Олмаотада собиқ мэр Заманбек Нурқадиловга ёдгорлик лавҳаси очилди, деб хабар беради Ztb.kz нашри. У бир вақтлар сиёсатчи яшаган уйга ўрнатилган.
90-йиллари Нурқадилов биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг иттифоқчиси ва Қозоғистондаги энг машҳур сиёсий арбоблардан бири бўлган. У Олмаота шаҳрининг биринчи мэри бўлган, кейин эса Фавқулодда вазиятлар вазири лавозимида ишлаган. 2000-йиллар бошида Нурқадилов мухолифатга ўтади, Назарбоев ва унинг атрофидагиларни танқид қила бошлайди.
«Коммерсантъ» газетасининг ёзишича, Нурқадилов Қозоғистонда Коррупция бўйича халқаро тергов бюросини ташкил қилган ва унинг қўлида президент Назарбоев ва унинг кўплаб шериклари томонидан содир этилган коррупция жиноятлари ҳақида жуда кўп далиллар борлигини бир неча бор таъкидлаган. У бу айблов далилларини хориж банкларининг сейфларида сақлаётганини айтиб, ўз вақтида оммага эълон қилишга ваъда берган.
2005 йил 12 ноябрда Нурқадилов Олмаотадаги ўз уйида учта ўқ еб, ўлик ҳолда топилган – ўқларнинг бири бошига, иккитаси кўкрагига отилган. Ўлимининг расмий сабаби ўз жонига қасд қилиш бўлган. Сиёсатчининг шериклари унинг ўлдирилганини даъво қилишган. Иш 2006 йилнинг ноябрида ёпилган.
2024 йили Нурқадилов 80 ёшга тўлган бўларди. Январь ойида амалдаги президент Қосим-Жомарт Тўқаев Нурқадилов туғилган Кеген қишлоғида (Олмаота вилояти) сиёсатчига ҳайкал ўрнатишга «рухсат бергани» маълум бўлди. Тўқаевнинг матбуот котиби Берик Уали давлат раҳбарининг Нурқадилов яқинларига ёзган мактубини шахсан топширди. «Халқ ўғлонлари номларини улуғлаш ва уларнинг меҳнатига муносиб баҳо бериш авлодлар бурчидир», – дейилади Мурожаатномада. Унда сиёсатчи яшаган уйга мемориал тахта ўрнатиш нияти ҳам тилга олинган.