Қозоғистон Спорт вазирлиги фигурали учувчи Шайдоров билан жанжаллашган масъулларни жазолади

Telegram/olimpickz

Қозоғистон Туризм ва спорт вазирлиги фигурали учиш бўйича мамлакатнинг биринчи Олимпия чемпиони Михаил Шайдоров билан жанжаллашган масъулларни жазолади. Бу ҳақда 9 июнь куни бўлиб ўтган брифингда вазирлик раҳбари Ербол Мирзабосинов маълум қилди, деб хабар беради Курсив.kz.

У вазиятга «коммуникация бузилгани» сабаб бўлганини айтган. «Иккала томонда ҳам менежерлар, ижрочилар, айтганда, [...] вазиятни нотўғри тушунишган», — деб тушунтирди вазир ва улар (иккала томон ижрочилари ва менежерлари) бунинг учун маъмурий жазога тортилганини қўшимча қилди.

Мулозимнинг сўзларига кўра, Шайдоровнинг шартномаси билан боғлиқ муаммо энди тўлиқ ҳал қилинган.

«Шартнома шартлари тушунтирилди ва у имзоланди. Шуни таъкидлаш лозим, шартнома стандарт ҳисобланади. Ва уни нафақат олимпиячилар, балки барча спортчилар имзолайдилар. Шуни ҳам таъкидлашни истардимки, у халқаро амалиёт, Допингга қарши кураш агентлиги ва Олий аудит палатасининг тавсияларига мувофиқ тузилган», — деб таъкидлади вазир.

Туризм ва спорт вазири Шайдоров 2030 йилги Олимпия ўйинларида медални қўлга кирита олмаса, пулни қайтариб беришга мажбур эмаслигига аниқлик киритди.

Бундан ташқари, спортчи АҚШдаги ўқув-машғулот йиғинидан қайтгач, унга Республиканинг хизмат кўрсатган спорт устаси сертификати берилади.

Шайдоров Олмаота шаҳридан бўлган яккалик конкида учувчиси ва Қозоғистоннинг фигурали учиш бўйича биринчи Олимпия чемпиони ҳисобланади. У 2026 йили Милан ва Кортине-д'Ампеццода бўлиб ўтган ўйинларда олтин медални қўлга киритган.

Аввалроқ спортчи янги мавсумга тайёргарлик кўраётганига қарамай, шу йилнинг февраьл ойидан бери маошини ололмаётганини айтганди. Бунга жавобан спорт расмийлари январь ва февраль ойлари учун тўловлар амалдаги шартнома бўйича амалга оширилганини ва янги шартнома ҳали келишилмаганини айтишганди. Спортчи, ўз навбатида, ҳуқуқий келишмовчиликлар туфайли ҳужжатга рози бўлмаганини тушунтирганди.

«2026 йил охиригача амал қиладиган шартномада 2030 йилги Олимпиада ўйинларида медални қўлга киритиш мажбурияти ёзилган. Мен ва жамоам шунчаки ушбу бандни ҳуқуқий нуқтаи назардан қайта кўриб чиқишни сўрадик, чунки бу мантиқсиз ва имконсиз масала. Мен 2026 йили тўрт йилдан сўнг бўладиган Олимпиадада ғалаба қозона олмайман», — деб ёзганди Шайдоров ижтимоий тармоқларда.

Спортчи шунингдек, 2025 йили талаб қилинган стандартга эришиб, Жаҳон чемпионатида иккинчи ўринни эгаллаганига қарамай, унга ҳали ҳам фахрий спорт устаси сертификати берилмаганини маълум қилди.

1 июнь куни Туризм ва спорт вазирининг ўринбосари Серик Жарасбаев томонлар келишувга эришганини ва спортчи вазирлик билан шартнома имзолаганини маълум қилди. У Шайдоров олдидаги барча мажбуриятлар тўлиқ бажарилишини айтди.