РФ Давлат думаси Марказий Осиё мамлакатларини «расман дўстона» деб атади

Ирина Роднина. er-gosduma.ru сайти видеосидан кадр

Россия Давлат думаси халқаро ишлар қўмитаси раиси ўринбосари Ирина Роднина Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистонни Россияга расман дўстона давлатлар деб атади.

Er-gosduma.ru хабар беришича, Давлат Думаси йиғилишида РФ Марказий банки раиси Эльвира Набиуллинанинг регуляторнинг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитган Роднина «Мир» карталари борасидаги масалани кўтарган. Унинг эслатишича, бир қатор мамлакатлардаги банк ташкилотлари ва тўлов тизимлари АҚШ Ғазначилиги томонидан санкциялар жорий этилганидан сўнг ушбу карталарга хизмат кўрсатишдан тўлиқ ёки қисман бош тортган.

«Улар орасида нафақат хорижий давлатлар, балки Россияга расман дўстона бўлган Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳам бор. Россия банки россияликлар учун янги санкциялар оқибатларини минималлаштириш учун қандай чоралар кўришни режалаштирмоқда ва Марказий банк мазкур мамлакатлар фуқаролари томонидан Россиядан ўз ватанларига пул маблағларини ўтказишни чеклаш ёки тақиқлаш бўйича жавоб чораларини кўряптими?» — дея савол берди собиқ спортчи.

Набиуллина Россия «дўстона давлатлар билан инфратузилмани сақлаш ва ривожлантириш ҳамда муқобил ечимларни излаш бўйича мулоқотларни» давом эттираётганини айтган.

«Маълум сабабларга кўра, қандай муқобил ечимлар устида ишлаётганимизни ошкор қилолмайман. Лекин биз ҳамкорларимизга шундай иш тўлов механизмларини яратиш ўзаро манфаатли эканини тушунтиряпмиз. Улар, шунингдек, Россиядан сайёҳлар оқими кенгайишидан ва меҳнат мигрантларининг [пул] ўтказмаларидан манфаатдор. Кўпгина ҳамкорларимиз бу ўзаро манфаатдорлик эканини тушунишади. Биз платформа ечимларининг мумкин бўлган интеграциясини муҳокама қиляпмиз», — деди РФ МБ раҳбари.

Жавоб чоралари ҳақида гапираркан, Набиуллина чекловлар ва тақиқлар жорий этилишининг назарий имкониятларини тан олди.

«Агар улар конструктив ҳаракат қилишмаса ва айрим муқобил механизмларни қабул қилиш устида ишлашмаса, мазкур давлатлар билан муносабатларда бундай қарорга охирги чора сифатида қараш лозим», — дея хулоса қилган МБ раиси.

ℹ️ «Мир» — бу РФ ичидаги барча транзакцияларни қайта ишлайдиган ва ўз тўлов карталарини чиқаришни ривожлантирувчи Россия миллий тўлов тизими. У 2014 йил июль ойида Ғарб давлатлари томонидан Россия раҳбариятига қарши жорий қилинган санкцияларнинг биринчи тўлқинидан кейин яратилган. «Мир» оператори тўлиқ Россия банки томонидан назорат қилинадиган Миллий тўлов карталари тизими (МТКТ) ОАЖ ҳисобланади. Карталарни оммавий ишлаб чиқариш 2017 йили барча бюджет тўловларини «Мир «карталарига мажбурий ўтказиш тўғрисидаги фармондан кейин бошланган. 2019 йили «Алоқабанк» Ўзбекистондаги «Мир» тўлов иловасига эга UzCard карталарининг биринчи эмитенти бўлди.

«Интерфакс» маълумотларига кўра, 2022 йил сентябрь бошида «Мир» карталари 11 давлатда қабул қилинган: Ўзбекистондан ташқари булар Туркия, Вьетнам, Жанубий Корея, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Жанубий Осетия ва Абхазиядир.

2022 йил 15 сентябрда АҚШ Молия вазирлигининг (OFAC) Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси Россия МТКТ билан шартномалар тузаётган америкалик бўлмаган молия институтлари Россиядан ташқарида «Мир» тўлов тизимидан фойдаланиш ҳудудини кенгайтириш орқали АҚШ санкцияларини четлаб ўтиш бўйича ҳаракатларга аралашиб қолиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Аниқлик киритилишича, МТКТнинг ўзи санкциялар рўйхатида йўқ.

OFAC баёнотидан сўнг чет элда, жумладан Ўзбекистон, Қозоғистон ва қисман Қирғизистонда «Мир» карталарини қабул қилиш тўхтатилгани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади.

2024 йил 23 февралда Қўшма Штатлар Миллий тўлов карталари тизимига қарши санкциялар киритди. Апрель ойида Қирғизистон миллий тўлов тизими «Элкарт» МТКТ билан ҳамкорликни тўхтатганини ва «Мир» карталарига хизмат кўрсатишни тўхтатганини эълон қилди. Қирғизистон Бош вазири Ақилбек Жапаровнинг тушунтиришича, хизмат «Элкарт» тизимининг ягона оператори бўлган Банклараро процессинг маркази (БПМ) ишини қўллаб-қувватловчи Латвия компанияси талабига кўра тўхтатилган.

12 апрель куни «Кабар» агентлигига берган интервьюсида Бош вазир Қирғизистон ҳукуматининг «Мир» карталарига хизмат кўрсатиш тўхтатилишига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини тушунтирди.

«Биз бу ҳақда хизмат кўрсатиш тўхтатилганидан кейин билдик. Чунки БПМ ҳукуматга қарашли эмас, у тижорат банклари томонидан бошқарилади. Тижорат банкларининг 54% дан кўпроғига тегишли бўлган БПМ устидан ҳатто Миллий банк ҳам назоратга эга эмас. Ўйлайманки, тижорат банклари эҳтимолий санкциялардан қўрқиб кетган бўлиши мумкин», — деган Жапаров.

Унинг фикрича, «БПМ бу масалада Вазирлар Маҳкамаси билан келишиб олса яхши бўларди, чунки Россияда миллиондан ортиқ фуқароларимиз бор. Уларнинг барчаси «Мир» карталаридан фойдаланади.

«Биз уч йилдан бери Россиядан Қирғизистонда ўз банкини ёки йирик банк филиалини очишни сўраб келяпмиз. Улар ваъда беришяпти, лекин ҳали очишмади. Улар жуда секин ишлайдими ёки шунчаки банк очишни хоҳламашмаяптими, билмайман. Ҳеч бўлмаганда битта банк бўлимини очишса яхши бўларди»,дея хулоса қилади Жапаров.
ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда ҳарбий марш бўлиб ўтди

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди