Ўзбекистонда Қозоғистоннинг йўлларда хавфсизликни таъминловчи «Сергек» тизими ишга туширилди

kolesa.kz сайти фотосурати

Қозоғистон Ўзбекистонга жамоат ва йўл ҳаракати хавфсизлиги таъминловчи «Сергек» тизимини экспорт қилди. Бу ҳақда Kazakh Export суғурта компаниясига таяниб, Tengrinews.kz хабар беради.

Камералар Ўзбекистонда аҳоли зичлиги бўйича иккинчи шаҳар (Тошкентдан кейин) Наманганда ўрнатилди. «25 та аппарат-дастурий тизим вилоятнинг шаҳар ва туманларининг 13 та участкасидаги йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатларини қайд этади. Тизим Қозоғистон шаҳарларида бўлгани каби Наманганда тезликни ошириш, светофордан ўтиш, йўл белгиларини бузиш ҳолатларини аниқлайди», — дейилади хабарда.

«Сергек» жамоат ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминловчи интеллектуал тизими Қозоғистоннинг Sergek Group компаниялар гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган. Ҳозирда тизим республиканинг саккизта шаҳрида: Остона, Уст-Каменогорск, Олмаота, Атирау, Чимкент, Семей, Тараз ва Туркистонда ишламоқда.

Бундан олдин, Sergek Group ўз маҳсулотларини экспортга йўналтиришни режалаштираётганини маълум қилганди. Ижодкорларнинг фикрича, тизимнинг ўрнатилиши ҳайдовчилар интизомини яхшилаш ва ўлим билан якунланувчи бахтсиз ҳодисаларни камайтиришга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Буни ҳокимият маълумотлари тасдиқлайди – «Сергек» жорий этилгандан сўнг Қозоғистон йўлларида ўлим даражаси 1,5 баравардан кўпроқ камайди, деб хабар беради Республика Саноат вазирлиги. Бюджетга йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун 50 миллиард тенге (100 миллион доллардан ортиқ) жарима келиб тушган.