ўз категорияси бўйича Марказий Осиёдаги энг йирик лойиҳалар ҳисобланади.

Ишга туширилган янги қувватлар мамлакат энергетика тизимини мустаҳкамлаш ва куз-қиш мавсумида электр тармоғига тушадиган юкламани камайтиришга хизмат қилади.

Қайд этиш лозим, ҳукумат аввалроқ 2030 йилга қадар республикада тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан умумий қуввати 10,3 ГВт бўлган ўнта йирик шамол электр станциясини қуришни режалаштирган эди. Бунинг учун 11 млрд доллар миқдорида инвестиция жалб этилиши кутилган. Ушбу объектлар ишга туширилгач, мамлакатда йилига 35 млрд кВт·соат экологик тоза энергия ишлаб чиқарилади.

25 август куни ишга туширилган бошқа муҳим лойиҳалар қаторида тўқимачилик, металлургия ва озиқ-овқат саноатидаги янги ишлаб чиқариш корхоналари ҳам бор.

Андижон, Наманган ва Жиззах вилоятларида экспортга йўналтирилган тўқимачилик, трикотаж ва гилам маҳсулотлари ишлаб чиқариш фабрикалари очилди. Самарқанд ва Тошкент вилоятларида саноат кооперациясини ривожлантириш ва импорт ўрнини босишга хизмат қиладиган металлургия корхоналари ташкил этилди.

Маросимда ижтимоий объектларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Янги ўқув йили арафасида 36 та болалар боғчаси, 43 та мактаб, 7 та олий таълим муассасаси ва 3 та шифохона фойдаланишга топширилди.

Жумладан, Тошкентда 10 гектар майдонда жойлашган ва 7 минг талабага мўлжалланган «Янги Ўзбекистон» университети мажмуаси фойдаланишга топширилди. Ушбу университетда Гарвард университети билан ҳамкорликда Ректорлар мактаби ташкил этилган. Оксфорд университети билан биргаликда давлат хизматчиларининг малакасини ошириш бўйича “Таълим хаби” ташкил этилади. 1 октябрдан Сунъий интеллект институти иш бошлайди.

Қарши шаҳрида 400 млрд сўм (33,3 млн доллар) маблағ эвазига 3 минг талабага мўлжалланган Иқтисодиёт ва педагогика университети қурилди.

Тошкентда 30 минг квадрат метр майдонга эга, беш қаватли Миллий кутубхона очилди. Кутубхона фондида 200 мингдан ортиқ китоб мавжуд бўлиб, у бир вақтнинг ўзида 1,5 минггача китобхонни қабул қила олади.

Фарғона вилоятида замонавий тиббиёт муассасаси иш бошлади. У йилига 60 минг нафар беморни даволаш ва 30 минг нафар аёлни скринингдан ўтказишга мўлжалланган.

Президент маросимда сўнгги ўн йилда Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажми 2,5 баробардан кўпроқ ошганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, шу даврда саноатга 160 млрд доллар хорижий инвестиция жалб қилинган, 2163 та йирик саноат объекти ишга туширилган ва қарийб 6 млн та доимий иш ўрни яратилган.

«Биз хомашё экспорт қилган давлатдан уни чуқур қайта ишлаш занжири асосида тайёр маҳсулотни жаҳон бозорига олиб чиқадиган иқтисодиётга ўтяпмиз. Энг муҳими, янги корхоналар билан бирга замонавий технологиялар, янги касблар ва юқори малакали иш ўринлари ҳам пайдо бўлмоқда», – деди давлат раҳбари.

Матбуот хизмати маълум қилишича, фақат жорий йилнинг ўзида Ўзбекистонда умумий қиймати 1,7 млрд доллар бўлган 56 та йирик саноат ва хизмат кўрсатиш объекти ишга туширилди, 8,8 мингта иш ўрни яратилди.

Бу мақсадлар учун давлат бюджетидан 46 трлн сўм (3,8 млрд доллар) маблағ ажратилди. 385 та мактаб, 113 та болалар боғчаси ва 81 та шифохона қурилди ҳамда таъмирланди. Шунингдек, 7,5 минг километр автомобиль йўллари, 3,2 минг километр сув таъминоти ва канализация тармоқлари барпо этилди.

Маросим давомида Шавкат Мирзиёев инвесторлар, тадбиркорлар, қурувчилар ва лойиҳачиларга миннатдорлик билдирди.

«Сиз киритаётган ҳар бир инвестиция Ўзбекистон келажагининг пойдеворини мустаҳкамлайди. Сиз яратаётган ҳар бир иш ўрни оилалар фаровонлигига хизмат қилади» — дея президент сўзларини келтиради унинг матбуот хизмати.

Тадбир барча 163 та объектнинг ишга туширилишини англатувчи рамзий тугмани босиш маросими билан якунланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ