Қозоғистон БМТнинг электрон ҳукумат рейтингида Германия ва Японияни ортда қолдирди

desapublications.un.org сайтидан скриншот

Қозоғистон БМТнинг электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингида (UN EGDI) 24-ўриндан 16-ўринга кўтарилди. Мамлакат илк бор Германия, Япония ва Швецияни ортда қолдириб, энг юқори рейтинг гуруҳига кирди. Бу ҳақда Марказий Осиё республикасининг Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлигида маълум қилинди.

Икки йил ичида Қозоғистон индекси глобал ўртача 0,6675 кўрсаткич фонида 0,9009 дан 0,9363 гача кўтарилди. БМТ ҳисоботида бу юксалиш электрон ҳукумат даражаси юқори бўлган давлатлар орасидаги энг салмоқлиларидан бири сифатида баҳоланди.

Қозоғистон ушбу соҳада жаҳон етакчиси бўлган 21 та давлат гуруҳига кирди. 2026 йилда унга илк бор Ирландия ва Польша ҳам қўшилди.

Вазирлик маълумотларига кўра, икки йил ичида Қозоғистон 2024 йилда рейтингда ўзидан юқорида турган олтита давлатни: Швеция, Германия, Ирландия, Янги Зеландия, Австрия ва Японияни ортда қолдирди. Кўпинча рақамли давлат намунаси сифатида кўрсатиладиган Эстония билан тафовут эса тўрт бараварга қисқарди.

Барча асосий йўналишлар бўйича ўсиш қайд этилди. Хусусан, мобил алоқа ва интернетнинг қамрови бўйича Қозоғистон 41-ўриндан 13-ўринга кўтарилди. Таълим даражаси ва рақамли кўникмалар бўйича мамлакат тахминан 42-ўриндан 28-поғонага силжиди. Электрон ҳукуматнинг ҳуқуқий базаси БМТ томонидан энг юқори баҳога сазовор бўлди, дейилади хабарда.

Ҳисоботда, шунингдек, Қозоғистоннинг рақамли экотизими, жумладан eGov.kz портали ва eGov Mobile иловаси алоҳида эътироф этилди. БМТ баҳосига кўра, улар давлат платформалари, рақамли идентификация ва мобил сервис хизматлари уйғунлашган интеграциялашган рақамли давлат намунасига айланди.

Рақамли ривожланиш вазирлиги Қозоғистонда давлат хизматларининг 90 фоиздан ортиғи эндиликда онлайн тарзда кўрсатилаётганини таъкидлади. eGov.kz порталида 16,4 миллиондан ортиқ фойдаланувчи рўйхатдан ўтган. 2026 йилнинг январь-октябрь ойлари давомида у орқали 51 миллиондан зиёд хизмат кўрсатилди, уларнинг қарийб учдан икки қисмини фуқаролар смартфонлар орқали олган.

Жорий йилда Қозоғистонда янгиланган электрон ҳукумат платформаси ҳам ишга туширилди. Фойдаланувчилар ўзлари маълумотнома тўплаб, ҳужжат илова қилиб юрмасликлари учун давлат маълумотлар базалари интеграция қилинди. Тадбиркорлар учун алоҳида eGov Business платформаси фаолият юритмоқда, хизматларни шахсан олишни маъқул кўрадиган фуқаролар учун эса AI-АХМлар (аҳолига хизмат кўрсатиш марказлари) ташкил этилмоқда.

«Рейтинг биз учун ҳеч қачон ўз-ўзидан мақсад бўлмаган, у катта ва тизимли меҳнат самарасидир. Давлат раҳбари уч йилда тўлақонли рақамли мамлакатга айланишдек аниқ вазифани белгилаб берган эди. Алоҳида лойиҳалар эмас, айнан тизимлилик натижа берди. БМТ сайтларни эмас, балки бутун давлат тизимининг қандай ишлашини баҳолайди», — деди Бош вазир ўринбосари — сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиев.

ℹ️ МДҲ ва Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон рейтинг етакчисига айланди. Таққослаш учун: Ўзбекистон 32-ўринни эгаллади. Шунга қарамай, Тошкентда мамлакат илк бор электрон ҳукумат ривожланиши жуда юқори бўлган давлатлар (Very High EGDI) тоифасига киргани эътироф этилди. Республика икки йил ичида ўз натижасини 31 поғонага яхшилади, 2020 йилга нисбатан эса бирданига 55 поғона юқорилади.

Қирғизистон рейтингда 83-ўринни, Тожикистон — 131, Туркманистон — 146, Россия эса 50-поғонани эгаллади. Етакчи бешликдан эса Жанубий Корея, Дания, Сингапур, Саудия Арабистони ва БАА ўрин олди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ