Афғонистонда кучли ёмғирлар оқибатида юзага келган сув тошқинлари 50 кишининг ҳаётига зомин бўлди

Қандаҳордаги сув тошқини. AFP фотосурати

Афғонистонда тўрт кун ичида кучли ёмғир сабаб бўлган сув тошқинлари оқибатида 50 киши ҳалок бўлган, 36 киши жароҳатланган. Бу ҳақда Тolonews агентлиги толиблар* ҳукуматидаги Табиий офатларга қарши кураш вазирлигига таяниб хабар берди.

«Яқинда ёққан ёмғир ва сув тошқинлари натижасида биз 50 нафар ватандошимизни йўқотдик, 36 нафарини жароҳат олди. Умуман олганда, мазкур сув тошқинлари натижасида 400 бошга яқин чорва моллари нобуд бўлган, 706 та уй вайрон бўлган, яна 1606 та уй зарар кўрган», — дейди вазирлик матбуот котиби Жанан Сайек.

Ўлимларнинг аксарияти уйларнинг томлари қулаши туфайли содир бўлган.

Бодғис, Урузгон, Фараҳ, Пактия, Зобул, Ҳилманд, Кунар, Кобул, Бадахшон, Ғор, Қандаҳор, Тахор ва Парвон вилоятларида сув тошқинлари юз берган.

Маҳаллий метеорология бошқармаси маълумотларига кўра, яқин кунларда Афғонистонда мавжуд 34 вилоятнинг аксариятида кучли ёмғир ёғиши кутилмоқда. Энг кўп ёғингарчилик Ғазни, Қобул, Қандаҳор ва Нангарҳор вилоятларига тўғри келади.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ