Толиблар Афғонистонда энергетикани ривожлантириш бўйича беш йиллик режани тасдиқлади

Толиблар* Афғонистонда электр энергияси ишлаб чиқариш ва узатиш қувватларини кенгайтириш бўйича беш йиллик режани тасдиқлади. Бу ҳақда RTA.af Абдулғани Барадар — «Толибон»* ҳукуматининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари офисига таяниб хабар берди.

Режа аввалроқ толибларнинг иқтисодий комиссияси томонидан маъқулланган, энди эса ҳаракатнинг олий раҳбари Ҳайбатулла Охундзода томонидан ҳам қўллаб-қувватланган. Дастур энергетика соҳасини кенгайтириш, иқтисодий ривожланишни мустаҳкамлаш ва импорт қилинадиган электр энергиясига қарамликни камайтиришга қаратилган. Баёнотда таъкидланишича, ушбу ҳужжат мамлакатдаги электр қувватлари етишмовчилиги муаммосини тизимли равишда ҳал қилишга қаратилган.

Эълон қилинган маълумотларга кўра, режа ички ресурслардан фойдаланган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича 25 та лойиҳани ўз ичига олади. Улар орасида гидроэнергетика, қуёш ва шамол энергияси, шунингдек, кўмир асосидаги электр ишлаб чиқариш лойиҳалари мавжуд. Бундан ташқари, ҳужжат электр узатиш тармоқларини кенгайтириш бўйича 13 та лойиҳани якунлаш ва 23 та янги лойиҳани бошлашни назарда тутади. Шунингдек, энергетика инфратузилмасини ривожлантириш алоҳида қайд этилган: режага 21 та подстанция қурилишини тугатиш, яна 21 та янги подстанция барпо этиш ҳамда электр энергиясини тақсимлаш бўйича 34 та лойиҳани амалга ошириш киритилган.

«Толибон»нинг расмий баёнотида режанинг умумий қиймати, молиялаштириш манбалари, кутилаётган ишлаб чиқариш қуввати ёки алоҳида лойиҳаларни амалга оширишнинг батафсил жадвали очиқланмаган.

Афғонистон ҳали ҳам қўшни давлатлардан электр энергияси етказиб беришга қаттиқ боғланиб қолган. БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) июнь ойида маълум қилишича, мамлакат электр энергиясининг қарийб 80 фоизини импорт қилади. Шу билан бирга, ушбу импортнинг 90 фоиздан ортиғи Марказий Осиё давлатлари ҳиссасига тўғри келади, қолган қисми эса Эрондан сотиб олинади.

Жорий қувватлар ва эҳтимолий талаб ўртасидаги катта фарқ Афғонистонни импортдаги узилишлар ва доимий электр танқислигига нисбатан заиф ҳолатга келтирмоқда. Масалан, Қобулда электр таъминоти даражаси мавсум ва электр узатиш тармоқларининг ҳолатига боғлиқ. Пойтахт аҳолиси узоқ давом этадиган кундалик электр ўчиришларидан бир неча бор шикоят қилган. 2025 йил ёзида айрим одамлар кунига саккиз соатдан ортиқ вақт электрсиз қолганини айтишган.

Сўнгги йилларда «Толибон» бир нечта йирик энергетика ташаббусларини эълон қилди, аммо уларнинг кўпчилиги ҳали қурилиш ёки амалга оширишнинг дастлабки босқичларида турибди. Афғонистон Миллий энергетика компанияси яқинда умумий режалаштирилган қуввати 1820 МВт бўлган 17 та электр ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича шартномалар имзоланганини маълум қилди. Ушбу лойиҳаларда ҳам сув, қуёш ва шамол энергияси, шунингдек, кўмирдан фойдаланиш кўзда тутилган.

*Ташкилот Россия Федерацияси ва Ўзбекистонда террорчи ташкилот сифатида тан олинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ