Қозоғистон Алатауда ҳаво таксиларини ишга тушириш учун 300 миллион долларлик электр самолётларини сотиб олади

jobyaviation.com фотосурати

Қозоғистон янги Алатау шаҳрида ҳаво таксиларини ишга тушириш учун қарийб 300 миллион долларлик eVTOL электр самолётларини сотиб олади. Тегишли меморандум Вашингтонда имзоланди, деб хабар берди 7 ноябрь куни Қозоғистон Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳужжатни Қозоғистон вазирлиги, электр самолётлар ишлаб чиқарувчиси, Американинг Joby Aero компанияси, ҳаво таксисини бошқарадиган Alatau Advance Air Group хусусий компанияси ва тадбиркор Вячеслав Ким (Forbes версияси бўйича Қозоғистоннинг энг бой одамлари рўйхатида 7,1 миллиард долларлик бойлиги билан биринчи ўринда) вакиллари имзоладилар.

«Электр eVTOL самолётларини сотиб олиш ақлли шаҳарларни ривожлантириш ва инновацион технологияларни жорий этишда муҳим қадам бўлади. Ушбу чора Алатаунинг илғор келажак технологияларига эга ноёб шаҳар сифатида ривожланишига таъсир қилади», — деди Қозоғистоннинг Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиев.

eVTOL (electric vertical take-off and landing) — самолётлари электр энергияси билан ишлайди. Ушбу самолётлар Қозоғистоннинг биринчи шаҳар ҳаво мобиллиги лойиҳасининг асосини ташкил этади. Улар аввал синовдан ўтказилади, кейин сертификатланади ва кейин Алатау ва Олмаота транспорт тармоғига интеграция қилинади.

Алатау — Қозоғистон харитасида янги шаҳар. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев уни барпо этиш тўғрисидаги фармонни ўтган йил январь ойида имзолаган. Қозоғистон расмийларининг фикрига кўра, Алатау халқаро бизнес хабига айланиши режалаштирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ