Қозоғистон президенти Давлат қўриқлаш хизмати ваколатларини кенгайтирди

akorda.kz сайти фотосурати

Давлат қўриқлаш хизматига (ДҚХ) аксилтеррор операцияси зоналарида огоҳлантиришсиз қурол ва ҳарбий техникадан фойдаланишга рухсат берилади. Тегишли ўзгартиришларни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев имзолади, деб хабар беради Оқўрда матбуот хизмати.

Ҳужжат «Қозоғистон Республикаси Давлат қўриқлаш хизмати тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритади ва ушбу махсус давлат идораси ваколатларини кенгайтиради. Хусусан, жанговар қуроллардан фойдаланиш асослари рўйхати кенгайтирилган. ДҚХ ходимлари энди улардан қурол, ўқ-дори, портловчи моддалар, кучли кимёвий ва заҳарли моддаларни ноқонуний сақлаган ёки олиб юрган шахсларни қуролсизлантириш учун фойдаланишлари мумкин бўлади.

Бундан ташқари, илгари ДҚХ жанговар қуроллардан фақат қўриқланадиган объектлар ва транспорт воситаларига қилинган ҳужумларни қайтариш учун фойдаланиши мумкин бўлган бўлса, энди қонун уларга қўриқланадиган транспорт воситалари ишғол қилинганда, уларни озод қилиш ҳуқуқини беради.

Тузатишлар, шунингдек, давлат қўриқлаш ходимларига зарур қурол ёки махсус жиҳозлар бўлмаса, ўзларини ҳимоя қилиш ёки жиноятчини ҳибсга олиш учун қўлбола воситалардан фойдаланишга имкон беради.

Бундан ташқари, қонунда хизмат жониворларидан фойдаланиш тўғрисидаги қоидалар киритилади. Буларга «ҳимоя остидаги шахслар ва объектларга қарши жиноятларнинг олдини олиш, аниқлаш ва бостириш, жиноятчиларни аниқлаш, ҳушёр туриш, транспорт воситаларини текшириш, жойни ўрганиш ва қоидабузарларга жисмоний, психологик ёки чекловчи таъсир кўрсатиш, шунингдек, бошқа расмий вазифаларни бажариш учун» фойдаланиладиган итлар ва отлар киради.

Қозоғистон президенти Давлат қўриқлаш хизмати ваколатларини сўнгги бир йил ичида иккинчи бор кенгайтирмоқда. Аввалроқ, 2025 йил сентабрида у ушбу органга миллий хавфсизлик соҳасида янги функцияларни берган эди. Хусусан, ташкилот инқирозли вазиятларда бошқа хавфсизлик идоралари билан ҳаракатларни мувофиқлаштириш, сафарбарликка тайёргарлик тадбирларида иштирок этиш ва юқори лавозимли давлат амалдорлари хавфсизлиги ва стратегик объектлар ҳимоясини таъминлаш чораларини кучайтириш ваколатига эга бўлди.