АҚШ ва Исроилнинг Эрон Ислом Республикасига қилган ҳужумлари оқибатида февраль ойи охирида ҳалок бўлган Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг жасади дафн этилди. Маросим сиёсий арбобнинг туғилган шаҳри Машҳадда бўлиб ўтди, деб хабар беради bbc.com.
Хоманаий шиаларнинг муқаддас зиёратгоҳларидан бири — Имом Ризо мақбарасига дафн қилинди. Азадорлик маросимида минглаб одамлар иштирок этди. Оятуллоҳ билан видолашиш учун келганлар сони жуда кўп бўлгани сабабли, жасадни дафн жойига олиб бориш йўналишини ўзгартиришга тўғри келди. Шунингдек, кортеж мақбарагача етиб бора олмагани учун маросим ташкилотчилари вертолётдан фойдаланишга мажбур бўлишди.
Қайд этилишича, Эрон режими тарафдорлари Хоманаийнинг суратларини, Ислом Республикаси байроқларини ҳамда АҚШ ва Исроил раҳбарлари — Дональд Трамп ва Биньямин Нетаньяхуларни ўлдиришга чақирувчи плакатларни кўтариб юришган.
Дафн маросими Теҳрон, шунингдек, Эроннинг бошқа шаҳарлари ва қўшни Ироқда ўтказилган бир ҳафталик аза тадбирларини якунлади. Маҳаллий ОАВ ҳисоб-китобларига кўра, оятулло билан видолашиш маросимларида жами қарийб 40 миллион киши иштирок этган.
Дафн маросими Эрон ва АҚШ ўртасидаги янада кескинлашган можаро фонида бўлиб ўтди. Янги эскалацияга Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) назорати остида бўлган Ҳурмуз бўғозида нефть танкерларининг рухсатсиз ҳаракатланиши сабаб бўлди. Бир неча кун олдин Эрон ҳарбийлари ИИҚК билан келишмасдан бўғоздан ўтишга уринган денгиз кемаларига зарба берди.
Эрон қуролли кучларининг ҳаракатларига жавобан АҚШ ҳарбийлари Ислом Республикаси ҳудудига ҳужум қилди. Пентагон маълумотларига кўра, зарбалар натижасида 90 дан ортиқ нишон йўқ қилинган. Теҳрон ҳам жавоб қайтариб, Яқин Шарқ мамлакатлари — Кувайт, Баҳрайн ва Қатардаги АҚШ ҳарбий базалари томон ракета ва дронлар йўллади.
Вазият ҳануз таранглигича қолмоқда, можаро томонлари бир-бирига нисбатан таҳдидли баёнотлар беришда давом этмоқда.
ℹ️ Али Хоманаий 28 февраль куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга қилган зарбалари оқибатида ҳалок бўлди. Дастлаб уни март ойида дафн этиш режалаштирилган эди, аммо давом этаётган ҳарбий ҳаракатлар сабабли маросимлар кечиктирилди. Хоманаий 1989 йилдан буён Эронга раҳбарлик қилган; мамлакат олий раҳбари лавозимида унинг ўғли — Мужтабо Хоманаий вориси бўлди.



