Навоийнинг «Қизилқум» жамоаси икки нафар легионер ва сербиялик мураббий билан хайрлашди

Никола Лазаревич. sports.uz сайти фотосурати

«Қизилқум» (Навоий) футбол клуби бирданига 20 нафар ўйинчи, жумладан, икки нафар хорижлик футболчи, шунингдек, жамоа бош мураббийи, сербиялик мутахассис Никола Лазаревич билан шартномани янгиламади. Бу ҳақда Superliga Telegram-канали хабар берди.

Лазаревич ва унинг мураббийлар штаби билан хайрлашиш сабаблари аниқланмаган. Жамоа бош мураббийи лавозимига ким келиши ҳозирча номалум.

Шунингдек, россиялик ҳимоячи Олег Толмасов ва сербиялик ярим ҳимоячи Александр Станиславлевич жамоани тарк этишди. «Қизилқум» билан хайрлашган қолган ўйинчилар жамоанинг захира футболчилари эди.

«Қизилқум» ўтган мавсумда 2003 йилдан буён илк марта Суперлигада бешинчи ўринни эгаллади. Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси 15 марта чемпион бўлди. Наманганнинг «Навбаҳор» жамоаси кумуш, бронза медалини эса Қаршининг «Насаф» жамоаси қўлга киритди. Плей-оффда Яйпаннинг «Турон» жамоасига имкониятни бой берган Самарқанднинг «Динамо», «Қўқон» ва Тошкентнинг «Локомотив» жамоалари олий лигани тарк этишди. Келаси мавсумда Суперлигада «Андижон» ва «Бухоро» жамоалари ўйнайди.

Никола Лазаревич турли вақтларда Сербия ва Тожикистон ёшлар терма жамоаларида ишлаган, Душанбенинг «Истиқлол», «Хўжанд», Черногориянинг «Цетине», Ливиянинг «Ал-Наср», Саудиянинг «Ал-Таавун» жамоаларига устозлик қилган. У 2022 йили «Қизилқум»ни бошқарди.