«Ўзбекгидроэнерго» Тўполанг ГЭС тўғони бузилгани ҳақидаги хабарларни рад этди

Видеоёзувдан кадр

Тўполанг ГЭСи тўғонида ҳеч қандай муаммо йўқ, унинг ўмарилиб кетгани ҳақидаги хабарлар сохта. Бу ҳақда 22 июнь куни ижтимоий тармоқларда тарқалган Сурхондарё вилоятидаги Тўполанг сув омборига туташ ҳудудни сув босиши акс этган видеолавҳаларга жавобан «Ўзбекгидроэнерго» АЖ матбуот хизмати муносабат билдирди.

Ҳозирда станцияда ГЭСнинг иккинчи компонентини модернизация қилиш ишлари олиб борилмоқда. Синов ишлари давомида босимли қувур орқали 40 куб метр сув чиқарилди. Айни вақтда ГЭС биносидан сув оқиб кела бошлади.

«Айни пайтда ушбу носозлик тўлиқ бартараф этилди. Тўғон билан боғлиқ муаммо мавжуд эмас. Хавотирга ўрин йўқ!»— дейди «Ўзбекгидроэнерго» мутасаддилари.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги эрталаб соат 8:14 да сув омборида сув сатҳи кескин кўтарилгани ҳақида хабар берди. Режалаштирилган сув оқими секундига 70 куб метр бўлса, у 110 куб метргача кўтарилган. «Тўғон бузилмаган, сувни камайтириш бўйича ишлар олиб борилмоқда», — дея хулоса қилади Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

«Ўзбекгидроэнерго» АЖ матбуот хизматининг аниқлик киритишича, сув омборининг амалдаги ҳажми 378 миллион куб метрни, дренаж иншоотидан ўтаётган сув миқдори сониясига 120 куб метрни ташкил этади. Синов ишлари олиб борилаётган босимли сув қувури тўсини шикастланиб, қўшимча 40 кубометр атрофида сув миқдори ГЭС биноси орқали чиққан. Натижада умумий сув сарфи 160 кубометрга кўтарилган.

«Эътиборлиси, Тўполанг сув омбори тўғонида муаммо бўлмаган. Қайд этиш жоиз, сув ҳажми секундига 160 куб метрни ташкил этиши Тўполанг дарёси ўзанида (у секундига 600 куб метр сув олиш имкониятига эга) мутлақо хавфсиз бўлиб, қуйи оқимда жойлашган аҳоли ва корхоналар учун салбий оқибатларга олиб келмади. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Вазият тўлиқ назорат остида»,дея таъкидлайди «Ўзбекгидроэнерго» ходимлари.

Компания ўзбекистонликларни сохта хабарларга ишонмасликка, ваҳима қилмасликка чақирган.

Тўполанг ГЭСи Ўзбекистонда кичик гидроенергетикани ривожлантириш дастури доирасида қурилган иккинчи ГЭС ҳисобланади. Станциянинг биринчи навбати 2006 йилда ишга туширилган. ГЭС қуввати 30 МВт, режалаштирилган сув сарфи секундига 24 куб метрни ташкил этади. Йиллик ишлаб чиқариш 63,3 миллион кВт/соатни ташкил этади.

2017 йили ҳукумат Тўполанг ГЭСини модернизация қилишга қарор қилди. Умумий қуввати 145 мегаватт бўлган иккита блокга ҳар бирининг умумий қуввати 15 мегаватт бўлган яна иккита блок қўшилади. Тўполанг сув омбори тўғонининг баландлиги 20 метрга ошди, шундан сўнг унинг сиғими 380 миллиондан 500 миллион куб метрга етди. Бундан ташқари, бу ерда ҳар бирининг қуввати қарийб 38 МВт бўлган Зарчоб-1 ва Зарчоб-2 кичик ГЭСлари қурилмоқда. Шундай қилиб, умумий энергия ишлаб чиқариш қуввати 250 МВтгача оширилади.