Қирғизистон 2027 йил баҳорида Европа шаҳарларига янги тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда, деб хабар бермоқда Туризмни ривожлантириш давлат агентлиги директори Эдуард Кубатовга таянган «Кабар» агентлиги.
Мулозимнинг сўзларига кўра, республика фуқаро авиацияси вакиллари ва аэропортлар раҳбарлари Франкфурт, Мюнхен, Прага, Милан, Лондон ҳамда Будапешт шаҳарлари билан авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Биринчи босқичда жами бешта мамлакатга йўналишларни ишга тушириш кўзда тутилган, бироқ аниқ йўналишлар рўйхати ҳозирча белгиланмаган.
Кубатовнинг тушунтиришича, дастлаб расмийлар Қирғизистонга хорижий авиаташувчиларни, жумладан, Lufthansa, Air France ва British Airways компанияларини жалб қилиш ниятида. Кейинчалик Европага тўғридан-тўғри рейсларни Қирғизистон авиакомпаниялари ҳам амалга оширади. Хусусан, миллий ташувчи Asman Airlines 2027 йилда дастлабки йирик йўловчи самолётларини қабул қилиб олиши кутилмоқда, бу эса парвозлар географиясини кенгайтиришга имкон беради.
«2027 йилда Қирғизистондан Европага бешта тўғридан-тўғри йўналиш очилишига қаттиқ ишонаман», — дея таъкидлади агентлик раҳбари.
Юқорида қайд этилган йўналишлардан ташқари, республика ҳукумати Токио, Сеул ва Сингапур билан тўғридан-тўғри авиаалоқа ўрнатиш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда. Бу рейсларни ишга туширишнинг аниқ муддатлари ҳам ҳозирча маълум қилинмаган.
2026 йил июнь ойида Европа Иттифоқи Қирғизистоннинг барча авиакомпанияларини ЕИ ҳудудига парвоз қилиши тақиқланган ташувчилар рўйхатидан чиқарди. «Фарғона» аввалроқ ёзганидек, республика парвозлар хавфсизлигини таъминлашдаги камчиликлар туфайли 2006 йилдан буён қора рўйхатда қолиб келаётган эди.



