Қозоғистон Firebird ва NVIDIA компаниялари билан сунъий интеллект соҳасида 10 миллиард долларлик келишув имзолади

gov.kz сайти фотосурати

Қозоғистон ҳукумати Firebird ва NVIDIA компаниялари билан сунъий интеллект соҳасида 10 миллиард долларлик келишув имзолади. Бу ҳақда республика ҳукумати матбуот хизмати маълум қилди.

Имзолаш маросимида Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов, NVIDIA вице-президенти Рев Лебаредиан ҳамда Firebird ҳаммуассислари Размик Овакимян ва Александр Есаян иштирок этган.

Ҳужжатлар Экибастузда “Маълумотлар маркази водийси” лойиҳасини амалга оширишни назарда тутади. У ерда Евроосиёдаги энг йирик сунъий интеллект ҳисоблаш кластерларидан бири барпо этилиши режалаштирилган. Режага кўра, инфратузилма 100 минггача замонавий NVIDIA GPU чипларини ўз ичига олади.

Бош вазир Олжас Бектенов таъкидлашича, сунъий интеллект ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш давлатнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Унинг сўзларига кўра, лойиҳа халқаро технологик ҳамкорларни жалб қилиш ва мамлакатни глобал рақамли инфратузилма жойлашуви марказига айлантиришга хизмат қилади.

Қозоғистон Бош вазир ўринбосари ва Сунъий интеллект ҳамда рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиевнинг айтишича, 10 миллиард долларлик инвестициялар йилига камида 3 миллиард доллар экспорт тушумини таъминлаши, янги иш ўринлари яратиши ва Қозоғистоннинг Евроосиёда рақамли хаб сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаши мумкин.

Firebird компанияси сунъий интеллект инфратузилмасини ривожлантириш, маълумот марказларини қуриш ва юқори унумдор ҳисоблаш тизимларини яратиш билан шуғулланади. Унинг ҳамкорлари орасида NVIDIA ҳам бор — бу компания сунъий интеллект ва ҳисоблаш технологиялари соҳасидаги дунёдаги етакчилардан бири ҳисобланади. NVIDIA ечимлари йирик суперкомпьютерлар ва маълумот марказларида қўлланилади ҳамда замонавий генератив СИ моделларининг асосини ташкил қилади.

Экибастузда амалга оширилаётган “Маълумотлар марказли водийси” лойиҳаси Марказий Осиёдаги энг йирик дата-марказлар кампусини барпо этишни назарда тутади. Унинг умумий энергетик қуввати 1 ГВтгача етиши кутилмоқда. Лойиҳани қуриш учун умумий майдони 1,4 минг гектар ер участкалари ажратилган.