Тақиқланган ниқоб — Қозоғистонда юзни беркитадиган кийим кийгани учун 1,6 мингдан ортиқ инсон жазоланди

kz.kursiv.media сайти фотосурати

Қозоғистонда жамоат жойларида шахсни аниқлашга тўсқинлик қилувчи кийим-кечак кийгани учун 1613 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.

Вазирлик эслатишича, мазкур тақиқ “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонун билан белгиланган. Шу билан бирга, бундай кийим-кечакдан қонун талабларига риоя қилиш, тиббий мақсадларда, фуқаролик мудофааси учун, муайян об-ҳаво шароитида, спорт ва маданий тадбирларда қатнашиш учун фойдаланилган ҳолатлар мустасно бўлиши мумкин.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекснинг 434-3-моддасига мувофиқ, қоида илк бор бузилганда огоҳлантириш берилади. Агар ушбу ҳуқуқбузарлик бир йил ичида такроран содир этилса, 10 ОҲК (ойлик ҳисоб-китоб кўрсаткичи) миқдорида, яъни тахминан 88 АҚШ долларига тенг жарима қўлланилади.

Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таъкидлашича, мазкур норма жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқ-тартиботни сақлаш мақсадида жорий этилган.

Қосим-Жомарт Тўқаев 2025 йил июнь ойида жамоат жойларида юзни тўсиб турувчи кийим-кечакни тақиқловчи қонунни имзолаганди. Ҳужжатда айнан қайси турдаги кийим назарда тутилгани аниқ кўрсатилмаган бўлса-да, тез орада бу тақиқ ниқоб ва паранжилар билан бир қаторда юзни тўлиқ ёпадиган диний кийимларга ҳам тааллуқли экани маълум бўлди. Жумладан, Қозоғистонда бу борада муҳокамалар бир неча йил давом этган ниқоб ҳам шу рўйхатга киритилди. Илгари президент ниқобни архаик кийим шакли деб атаб, уни Қозоғистон аёлларига радикал кайфиятдаги неофитлар томонидан сингдирилаётган одат сифатида баҳолаган эди.

Таъкидлаш жоиз, жамоат жойларида паранжи ва ниқоб кийиш учун огоҳлантириш ҳамда жарима кўринишидаги жавобгарлик чоралари республикада бироз кейинроқ — 2025 йил декабрь ойи охиридан бошлаб амал қила бошлаган. Яъни, сўнгги ярим йил ичида ушбу модда асосида 1613 нафардан ортиқ шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.